Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси очилиш маросимидаги нутқи

Ҳурматли конференция қатнашчилари! Хонимлар ва жаноблар!

Сиз, азизларни Тошкент шаҳрида Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган Бутунжаҳон конференциясининг очилиши билан чин қалбимдан табриклайман.

Халқаро анжуманда иштирок этаётган юқори мартабали меҳмонларимизга, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатлар вазирлари ва масъул вакилларига ўзимнинг самимий ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Ўзбекистон заминига хуш келибсиз, қадрли меҳмонлар!

Ҳурматли дўстлар!

Халқаро конференциянинг очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хонимнинг шахсан иштирок этаётгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.

Сўнгги йилларда ЮНЕСКО билан таълим, фан, маданий мерос, ахборот ва коммуникация соҳаларида ҳамкорлигимиз жадал ривожланиб бормоқда.

Жумладан, мазкур ташкилот кўмагида юртимиздаги бутунжаҳон маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, қадимий Буюк Ипак йўлида мавжуд бўлган маданий алоқаларни қайта тиклаш, таълим тизими сифатини ошириш ва баркамол авлодни тарбиялаш, Ўзбекистонда ёшларнинг меҳнат кўникмаларини ривожлантириш бўйича қатор муҳим дастур ва лойиҳалар самарали амалга ошириб келинмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Азуле хонимга ва барча чет эллик ҳамкорларимизга бу муҳим ва шарафли ишга қўшаётган ҳиссалари учун ташаккур изҳор этаман.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Ҳозирги вақтда дунё миқёсида кичик ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.

Кўплаб мамлакатларда қарийб 200 миллион бола мактабгача таълим билан қамраб олинмагани натижасида уларнинг бошланғич билим олиш имкониятлари чекланмоқда.

Ўз навбатида, кейинги бир неча йил давомида коронавирус пандемияси таълим соҳасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатгани сир эмас.

Мана шундай синовлар даврида барча давлатларнинг яқин ҳамкорликни янада чуқурлаштириши, халқларимиз ўзаро бирлашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиши нақадар муҳимлигини яққол кўрсатмоқда.

Шу маънода, бугунги анжуманимиз ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналиши ҳисобланган болалар таълими масаласида барчамиз бир бўлиб, янги ёндашувлар ва ечимлар ишлаб чиқишимизга хизмат қилади, деб ишонаман.

Азиз дўстлар!

Биз “инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият”, деган тамойилдан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратишни Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилаганмиз.

Бу борада, авваламбор, ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

Болаларни кичик ёшдан бошлаб ривожлантириш, уларнинг ўқиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш орқали келажакда ёшларнинг ўзлигини тўла намоён этишига мустаҳкам замин яратаяпмиз.

Зеро, бу каби эзгу мақсадимиз йўлида сарфланган инвестициялар эртага бир неча баробар ортиғи билан қайтишига шубҳа йўқ.

Шу билан бирга, бола шахсиятининг асоси айнан мактабгача таълим ёшида шаклланиши, бу даврда унинг интеллектуал ва жисмоний камолоти учун пойдевор яратилиши ҳаммамизга яхши маълум.

Ҳозирги пайтда юртимизда 3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор.

Ҳеч шубҳасиз, улар бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз бунёдкорларидир.

Шуни ҳам айтиш жоизки, юртимизда яқин ўтмишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди.

Деярли барча мактабгача таълим ташкилотларда замонавий технологиялар ва қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб эди.

Бу эса болаларимизни тўлақонли сифатли таълим ва тарбия олишини чеклаган.

Ҳолбуки, фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Биз ислоҳотларнинг биринчи кунлариданоқ мавжуд таълим соҳасини, хусусан, мактабгача таълимни тубдан модернизация қилишга қарор қилдик.

Шу мақсадда, юртимиз тарихида илк бор алоҳида Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик.

Боғчаларни замон талабларига мос равишда янги босқичга кўтариш, илғор тарбия услублари ва методикаларини кенг қўллаш, ўқув-моддий базасини кучайтиришга катта эътибор қаратмоқдамиз.

Соҳани кенг ривожлантириш учун хусусий сектор кириб келишига ҳам қулай шарт-шароитлар яратиб бердик.

Боғчаларда ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар берила бошланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди.

Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шунингдек, педагог кадрларнинг малакасини тизимли ошириб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилди.

Ушбу чоралар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сонини 600 мингдан 2 миллионга етказилиб, қамров кўлами 70 фоизга чиқди.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

“Таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди”, деган ҳикматли ибора сизларга яхши таниш.

Шу сабабли биз Ўзбекистонда олиб бораётган демократик ислоҳотларимиз жараёнида таълим тизимини замонавий талаблар даражасига кўтаришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.

Жумладан, ҳозирги вақтда мамлакатимизда 10 мингдан ортиқ ўрта таълим мактаблари фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда олий ўқув муассасалари сони қарийб 2,5 баробар кўпайиб, 186 тага етди. Уларнинг 31 таси дунёдаги етакчи университет ва институтларнинг филиалларидир.

Олийгоҳларга қабул квотаси 3,5 баробарга ортганини, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 38 фоизгача ошганини қайд этиш лозим.

