Мақолалар

Сеҳри ўзгача Самарқанд 2023 йилда бориш тавсия этилган дунёдаги 13 манзилдан бири

Самарқанд. Ҳали эсимни ҳам тўла англаб етмаган болалик чоғларимда бу сўз қулоғимга ўзгача оҳангда эшитилар, кўз олдимда сеҳрли маскан сингари гавдаланар, номи оҳанрабодек ўзига чорлар эди. Бироз улғайиб, туғилиб ўсган жой, юрт, Ватан каби тушунчаларни бирмунча англаб, юртимиз манзиллари ҳақида мактаб партасида олган дастлабки тасаввур ва билимларимдан англадимки, номи сеҳрли туюлган Самарқанд замини кўҳна ва навқиронлиги, қадимийлиги билан ўзгача экан. 1-синфни тугатган йилим бобо-бувим билан кўҳна кентга борганимиз, шаҳар кўчаларида юриб, томоша қилганимиз жуда маҳобатли ва сирли кўринган кўк гумбазли обидалар узуқ-юлуқ кўз ўнгимда ҳамон...

Айни кезларда пойтахтдан Самарқанд сари йўл олар эканмиз, ҳар гал шаҳарга кираверишда ўзгача шукуҳ ва руҳият чулғаб олади. Буюклар шаҳри бўлган бу кентнинг ўзига хос ҳавоси, олами бор. Не-не зотлар ўтмади бу заминдан, қанчадан-қанча буюкларга Ватан, паноҳ бўлди. Асрлар силсиласидан, қанча талотўп даврлару жангу-жадаллардан омон қолган маҳобатли обидалар, кўк билан қўшилиб кетган гумбазлар, тарихий масканларнинг сеҳри ўзгача.

Ҳар қандай инсонни ўзига ром айлаб, олис ўтмишдан сўзлаётган мисоли қўр тўкиб турган тарихий-маданий ёдгорликлар ҳақиқатан сеҳрли кўринади. Бири иккинчисини такрорламайдиган кўринишга эга бу обидалар аждодларимиздан мерос бетакрор ва беқиёс бойликларимиздир. Шаҳарнинг навқиронлигини, тарихи олисларга бориб тақалишини, не зотларнинг пойқадами қолганини сўзсиз далиллаб тургувчи ёдгорликлар Самарқанднинг ташриф қоғозига айланиб бўлган.

Самарқанд юртимизнинг қадим шаҳри сифатида нафақат юртдошларимиз, балки дунё сайёҳларини, тарихчию маданият олами ҳамда илму урфон вакилларини ўзига чорлаб келади. Шу сабаб шаҳардан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, олиму нуфузли меҳмонлар қадами узилмайди. Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги биргина “Регистон” ансамблига 2022 йилда 1 миллион 28 мингга яқин маҳаллий ва хорижий туристлар ташриф буюрган.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Самарқанд туризм маркази сайёҳлар оқимини янада оширмоқда. Эндиликда Самарқандни Ўзбекистоннинг “Туризм дарвозаси”га айлантириш ва келажакда сайёҳлик хизматлари ҳажмини 10 баробарга ошириш мўлжалланмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 декабрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, вилоятни “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепцияси асосида ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлади.

Қарорга кўра, Самарқанд вилоятига хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш, янги туризм инфратузилмаси объектлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, янгидан модернизация қилинган Самарқанд халқаро аэропортида хорижий авиаташувчи компаниялар учун барча имкониятларни яратиш, ҳудуднинг транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш борасида қатор чора-тадбирлар ўз аксини топган.

Жумладан, республика ҳудудларида ва хорижий мамлакатларда Самарқанднинг туризм салоҳияти ҳамда Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларини намойиш этувчи “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампанияси йўлга қўйилади, туристларга хизмат кўрсатиш учун туризм ахборот марказлари ташкил этилади. БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2023 йилдаги навбатдаги 25-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан тайёргарлик ишлари кўрилади.

Бу каби саъй-ҳаракатлар кўҳна Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириб, ташриф буюрувчилар сонининг янада кўпайишига хизмат қилади.

Bahriddin, [06.02.2023 17:07]
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, яқинда The Times нашри 2023 йилда дунёнинг бориш тавсия этилган 13 та жойи рўйхатини эълон қилди. Мамлакатдан тортиб аниқ манзилгача бўлган бу рўйхатда Ўзбекистон ва Самарқанд ҳам мавжуд. Нашр Чарлстон ва Самарқанддаги маданий йўналишлар эътибор учун курашаётганини алоҳида қайд этади. Шунингдек, Самарқанд туризм маркази ҳам тилга олинган. “Шаҳар ташқарисидаги Silk Road Samarkand юқори даражадаги меҳмонхоналар ва гастрономияни ваъда қилади”, дея қайд этилган.

Дарҳақиқат, дунёнинг энг кўркам, сайёҳатбоп манзиллари қаторида юртимизнинг, хусусан, навқирон Самарқанднинг эътироф этилиши биз учун ғурур ва шарафдир.

Давлат раҳбарининг юқоридаги қарори асосида “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” таърифининг берилиши ва ушбу ғоя асосида сайёҳликни янада ривожлантириш борасидаги амалий ишлар алоҳида эътибор ва эътирофга муносиб. БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Ўзининг бой тарихига, тараққиёт босқичларига эга кўҳна шаҳар, минглаб зиёлиларга ошён, илм-фан равнақига макон бўлган кўҳна замин юртимизнинг номини дунёга тараннум этилишида, туризм ривожида муҳим ўрин тутади.

Навқирон Самарқанднинг кўзни қамаштиргувчи кўк гумбазлари, маҳобатли обидалари, ўзгача сеҳрли оҳанрабоси ҳамиша барқарор бўлиб, етти оламни ўзига чорлайверади...

Муҳтарама Комилова

Read 1127 times

Мақолалар

Top