Мақолалар

Одам алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида билганми?

Одам (алайҳиссалом) бошларини чангаллаганча, кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлиб кўчиб юрардилар. Буни кўрган фаришталар раҳмлари келиб, ёрдам бериш учун Аллоҳга дуо қилишди.

Баъзи фаришталар Одам (алайҳиссалом)га Аллоҳ ато этган иноятларни эслатиб, Одам Атони ўз ваъдасида тура олмаганини айтиб танқид қилишди. Одам Ато эса: “Бу Аллоҳнинг қазо-қадари”, дея олдилар холос. Шунда Аллоҳ фаришталарга бир сафга тизилишни буюрди ҳамда Одам Атога юзланиб бундай деди: “Агар менга тавба қилмасалар, ҳеч кимни кечирмайман. Мен сени энг яхши суратда яратдим, сенга Ўз руҳимдан пуфладим ва фаришталар сенга сажда қилишди. Сенга дўст ва йўлдош сифатида Ҳаввони яратдим. Сенга барча нарсаларнинг исмини ўргатдим ва фаришталарга бошлиқ қилиб тайинладим. Лекин сен ўз ваъдангни унутиб, шайтоннинг изидан юрдинг”.

Одам Ато (алайҳиссалом): “Роббим, бу барча иноятларни менга Сен ато этдинг. Мен етарли даражада шукроналик қилишга кучим етмайди. Мени ўз раҳматинг ила кечиргин. Бутун борлиқни унинг учун яратганинг Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳаққи-ҳурмати кечиргин” - дедилар. Буюк ва Қудратли Аллоҳ сўради: “Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақида сен қаердан биласан?” Одам (алайҳиссалом): “Мен жаннатга кира туриб, сенинг исминг қаршисидаги

 لا إله إلا الله محمد رسول الله

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир”, деган ёзувни кўрдим. Ва яна унинг исмини Лавҳул-Маҳфузда ва Аршда кўрдим. Билдимки, сен учун ундан азизроқ инсон йўқ экан”, деб жавоб бердилар.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло айтди: “Эй, Одам! Мен сенга масжидларни уй қилиб бердим, таомларни сенга ҳалол қилдим, сен учун ерда дарёларни оқизиб қўйдим. Таомлан, сувдан ич ва Мени эсла”.

Одам (алайҳиссалом) айтдилар: “Аллоҳ! Яхшиликларингни зиёда қил!”.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло айтди: “Сенинг тавбангни қабул қилдим”.

Одам (алайҳиссалом) айтдилар: “Роббим! Яна зиёда қил!”.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтди: “Мен сени ва авлодларингни мағфират қилдим”.

Шунда Одам (алайҳиссалом) айтдилар: “Роббим! Энди иноятларинг тўлиқ бўлди”.

 

Шайх Саъдий Шерозийнинг “Анвар ал-ошиқийн” китобидан.

Мақсуд КАРИМОВ

тайёрлади.

Read 13884 times

Мақолалар

Top