Мақолалар

Кечаси кўча санғишнинг зарарлари

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида эди, бирорта ҳам отлиқ тунда ёлғиз юрмасди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам кечаси ёлғиз юришдан қайтармоқдалар. Чунки унинг бир қанча зарарлари бор, аммо одамлар уларнинг ҳаммасини ҳам англаб етмайдилар. Шу сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар билмаган ёмонликларни билганлари учун ундан огоҳлантирмоқдалар.

Бугунги кунда ота-она назорати ва эътиборисиз қолган жуда кўплаб ёшларнинг ушбу ҳадисга амал қилмай, кечаси билан кўчаларда, кафе-бар, интернет клубларда санғиб юришлари, тонгга қадар вақтларини беҳуда ва бекорчи ишларга сарфлашлари кузатилмоқда.

Энг хавфли ва аянчли жиҳати – ярим тунда бундай кўча дайдишларнинг охир-оқибати турли жиноятлар, қотилликлар, муштушзўрликлар билан якун топмоқда. Қолаверса, турли руҳий касалликларга дучор бўлганларнинг аксарияти айнан бемаҳалда кўчада санғиб юрганлар ташкил этишини унутмаслик керак.

Шунингдек, тунни бекорчилик билан ўтказиш инсон саломатлиги учун ҳам жиддий зарар эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Буюк Британия олимларининг 90 мингга яқин кўнгилли қатнашган, олти йил давом этган тақдиқотлари натижасига кўра соат 2200 дан 2300 гача бўлган вақт оралиғида уйқуга ётиш юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтириши аниқланган (European Heart Journal – Digital Health, Volume 2, Issue 4, December 2021, Pages 658–666).

Демак, шариат кўрсатмасига амал қилган банда дунё ва охирати учун фойдали бўлган амалларга яқин, нохуш ва зарарли ҳолатлардан эса узоқ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини топадиган солиҳ амалларда бардавом қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1416 times

Мақолалар

Top