Мақолалар

Улуғларни тарбиялаган маскан  (“Мадрасаи Мир” масжиди)

“Мадрасаи Мир” масжид ва мадрасаси 1799 йилда қуриб битказилган. Ушбу обида Қўқон хонлигининг энг адолатли ва узоқ муддат ҳукм сурган хонларидан ҳисобланган Норбўтабек томонидан қурдирилган бўлиб, у 1924 йилгача фаолият кўрсатган.

1919 йилда мадраса ҳали фаолият кўрсатиб турган пайтда унинг катта қисмини қизил аскарлар ўз ихтиёрига олиниб, ётоқхонаси (казарма)га, айрим хоналар отхонага айлантирилган.

Мадраса бутунлай ёпилгач, унинг биносига аскарларнинг оилалари, кейинроқ эса иттифоқнинг турли жойларидан кўчириб келтирилган ҳар хил миллатли оилалар жойлаштирилган.

1943 йилда диний эътиқодга бироз йўл очилиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси таъсис этилгач, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида ҳам биттадан очилишига рухсат этилган масжидлар сафида “Мадрасаи Мир” ҳам бор эди. Ўшанда ҳам мадраса иншоотининг бир қисми – масжид хонақоси, катта дарсхона ва ташқаридаги хоналар масжид ихтиёрига берилди.

“Мадрасаи Мир” масжиди истиқлолнинг илк йиллариданоқ таъмирланиб, ўзгача маҳобат ва тароват билан кўзга ташлана бошлади.

Ҳозирда ҳукумат ташаббуси билан бу каби жойлар обод қилинмоқда-ки, ҳар бир ўзбек фарзанди ўзлигини, тарихини, аждодларини ва улар қолдирган меросларни яхши билиши ва бу мерослар билан фахрланиб, уларнинг қадрига етиши лозим.

“Мадрасаи Мир” тарихи билан қизиққан вақтимизда, албатта бу муқаддас илм даргоҳида таҳсил олган шахслар ҳақида фикр юритмай иложи йўқ.

Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейи маълумотларига кўра, Қўқон шаҳридаги “Мадрасаи мир” масжидининг қурилишига сабабчи бўлган кишилардан бири – машҳур аллома, Нақшбандия тариқати пири комилларидан бўлган Муҳаммад Яъқуб Оҳунддир. Мадраса шу зотнинг фатволари билан қурилган. У киши мадрасанинг биринчи бош мударриси бўлганлар ва кўплаб шогирд чиқарганлар.

Мадрасада таҳсил олган кишиларнинг касб-камолотлари ва машҳурликларига назар солар эканмиз, ўша замоннинг илму маърифати, миллий ҳунармандлиги, адабиёти ва санъатининг равнақи ва тараққиёти йўлида хизмат қилувчи шахслар кўз олдимизда гавдаланади.

Замонанинг баъзи камчилик ва нуқсонларини “зарбул-масал” усули билан очиб бериб, одамларга панду насиҳат қилувчи шоир Муҳаммад Шариф Гулханий, Фарғона кандакорлик мактаби асосчиси Отауллоҳ Хўқандий, хаттотлик санъати устаси, машҳур меъмор, Худоёрхон ўрдасидек (ҳозирда Худоёрхон ўрдасининг кичик қисмигина сақланиб қолган) буюк иншоотнинг бош меъмори Мир Убайдулла, Фарғона наққошлик мактаби асосчиси, ”Сирчи қори” номи билан машҳур уста Саид Маҳмуд Норқўзиев, Қўқон қоғозини ишлаб чиқарган уста, Мулло Аслиддин қоғозгар, кўплаб меъмор-муҳандислар, кандакор усталар ва бошқа диний ва дунёвий билим соҳиблари мазкур мадрасада тарбия топганлар.

Мазкур рўйхатдан мадраса нафақат диний, балки дунёвий билимларни, касбу камолотларни ҳам ўз замонасида ёшларга ўргатиб борувчи маскан бўлган, деган хулоса келиб чиқади.

Бугун “Мадрасаи Мир” масжиди Қўқон шаҳри аҳолисига хизмат қилиши баробарида сайёҳу меҳмонларни ўзига маҳлиё қилиб, ўтган аждодларимизнинг қанчалик маданиятга, куч-қудратга, билим-савияга эга бўлганликларини эслатиб турибди.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 1254 times

Мақолалар

Top