Мақолалар

Қомусимиз – фахримиз!

Янги Ўзбекистонда диний эътиқодлар ҳамда маданий-маънавий омилларнинг умумий силсиласига кирувчи, тенг ҳуқуқли қадрият сифатида тан олинди ва тўла эркинлик берилди. Хусусан, диний ташкилотларга қонун доирасида очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатиш имконияти яратилди.

Юртимиз аҳолисининг асосий қисми ислом динига, бошқа миллат вакиллари эса ўзларининг динларига эмин-эркин эътиқод қилмоқда. Диний эмин-эркинлик ҳақида сўз юритар эканмиз ҳозирда юртимизда 15 дан ортиқ диний конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида яшамоқдалар. Улар ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамжиҳат фаолият юритмоқдалар.

Ер куррасида фахрли ўринни олган суверен демократик янги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг 30 йиллиги мамлакатимиз узра кириб келмоқда. Бу муқаддас анъанавий кун она диёримизда байрам сифатида кенг нишонланиши халқимизнинг асл муддаосидир.

Қомусимизда халқимиз руҳига мос келадиган меҳр-оқибат, ор-номус, адлу инсоф, диёнат, имон-эътиқод, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги, иффат, ҳаё, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, фуқароларнинг бурчлари каби энг эзгу ижтимоий мавзуларнинг мужассам бўлгани  сабабли у мамлакатимиз равнақига ўз хиссасини қўшмоқда.

Биламизки, минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир томонида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Шунга кўра азалдан аждодлардан мерос бўлиб келаётган ота-она ва фарзандлар муносабати инсоний фазилатлар сифатида оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келинган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган. Бу эса Конституциянинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб оилага алоҳида тўхталиб ўтилган.

Айтишимиз мумкинки, кўпмиллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қуйидаги: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий  мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”. (18-модда) дейилган жумлаларда ўз ифодасини топган.

Эътибор берсак, мазкур моддада диний эътиқод ҳамда миллий ҳаётга, фуқароларнинг миллий ҳис-туйғуларига дахлдор муҳим аҳамиятга эга қатор тамойиллар белгилаб қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, жаннатмакон юртимизда, сўнгги йилларда аҳолининг диний қадриятларга эътиборининг ортиши тарихий-анъанавий маданиятни тиклашда муҳим омиллардан бирига айланган. Юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, миллий ва диний ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканмиз, ислом динига, унинг қадриятларига бўлган муносабат нечоғли ривожланиб бораётганига шукроналар келтирамиз.

Яхши биламизки, мустақиллик йилларида юртимизда ислом дини равнақи ва тараққиёти йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги, шу кунларда қабул қилинганлигини кенг нишонланиш арафасида турган Асосий бош Қомусимизда кафолатланиб қўйилган. Бу Конституциямизнинг “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда). деган иборалар билан ўз аксини топган.

Мамнуният билан айта оламизки, Қонунимизда халқимизни барчаси учун хизмат қилиш белгилаб берилган. Унда айнан меҳр-шафқат кўриниши қуйидаги 45-моддада ўз ифодасини топган:  “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”.

Бир сўз билан айтганда Юртимизда кафолатлаб қўйилган дину-диёнат эркинлиги, инсоний ғамхўрликларни, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, тинчлик-осойишталикни илоҳий марҳамат ва улуғ неъмат деб қабул қилиб, улар учун шукроналар келтиришимиз айни мусулмончилик бурчимиздир. Зеро, бу билан Аллоҳнинг “Шукр этсаларингиз, албатта зиёда этаман” деган чақириғига мувофиқ бўламиз.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Read 1073 times

Мақолалар

Top