Яқинда аёлим вафот этди. У вафотидан олдин қайси қабристонга кўмишни менга васият қилди. Лекин дафн куни отаси (қайнотам) бошқа қабристонга, яъни ўз уйига яқин жойга дафн этамиз деб туриб олди. Аёллар вафот этса, унга ким кўпроқ ҳақли бўлади? Отасими ёки эрими?
Ҳанафий мазҳабида аёл вафот этса, никоҳ узилган ҳисобланади. Вафот этган аёлга отаси, ака-укалари, амакиси эридан кўра ҳақли бўлади.
Аёл вафот этганидан сўнг унинг васияти, агар молиявий бўлса, молининг дафн харажатларига сарфланганидан қолган умумий қисмини учдан биридан адо этилади.
Фарзанд оламдан ўтган отасининг номидан онасига маҳр берса бўладими?
Маҳр эрнинг зиммасидаги адо қилиниши зарур бўлган ҳақлардан биридир. Адо қилинмаган маҳрнинг насия қисмининг адо қилиш муддати эр-хотинлардан бирининг ўлими ёки ажралиши оқибатида якунига етган бўлади. Шунинг учун эр маҳрни бермасдан вафот этган бўлса, ундан қолган мол меросхўрларга тақсим қилинишидан олдин аёлнинг маҳри ажратиб берилади. Агар ҳеч нарса қолдирмаган бўлса ёки қолдирган моли етарли бўлмаса, аёл маҳридан кечиши мумкин.
“Ҳожатхонада истинжо қилиб бўлмайди, унинг суви алоҳида бошқа жойга чиқиб кетиш керак”, дейишади. Шу тўғрими?
Ҳожатхонада истинжо қилишда ерга тегиб сачраган сув кийим ва баданларга сачраши эҳтимоли кўп бўлганидан у ерда истинжо қилиш жоиз эмас, дейилади. Агар истинжо учун бошқа жой топилмаса, у ерда эҳтиёт бўлиб истинжо қилишнинг зарари йўқ.
Намозга кечикиб келган одам такбири ташриқни айтадими?
Ҳа, намозга кечикиб келган одам, яъни масбуқ ҳам такбири ташриқни айтади. Китобларимизда қуйидагича ибора келади: “Масбуқ қолдирган намозлари (ракатлари)ни ўқиб бўлиб салом бергач, такбири ташриқни айтади” (“Фатавои ҳиндия”).
Баъзида намоз вақти киришидан олдин азон айтилади. Шундай қилиш ҳам мумкинми?
Намоз вақти кирмасдан олдин азон айтиш тўғри эмас. Шариатимиз кўрсатмаси бўйича бу азон бекор бўлиб, бунинг ўрнига вақт киргандан кейин қайта яна азон айтилади.
Шундай экан, тақвимдаги намоз вақти киргандан кейин азон айтиш керак. Ундан олдин айтилмайди.
Касал одамга эҳсон пули бериб ёрдам қилса, у ўша пулларни ўзи ейдиган озиқ-овқатига ёки кийим-кечагига ишлатса бўладими? Эҳсон қилган одамни эҳсони қабул бўладими ёки фақат дори-дармон, касалхонасига ишлатиш керакми?
Эҳсон қилинган пуллар эҳсонни олган одамнинг мулкига айланади ва уни ўзи хоҳлагандай тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай экан, эҳсон берувчи ҳам: “Фақат дори-дармонга ишлатасиз” деб шарт қўймаслиги, эҳсон олувчи ҳам инсоф билан зарурий эҳтиёжига ишлатиши керак.
Эҳсонни қабул бўлиши эса – ихлос, муҳаббат ва айни ҳақдорга (яъни, ўз ўрнига) берилишига боғлиқ.
Яқинда кўзим операция бўлган. Устига-устак грижам ҳам бор. Сажда қилганимда кўзимга босим тушиб, грижам оғрияпти. Бундай ҳолатда қандай тартибда ибодат қиламан?
Бемор бироз вақт тик туришга қуввати етса, кучи етгунича туриб намоз ўқишни бошлайди ва намоз асносида толиқиб қолса, намозни ўтириб давом эттиради. Киши руку ва сажда қилолмаса, ўтириб руку ва саждани боши билан имо қилиб, намоз ўқийди. Бу ҳолда бошини рукуга эггандан кўра кўпроқ сажда учун эгади. Акс ҳолда, намози дуруст бўлмайди. У сажда қилиши учун бирор нарса баланд қилиб қўйилмайди. Руку ва саждани боши билан имо қилиб намоз ўқишга қодир бўлмаган бемор руку ва саждани кўзи, қоши ёки қалби билан имо қилиб, намоз ўқимайди.
Aқиқа учун эчки сўйса бўладими?
Ақиқа қилинадиган жониворлар тўрт қисмга бўлинади: туя, мол, қўй, эчки. Булардан ташқари жониворларни, жумладан от, кийик, курка, товуқ, хўроз кабиларни ақиқа қилиш жоиз эмас, бидъатдир.
Узум сиркасини истеъмол қилса бўладими?
Узум сиркасини истеъмол қилиш жоиз. Чунки сирка тайёрланиш жараёнида маст қилиш хусусиятини йўқотгач, сиркага айланади.
“Лабо” русумли автомобилим бор. Шу улов бошқа бир танишимга жуда зарур экан. У янги “Лабо” хариди учун банкка тўлов қилди, янги машина 6 ойда берилар экан. Мен ўзимнинг автомобилимни унга 6 ойдан кейин заводдан чиқадиган янги автомобилни олиш шарти билан берсам бўладими?
Сиз айтгандай савдо қилиш жоиз эмас. Чунки янги “Лабо” савдо вақтида йўқ бўлгани учун уни тайин қилиб бўлмайди, шунинг учун савдо дуруст эмас. Бу савдо дуруст бўлиши учун машина муайян бир маблағ эвазига нақдга ё насияга сотилади.
Биз – 3 киши шерикликда автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланамиз. Мен маҳсулотларни етказиб беришга масъулман, иккала шеригим савдога масъул. Маҳсулотларни Қўқон, Тошкент ва баъзан Самарқанддан ўзимнинг шахсий машинамда келтираман. Бунинг учун 200 минг сўм йўлҳақи (бензин, газ учун) оламан. Бошқа киракаш кишига шу ишни айтсам, у камида 300–350 минг сўм хизматҳақи олади. Шу пулни олишим тўғрими? Яқинда бир илмли киши, “Сиз фақат машинангизга газ ва шунга ўхшаш харажатлар учун пул олишингиз мумкин, холос”, деди.
Сиз айтган ҳолатда йўл сафар харажатлари мол устига ётқизилади. Мол сотилгандан сўнг харажатлар чегирилиб фойда келишилган тартибда бўлинади.
Шариатимизда мушук савдоси жоизми?
Мушук савдоси жоиз. Чунки у билан сичқон ва зарарли ҳашаротлар зараридан сақланилади. Мушукдан шу орқали фойдаланиш мумкин (“Фатҳул қадир”).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази (78) 150-33-44
“Ҳидоят” журналининг 12-сонидан олинди