Сизларга яхши маълумки, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган мамлакатимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келади.

Диёримиздан етишиб чиққан атоқли алломалар, алгебра фани ва алгоритм тушунчасига асос солган Ал-Хоразмий, минералогия фанининг тамал тошини қўйган Ал-Беруний, дунёда Авиценна номи билан танилган машҳур тиббиёт олими Ибн Сино, бир минг ўн саккизта юлдузнинг координатларини ва ҳаракатини аниқ белгилаб берган буюк астроном Мирзо Улуғбек, Нил дарёсининг сатҳини ўлчовчи ноёб ускуна яратган аллома Аҳмад Фарғоний каби улуғ аждодларимиз ўзларининг бебаҳо асарлари, илмий ва ижодий кашфиётлари билан ўрта асрлардаги биринчи ва иккинчи шарқ ренессанси ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Бу ҳақда сўз борар экан, ўтмишда Бухорода 300 дан ортиқ, Самарқандда эса 120 га яқин ўз даврининг университетлари бўлган мадрасалар фаолият кўрсатганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Азал-азалдан бизнинг юртимизда таълим билан бирга тарбия масаласига беқиёс аҳамият бериб келинади.

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳар томонлама уйғун ривожланган, юксак билим ва маънавият соҳиби бўлган комил инсон ғоясини илгари сургани сизларга яхши маълум.

ХХ аср бошида фаолият кўрсатган улуғ маърифатпарвар, атоқли адиб ва педагог Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари биз учун бугунги кунда ҳам муҳим дастур бўлиб хизмат қилмоқда.

Биз юртимизда учинчи ренессансни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.

Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз.

Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.

Бу борада биз ўзимизнинг миллий тажрибамиз ва жаҳондаги илғор ютуқларини уйғунлаштирган ҳолда фаолият олиб борамиз.

Барчамизга аёнки, таълим ва тарбия бор жойда албатта илм, албатта маданият ва тараққиёт бўлади.

Таълим ва тарбия ривожланган жамиятда радикализм ва экстремизм кайфиятлари ҳеч қачон илдиз отолмайди.

Биз келгусида ҳам бу йўлда бошлаган ишларимизни изчил давом эттириб, 2025 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш учун барча зарур чораларни амалга оширамиз.

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган кўрсаткичларга эришиш доирасида 2025 йилга қадар 6 ёшли болаларнинг 100 фоизини мактабга тайёргарлик дастури билан қамраб олишни мақсад қилиб олганмиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Анжуманимизда жаҳоннинг 150 мамлакатидан вакиллар ташриф буюргани бугунги кунда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш глобал даражада долзарб аҳамиятга эга эканидан яққол далолат беради.

Ишончим комил, мазкур конференция бутун дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва шу орқали ёш болаларга сифатли таълим бериш йўлида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги имкониятлар яратади.

Шулардан келиб чиқиб, биз қуйидаги муҳим таклифларни илгари суришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, шиддатли дунёда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган давримизда энг заиф қатлам бўлган мактабгача ёшдаги болалар ҳам жиддий азият чекмоқда.

Шу сабабли, кичик ёшдаги болалар учун сифатли таълим бериш муаммоларини глобал даражада самарали ҳал қилиш, бу масалаларга биргаликда тезкор ечимлар ва тизимли ёндашувларни ишлаб чиқиш жуда долзарбдир.

Буни инобатга олиб, мазкур халқаро конференцияни мунтазам равишда ўтказиб боришни таклиф этамиз.

Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлган таълим бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни тизимли мувофиқлаштириш мақсадида Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусимизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман.

Шунингдек, Кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотларни олиб бориш, тарбиянинг янгича услубларини ва методик қўлланмаларни тайёрлаш учун кенг қамровли дастурни ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Шу билан бирга, мазкур йўналишда жаҳонда тўпланган илғор тажрибалар, замонавий интерактив ўқитиш услублари, амалий билим ва кўникмалар билан ўзаро алмашиш мақсадида тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.

Учинчидан, 2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўтказиладиган келажак саммитининг умумий кун тартибидаги асосий мавзулардан бири сифатида, кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш масаласини киритиш ҳамда унга алоҳида сессияни бағишлаш муҳимдир.

Бугунги конференция якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг болалар тарбияси масалалари умумбашарий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани тўғрисида махсус резолюциясини қабул қилиш айни муддао бўлар эди.

Ушбу ҳужжатда ота-оналарни болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши, маънавий ва жисмоний баркамоллигини таъминлашдаги ролини, уларнинг қобилият ва салоҳиятларини тўлиқ намоён этиш борасидаги масъулиятини янада ошириш каби масалалар ўз ифодасини топиши лозим.

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Бугунги конференция қизғин мунозара ва ўзаро фикр алмашувлар руҳида ўтишига, унда янги ғоя ва ташаббуслар, аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилишига ишонаман.

Анжуман якунлари бўйича қабул қилинадиган Тошкент декларацияси келгусида ушбу йўналишда биз биргаликда амалга оширадиган саъй-ҳаракатларимиз учун асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам саломатлик ва омадлар, анжуман ишига эса улкан муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Read 3072 times

Мақолалар

Top