Мақолалар

Исломдаги тўртинчи мусулмон

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Танбеҳул ғофилин” асарида бундай ривоят келади:

Фақиҳ Абу Жаъфар, Абу Яқуб Исҳоқ ибн Абдураҳмон ал-Корий, Абул Аббос ал-Фазл ибн Ҳакам ан-Найсабурий, Язид ибн Абдуллоҳ. Икрима ибн Аммор, Шаддод ибн Абдуллоҳ Дамашқий санадлари ила:

Абу Умома Бохилий айтади: “Амр ибн Анбасадан:

– Сени нега “Исломдаги тўртинчи мусулмон” дейишади? – деб сўрадим. У бундай деб жавоб берди:

– Мен одамлар залолатда эканини кўрар, бутлар ҳеч нарса эмаслигини билардим. Сўнгра Маккада бир одамнинг хабарини эшитдим. Минагимга[1] миниб Маккага келдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қавми ураб турибди. Ёнларига бордим ва:

– Сиз кимсиз? – дедим.

– Пайғамбарман, – дедилар.

– Пайғамбар нима дегани?

– Аллоҳнинг элчиси, дегани.

– Сизни Аллоҳ юбордими?

– Ҳа.

– Нима учун юборди?

– Аллоҳнинг биру борлигини билдириб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, бутларни йўқ қилиш ва силаи раҳм қилиш учун юборди.

– Бу ишда ёнингизда кимлар бор?

– Бир ҳур ва бир қул.

Қарасам, ёнларида ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Билол бор экан.

– Сизга тобе бўлайинми? – дедим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Бугун бунга тайёр эмассан. Ҳозирча оилангга қайт. Менинг майдонга чиққанимни эшитсанг келиб ёнимга қўшиласан, – дедилар. Мен мусулмон бўлиб оиламга қайтдим.

Амр ибн Анбаса сўзида давом этди:

– Ўша кун туфайли ўзимни тўртинчи мусулмон деб санадим. Билишимча, ўшанда мусулмонлардан тўрт киши бўлган эдик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилдилар. Мен яна минагимга миниб Мадинага келдим. Ҳузурларига кириб:

– Ё Расулуллоҳ, мени танияпсизми? – деб сўрадим. У зот:

– Ҳа, менинг ёнимга Маккада келган эдинг, – дедилар...” (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Бу ривоятдан Амр ибн Анбаса, гарчи Мадинага келганидан сўнг таҳоратдан бошлаб Ислом арконларини ўрганган бўлса-да, Маккадаги илк даврда имон келтирган тўртинчи мусулмон экани маълум бўлади.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

тайёрлади

 

[1] Минак – минадиган нарса, маркаб, улов. У даврда эшак, хачир, от, туялар минак бўлган.

Read 2845 times

Мақолалар

Top