Мақолалар

Ҳасад – инсон соғлигига зарар етказади

Агар ҳеч кимга ҳасад қилмасанг, сенга саодатнинг ярми мерос бўлади. Агар ўзингдан бошқага яхшиликни истайдиган бўлсанг, бахт-саодатнинг барчаси сенга мерос бўлади.

Донишмандлар ҳасад қилувчини огоҳлантириб қуйидагиларни айтганлар:
- Ҳасад савоб ишларни йўққа чиқаради.
- Ҳасад гуноҳ ишларга бошлайди.
- Ҳасад бировга зулм қилишга бошлайди.
- Ҳасад юзи қароликни келтириб чиқаради.
- Ҳасади бор кишининг дуо-ибодати қабул бўлмайди.
- Ҳасад эгасини фойдасиз ва оқибати йўқ ғам-ташвиш, қийинчиликларга солади.
- Ҳасад инсон қалбидан раҳмни чиқариб ташлайди.
Дунёнинг аввалида шайтон инсонга ҳасад қилди. Иблис ҳасад туфайли Аллоҳ таолога гуноҳкор, осий бўлди ва Аллоҳ таолонинг даргоҳидан лаънатланган ҳолда қувилди.

Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг ўғилари Қобил билан Ҳобилга қурбонлик қилишликни буюрди. Ҳобил ўз қўйларидан энг чиройлисини қурбонликка танлаб, қурбонлик қилди. Қобил деҳқончилигидаги энг ёмон маҳсулотни қурбонликка атади. Одам алайҳиссалом дуо қилдилар, осмондан олов тушиб, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлди. Ва Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлиши билан Қобулнинг Ҳобулга нисбатан ҳасадини юзага келтирди. Қобул ҳасаддан тийилмади, у охир-оқибатда жиноятга қўл урди. Ер юзида энг аввал инсон қони ҳасад туфайли тўкилди.

Юсуф алайҳиссаломнинг кўрган тушлари сабаб акалари ҳасад қилдилар. Ва Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаб, уни бўри еди, деб зулм қилишди. Юсуф алайҳиссалом акаларининг ҳасади сабабли қилган зулмларига сабр қилдилар. Ва охир-оқибат сабр туфайли Юсуф алайҳиссаломнинг юзлари ёруғ бўлди, ҳасад қилган акалари эса ҳасадлари туфайли юзлари қаро бўлди.

Абу Лайс Самарқандий айтадилар:
«Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар луқмаси нопок, ғийбатчи ва ҳасадчи кишилардир».
Донишмандлардан бири айтади: «Ҳасад қилувчи одамдан бахтсиз киши йўқ, чунки унга ҳар доим ғам-қайғу ҳамроҳ бўлади».
Донишмандлардан бири: «Ҳасад қилишдан сақлан, шунда қалбинг пок юради», дедилар.
Ҳасад инсонга хорлик келтиради. Ҳасад қилувчи кишининг соғлигига зарар беради.
Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай дейди:
«Ўғлим, ҳеч қачон бировга ҳасад қилма, ҳасад ҳасадчининг соғлигига келган офатдир».

Ҳасадни амал билан даволаш қуйидагича:
Бунда ҳасад дардига мубтало бўлган шахс ҳасади унга қайси амални буюрадиган бўлса, ўшанинг аксини қилиши лозим бўлади. Мисол учун унга душманини ёмонлашни амр қилмоқда, у уни мақташга ўтсин. Ҳасади унга мутакаббирлик қилишни тавсия қилмоқда, у унга тавозуъ кўрсатсин.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Инсонларга яхшилик ва меҳр улашадиган шахслардан бўлишимизга муваффақ қилсин.

Хуршид Маъруф тайёрлади

Read 1317 times

Мақолалар

Top