Мақолалар

Элу юрт манфаатига хизмат қилаётган мустаҳкам дўстлик

Тарихан Ўзбекистон ва Саудия Арабистони муносабатлари муштарак ва мустаҳкам ҳамкорлик асосларига қурилган.

XIV асрки, аждодларимиз қадим Мовароуннаҳр диёридан икки муқаддас шаҳар – Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага бориб, ҳаж ва умра амалларини адо этиб келмоқдалар. Албатта, бу муборак заминдаги Аллоҳнинг уйи – Каъбаи муаззама, Арафот, Мино ва Муздалифа водийлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаи саодатлари ва қабрлари, буюк саҳобалар дафн этилган Бақиъ маскани, Қиблатайн ва Қубо масжидлари, Уҳуд тоғи каби табаррук жойларни зиёрат қилиш ҳар мўмин-мусулмоннинг орзусидир.

Ўтмишда Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий каби кўплаб алломларимиз ҳам Маккаи мукаррама зиёратида бўлиб, илм ўрганлар ва ўзлари ҳам толибларга билим берганлар. Шу зайилда асрлар оша икки ҳудуд ўртасида илмий, диний, ижтимоий, иқтисодий ҳамкорликлар кенг йўлга қўйилган.

Ўтган асрда маълум бир вақт икки ўртадаги алоқалар узилиб қолди. Бироқ халқимизнинг бу заминга бўлган меҳри ҳеч қачон сўнмади. Истиқлолнинг дастлабки йилида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини 1991 йил 30 декабрида биринчилар қаторида эътироф этди. 1992 йилнинг феврал ойида элчихоналар даражасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш тўғрисида протокол имзоланди ва Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти 1992 йил апрелда Подшоҳлигига илк расмий ташрифни амалга оширди. Шу вақт мобайнида икки мамлакатлар ўртасида бир қатор йўналишларда ҳамкорликлар мустаҳкамланиб борди.

Ушбу алоқаларнинг янги тараққиёти эса 2017 йилга келиб янада жадаллаша бошлади. Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол-Сауд ҳазрати олийларининг таклифига биноан 2017 йил 20-21 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига ташриф буюрди ҳамда араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.

2021 йилнинг 14-17 июль кунлари Подшоҳликнинг Ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фарҳоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи амалга оширилди. Унда шаҳзода Файсал Тошкентда ташкил этилган халқаро конференцияда иштирок этди ва Президент томонидан қабул қилиниб, бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, илмий тадқиқот йўналишида ҳам бир қатор ҳамкорликлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил 15-22 декабрь кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси Ар-Риёддаги Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз номидаги араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази, Подшоҳ Абдулазиз номидаги илмий мулоқот маркази, Тадқиқот ва таълим муносабаталари маркази, Ислом, вақф ва даъват ишлари вазирлиги, Жидда шаҳридаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки каби ташкилотларга ташриф буюрди.

Ушбу алоқаларнинг энг юқори нуқтаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-18 август кунлари икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи саналади. Мазкур ташриф доирасида кўплаб масалалар муҳокама этилиб, икки томонлама манфаатли ҳужжатлар имзоланди. Булар умумий ҳисобда 14 млрд. АҚШ долларни ташкил этади. Қолаверса, ушбу сафар чоғида барча йўналишлар қатори илм-фан, маданият, диний соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам бир қатор келишувларга эришилди. Энг муҳими, ушбу ташриф доирасида икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик, биродарлик тамойилига асосланган алоқалар кўлами янада кенгайди.

Хусусан, 27-30  сентябрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб, икки томонлама манфаатли келишувларга эришди.

 

Диний-маърифий соҳадаги самарали ҳамкорлик

Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Саудия ўртасидаги диний-маърифий соҳани ривожлантиришга қаратилган эътибор ўз самарасини бериб, динимиз ва мамлакатларимизнинг ҳам ривожига туртки бераётир.

Хусусан, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Симпозиумлар саройи”да Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари иштирокида ўзаро мулоқот бўлиб ўтди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар, илмий-маърифий ва туризм каби соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилгани бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ва кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш имконини тақдим этди.

Бунга қадар ҳам мазкур йўналишдан самарали ишлар қилинганини ҳам алоҳида қайд этиш даркор. Бунга 2018 йилда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Саудия Арабистонининг Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолангани ва шу йил июль ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Саудия Арабистонининг “Сунна ва набавий” маркази ўртасида илмий ҳамкорликка оид Меморандум имзоланганини келтириш мумкин.

Агар эътибор қаратилса, бундай ўзаро мулоқот майдонлари йил сайин ортиб борган ва кўплаб самаралр учрашувлар ташкил этилганини гувоҳи бўламиз. 2019 йил 15-22 декабрь кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси Ар-Риёддаги Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз номидаги араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази, Подшоҳ Абдулазиз номидаги илмий мулоқот маркази, Тадқиқот ва таълим муносабаталари маркази, Ислом, вақф ва даъват ишлари вазирлиги, Жидда шаҳридаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки каби ташкилотларга ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қанча мулоқотлар қилинган эди.

Шунингдек, 2021 йилда 23 январь куни Бухоро шаҳрида иш бошлаган Ўзбекистон-Саудия бизнес форуми доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Қирол Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди. Унда икки томонлама илмий-маърифий йўналишда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга келишиб олинди.

2021 йил 21 декабрь ҳамда 2022 йил 7 март кунлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда диний-маърифий соҳада икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ҳамда “Нигоҳ – 2030” стратегияси доирасида ўзбекистонлик ҳожиларнинг Подшоҳликка сафарини янада такомиллаштириш (чегара, божхона хизматлари, биометрик маълумотларни электрон шакллантиришдаги қўшимча қулайликларни жорий этиш) масалалари муҳокама қилиниб, муҳим келишувларга эришилган эди.

Хусусан,  2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил ҳаж мавсумида зиёратчилар сони 5 000дан 7 000 нафарга оширилган бўлса, бу йилги “Ҳаж-2022” тадбирида 12 000 нафар зиёратчи ҳаж ибодатини бажариб қайтди. Жорий йилнинг 22 январдан 25 майга қадар 36 859 нафар Ўзбекистон фуқоролари умра амалларини адо этишди.

Яратганга шукрлар бўлсинки, жорий йилнинг 22 сентябридан бошлаб зиёратчиларимизни умра амалини бажариш учун Саудия Арабистонига юборишни бошлади. Йил якунига қадар 26610 нафар зиёратчилар Саудия Арабистонига жўнатилиши режалаштирилган.

Бу борадаги ишлар кўламмини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг йил 19 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари мазкур вазирлик қароргоҳига ташриф буюрдилар.

У ерда Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа жаноблари ҳамда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан ўзаро мулоқот бўлиб ўтган эди. Учрашувда томонлар ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш сифатини ошириш, диний-маърифий, илмий-тадқиқот ва зиёрат туризм соҳасидаги алоқаларни янада яхшилаш бўйича фикр алмашишди.

         Қисқасини айтганда, икки давлат расмийларининг ўзаро мулоқотларининг ортиши ва ҳар томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани давлатларимиз, халқимиз ва динимиз манфаатига хизмат қилмоқда. Бундай эзгу мақсад йўлидаги ҳамкорликлар абадий давом этажак, иншааллоҳ.

Read 1169 times

Мақолалар

Top