Мақолалар

Aбадий ҳаётни унутиш (8 қисм)

Нафснинг яна бир оғир касаллиги – абадий ҳаётга бепарволик. Инсон токи нафсининг ёмонликларидан халос бўлмагунча ҳақиқий ҳаёт бўлган – охиратни ўйлашдан узоқлашаверади. Банда дунёвий нарсаларга бўлган муҳаббатни йўқотмаса, абадий ҳаёт лаззатларини ҳис қила олмайди.

Эй Aллоҳга иймон келтирган банда! Қалбингдан Aллоҳдан бошқа барча нарсага бўлган муҳаббатни чиқариб ташламагунингча бу ҳаётда Аллоҳ билан ором топа олмайсиз.

Яҳё ибн Муъоз ар-Розий раҳимаҳуллоҳ бежиз айтмаган: “Ким ўзини унутган ҳолда (нафсини ўлдирган ҳолда) Aллоҳга яқинлашса, Aллоҳ таоло уни нафсининг ёмонликларидан сақлайди".

Инсон Роббига яқинлашиши учун нафсини гуноҳ ишлардан сақламоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат инсонга ёқмайдиган амаллар, дўзах эса шаҳватлар билан ўралган”, деганлар (Имом Доримий, Имом Термизий ривояти).

 

Муолажа услуби

Инсон бу нафс касаллигидан халос бўлиш учун – кўпроқ рўза тутиши, уйқу соатларини қисқартириши, нафси қаттиқ истаб турган амаллардан тийилиши ва нафси ёмон кўрган ишларни бажариши лозим.

Муҳаммад ибн Иброҳимдан Яҳё ибн Муъоз ар-Розий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини эшитдим. Унга Муҳаммад ибн Румий айтган экан: “Очлик Aллоҳ таолонинг марҳамати, у орқали танлаган бандаларининг жасади қувватланади”.

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамларга бундай насиҳат қилардилар: “Ҳисобга тортилишингиздан аввал нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва Қиёмат кунига тайёргарлик кўринг. Қиёмат кунидаги ҳисоб фақат дунёда ўзини тергаб турган кишиларгагина енгил бўлади”.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу агар кеч кирса, икки оёқларига қамчи билан уриб, ўзларига: “Бугун Аллоҳ учун нима иш бажардинг?” дер эдилар.

Яна Aбу Мусо ал-Aшъарий раҳимаҳуллоҳ мактубларидан бирида: “Токи омонликда экансиз Қиёмат кунигача ўзингиздан ҳисоб талаб қилинг”, деб ёзганлари ривоят қилинади.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1841 times

Мақолалар

Top