Мақолалар

Умр – азиз ва бебаҳо неъмат

«Умрингдан ўтганининг эвази йўқдир.Ундан сен учун ҳосил бўлган нарсанинг баҳоси йўқдир».

                   Ибн Атоуллоҳ Сакандарий

      Умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир-оқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. Инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши керак?, – деган саволлар туғилиши табиийдир. Ушбу саволларга жавобан Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг «Мулк» сурасида бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир».

     Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади. Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди.

       Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир», деган эканлар. Умр неъмати қанчалик аҳамиятли эканини англаб етиш учун билиб қўйишимиз керакки, Расули Акрам алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида охират бўлиб, қиёмат қоим бўлганида бандадан энг аввал сўроқ-савол қилинадиган нарсаларнинг ичида умр неъмати бордир.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза ва жалланинг ҳузуридан то У Зот ундан беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю, нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида”».Термизий ва Табароний ривоят қилишган.

    Демак, қиёматда бандадан, албатта, умри ҳақида сўралади. Умри ҳақида сўралганда, уни нимага сарфлагани ҳақида сўралади. Бинобарин, сиз билан биз қиёмат куни бу азиз умримизнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралишимиз ҳақдир. Бу савол-жавобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Умрнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралар эканмизми, демак, яшаб ўтган ҳар лаҳзамизнинг жавобини беришимиз лозим. Жавобимиз тўғри чиқиши учун эса бу неъматнинг қадрини билишимиз ва шукрини адо этишимиз керак.

      Ушбу сўзлар ҳам умматга насиҳатлар жумласидандир: «Киши умридан бир соатини ўзи яратилган мақсаддан бошқа нарсага сарфласа, узундан узоқ ҳасрат қилаверсин».

   Инсон дунёга келар экан фақатгина бир бора бериладиган ва ортга асло қайтмайдиган умрини гўзал, мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки, ўтиб кетган ҳеч бир вақтимизни қайтадан топа олмаймиз. Худди, Ҳусрав Деҳлавий айтганларидек:

Ўтиб кетган йилингдан топ-чи бир кун,
Бугун қайтиб келурми кечаги кун !?

 

Умр инсон зотига берилган энг азиз ва қимматбаҳо неъмат эканини унутмайлик. Умрни исроф қилиб, гуноҳга ботмайлик. Бу неъматни бу дунёмиз ва охиратимиз фойдасига сарфлайлик.

 

Одилжон   Нарзуллаев

Янгийўл туманидаги

‘’Имом султон’’ жоме

масжиди имом хатиби

Read 1902 times

Мақолалар

Top