Нанотехнология ривожланиб, интернет ҳар бир хонадонга кириб борди. Турли ижтимоий тармоқлар кишиларнинг кунлик мурожаат қиладиган, кузатадиган, фикрлашадиган, ҳатто баҳс-мунозара қиладиган майдонига айланиб улгурди. Бунда илмли ҳам, илмсиз ҳам, ақлига, оғзига (яъни ёзадиган қўлига) кучи етган-етмаган ҳар ким “топганини дастурхонга тўкиб” солмоқда. Афсус, улар орасида аҳли илм бўлган зотлар ҳақида турли калакалар, бўҳтон гаплар ҳам йўқ эмас. Чунки кейинги даврда катта маънавий устунлардан бири – ўзаро эҳтиромни бой бериб қўйдик. Натижада турли тарафкашликлар, дин ва диний соҳа хизматида ишловчилар ёинки одамларга бир илмни холис тарқатаман, деган илмли кишиларга бўлган муносабат борган сари хунук тус олмоқда. Ҳолбуки, қудсий ҳадисда бундай дейилган:
“Ким менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш очаман. Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ. Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда унга муҳаббат қилгунимча бардавом бўлур. Бас, Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитар қулоғи, кўрар кўзи, ушлар қўли ва юрар оёғи бўлурман. Ва у Мендан сўраса, албатта унга берурман. Мендан паноҳ сўраса, албатта унга паноҳ берурман” (Имом Бухорий ривояти).
Тарихга назар солсак, бир-бирига душман бўлганлар ҳам маълум доирада ўзаро ҳурматни сақлашган. Бунга мисоллар кўп. Мана улардан бири:
Фиръавннинг сеҳргарлари Мусо алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар экани, руҳиятларидаги илоҳий қудратни ҳис этиб:
– Эй Мусо, биринчи бўлиб Сиз асойингизни ташлайсизми ё биз ташлайлик? – дея сўрашди.
Шу зайл Ҳақнинг дўстига эҳтиром ва илтифот қилганлари учун Аллоҳ таоло уларга ҳидоятни насиб этди. Аммо бир пайғамбарга қарши мусобақа қилишга киришганлари учун жазога тортилишди. Яъни, улар Фиръавннинг амри билан қийноққа солиниб, сўнгра шаҳид этилди.
Шу куннинг ўзида пайғамбарга қарши чиқишдек куфрдан Фиръавнга тик боқиш ва итоат қилмасликдек қарама-қарши икки қутбни “кўрган” сеҳргарлар ниҳояда шундай бир имонга мушарраф бўлдики, Фиръавн уларга қанча зулм ва таҳдид қилмасин, боқий ҳаётни фонийсига алмаштирмадилар.
“(Фиръавн) айтди: «Мен изн бермай туриб, унга имон келтирдингизми?! Шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди (мен), албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ўшанда) қайсимизнинг (яъни менинг ёки Мусонинг худоси) азоби қаттиқроқ ва боқийроқ эканини билиб олурсиз». Улар дедилар: «Бизлар ўзимизга келган ҳужжатларни ва бизларни яратган зотни (Аллоҳни) қўйиб, сира сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер! Сен фақат шу дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) кечириши учун Раббимизга имон келтирдик. Аллоҳ (нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) боқийроқдир»” (Тоҳо сураси 71-73-оятлар).
Яна бир ояти каримада бундай келади:
“Улар дедилар: «Зарари йўқ. Зеро, биз Раббимизга қайтувчидирмиз” (Шуаро сураси 50-оят).
Фиръавн уларни азобларкан, улар имонларини бой бериб қўйишдан қўрқиб, Аллоҳга бундай дуо қилиб ёлворишар эди:
“Эй Раббимиз! Устимизга сабр (ёмғирини) ёғдир ва бизни мусулмонлик ҳолимизда вафот эттир!” (Аъроф сураси 126-оят).
Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу юқоридаги ҳодисани бундай таҳлил қилган: “Малъун ва золим Фиръавн сеҳргарлар имон келтиргани учун ғазабланиб, уларга азобли ўлим билан таҳдид қилиб:
– Қўлингиз ва оёғингизни қарама-қаршисига кестириб, сўнг остираман, – деди.
“Қасамки, (бир) қўлларингиз ва (бир) оёқларингизни тескаричасига кесдириб ташлайман[1], сўнгра ҳаммангизни (дорга) осиб юбораман!” (Аъроф сураси 124-оят).
Ўшанда Фиръавн сеҳргарлар қўрқиб, титраб ўзига итоат қилиб қолишларини кутган эди. Аммо у кўрдики, сеҳргарлар қўрқув ва хавотирдан қутулиб, илоҳий сир ва ҳақиқатлардан воқиф бўлишибди. Энди улар ҳавончада юз марта тугилиб, тегирмонда янчилиб ун ҳолига келтирилсалар ҳам йўлларидан қайтмайди. Чунки улар сояларини ўзларидан айира олиш ирфони ва басиратига ноил бўлишганди”.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилиб кўрайлик. Ўзаро муомала-муносабатларда биз қандай йўл тутамиз. Мабодо имонимиз синаладиган қийинчиликларга дуч келсак ҳолимиз не кечади? Аллоҳ таоло пайғамбарларидан бири – Мусо алайҳиссаломга эҳтиром сақлагани учунгина умри сеҳргарлик билан ўтган кишиларни мустаҳкам имон неъмати билан сийлади. Биз – ўзини икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат санаганлар шундай имонга лойиқ бўлиш учун улуғларимизни қай даражада эъзозлаяпмиз? Динимизда ҳеч бир амал кичик, арзимас саналмайди. Шундай экан, халқона айтганда ҳар кўрганни Ҳизр билиб, “онлайн ё офлайн” бўлсин, ўзаро ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бефарқ бўлмайлик.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
тайёрлади
[1] Яъни ўнг қўл билан чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ. Шу тарзда кесилганда одам роса тўмтоқ бўлиб қолишини билган. Лекин Фиръавн сеҳргарларга шу жазони берган ёки бермагани аниқ эмас.