Мақолалар

Қайтар дунё

  Йўл ибратлари

Яхшилик қайтади, дегани бор гап. Вилоятда ишлаб юрганимда бир ҳамкасбим айтиб берган қуйидаги воқеа бу гапимни тасдиқлайди...

Жума куни ишдан чиқиб туманга – уйимга кетиш учун  шоҳбекатда тургандим, яхшигина кийинган, кўриниши тиланчига ўхшамаган аёл уялиб-қимтиниб йўловчилардан пул сўрарди:

  • Яхшилар, илтимос, уйимга етиб олишга етарли пул беринглар, қопчиқимни йўқотиб қўйдим. Энди кетишга пулим йўқ, – дея зорланарди.

Инсон психологиясини озми-кўпми билганим учун бу аёлнинг баъзиларга ўхшаб ёлғон гапирмаётганини, шу тобда ҳақиқатдан ҳам йўлкирага муҳтожлигини сездим ва пул бердим. Аёл қайта-қайта миннатдорчилик билдирди ва қаердан эканлигимни сўради. Мен Қамаши туманидан эканлигимни айтдим ва автобусга томон кетдим...

Орадан кўп йиллар ўтди. Тақдир тақозоси билан ўғлим олий ўқув юртини битириб, Муборакдаги заводга ишга жойлашди. Дам олиш куни ўғлимдан хабар олиш учун у ижарада (аслида ижара демаса ҳам бўлади. Чунки уй эгалари ўғлимдан пул олмасди) яшайдиган уйга бордим. Эшикни тақиллатдим. Шу пайт эшикни ўша – бир пайтлар мен йўлкира берган аёл очди. Бу тасодифдан ҳангу манг бўлиб қолдим.

Ўғлим ишга жойлашиш учун келганида тасодифан шу аёлга учраган ва ижарада яшаш учун жой сўраган. Аёл унинг қаердан эканлигини сўраб билгач,

  • Ўғлим, мени ижарага одам қўйиб пулини олишга эҳтиёжим йўқ. Аммо сени уйимга оламан, пулинг керакмас. Мени бир қамашилик кишидан қарзим бор. У кишининг на уйини, на исмини биламан. Унинг қарзини шу йўл билан қайтармоқчиман, – деган экан.

Кўрдингизми, яхшилик изсиз кетмайди, унинг умри узун бўлади деб шунга айтадилар-да.

 

Зебо ОМОНОВА

Read 5779 times

Мақолалар

Top