Мақолалар

Ўзбекистондаги қадимий миноралар нега баланд қурилган?

Диёримизда қадимий обидаларга назар ташлар экансиз, беихтиёр бу бинолар юртимиз маданияти ва урф-одатларини ўзида акс эттирганининг гувоҳи бўласиз. Улардаги нозик нақшинкор безаклар кишиларни лол қолдириш билан бирга, бу халқнинг қандай нозик дид соҳиби эканлигини ҳам кўрсатиб туради. Масжид ва мадрасаларнинг ўта моҳирлик билан бино қилинганлигидан билиш мумкинки, бу халқ азалдан илм-фанга жуда катта эътибор қаратган.

Ўзбекистон ҳудудидаги миноралар Ғарбий Осиё ўлкаларидаги бу турдаги иншоотлардан ҳам меъморий, ҳам қурулмаси жиҳатдан фарқ қилади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ХII асрдаёқ Марказий Осиёда минораларнинг кейинги ривожланиш босқичларини белгилаб берган Минораи Калоннинг меъморий ечими ва бадиий-эстетик кўринишлари, унинг меъморий қисмлари, нисбатлари, композициявий тугаллиги Яқин Шарқ ва Мағриб минораларидан фарқли равишда, ХIХ асргача Шарқ меъморчилигида бунёд этилиб келинган аксарият миноралар учун эталон вазифасини ўтаган[1].

Самарқанд сайқали деб ном олган Регистон мажмуаси Мовароуннаҳрдаги шаҳар қурилиш маданиятининг энг йирик намуналаридан биридир. Улуғбек мадрасаси, Шердор, Тиллакори мадрасалари эса Самарқанд Регистонининг юраги сифатида эътироф этилади.

Маълумотларга кўра, Улуғбек мадрасасининг бунёд этилишида Кўҳак тепалигидан қазиб олинган тош-мармарлардан фойдаланилган. Кўҳак тепалигидаги Оби Раҳмат ариғининг бўйида эса илк бор “само пештоғига нарвон қўйилган эди”. Улуғбек томонидан бу ерда қурдирилган расадхона ўша даврдан то бугунга қадар асрлардан садо бериб келмоқда.

Ўзбекистоннинг бой меъморий анъаналари жаҳон маданий мероси ривожининг барча босқичлари, нодир меъморий асарларининг турли-туман кўринишиларини ўзида мужассам этган бўлиб, миноралар каби ўзига хос иншоотлар меъморчилигида ҳам маълум даражада сезиларли из қолдирган.

Буюк Ипак йўли маданий, савдо йўлларида муҳим марказлар ҳисобланган шаҳар ва қишлоқ масканларида бунёд этилган минорасимон иншоотларнинг илк кўринишлари сақланиб қолмаган бўлсада, дастлаб улар карвон йўлларини белгиловчи маёқ, шаҳарлар аҳолисини ташқи хавфдан огоҳ этувчи кузатув миноралари вазифаларини ўташ учун қурилгани шубҳасиздир[2].

IХ-Х асрлардан бошлаб бу турдаги иншоотлар диний мақсадларда қурилган. Бухоро, Вобкент, Жарқўрғон, Кўҳна Урганчдаги бу давр минораларининг меъморий-конструктив ечими юқорида қайд этилган вазифаларни бажаришга мос қилингани бундан далолат беради[3].

 Минора-мезана тизимидаги бундай минораларнинг турли хил кўринишлари асосида Бухородаги Минораи Калон ечимлари ётади. Ўзбекистонда Жарқўрғон минораси, Хиванинг ХIХ аср миноралари ўзига хос кўринишлари билан алоҳида ўринга эга бўлса ҳам минораларнинг аксариятида Калон минорасининг ечимларининг умумий қонуниятлари сезилиб туради, яъни конуссимон шакл, тарҳи айлана ва ички ўзагига асосланган зиналар қурилмаси ҳамда мезана билан тугалланиши умумийдир.

Самарқанд, Тошкент, Фарғона водийси шаҳарлари, Шаҳрисабз каби қадимий ҳудудли шаҳар гузарлари, маҳалла масжидлари қошида қурилган катта-кичик миноралар ечими таҳлили ҳам Бухоро миноралари услубларига мос андозада қилинганини билдиради.

Ўзбекистон ҳудудидаги меъморий мажмуалардаги гулдаста, буржларнинг минорасимон шаклларида ҳам бетакрор ечимлар мавжуд. Уларнинг нодир намуналари Шарқ меъморчилигининг Темурийлар ва ундан кейинги давр босқичида юксак бадиийлик ва эстетик-декоратив кўринишга эга экани чет эл мутахассислари томонидан ҳам тан олинган. Шаклланиши Яқин Шарқ минораларида бошланган, яъни юқорига кичрайиб борадиган бир неча бўғинли ҳажмий ечим Темурий иншоотларида ўзига хос кўринишини олган эди.

Шарқ меъморчилигининг Темурийлар даври меъморий безак санъатидаги қирқма кошин қопламалар, сиркор кошинли муқарнас ва шарафалар билан буткул безатилган минора-гулдасталар, буржларнинг шаклий-ҳажмий ечим усуллари Мағриб ва Яқин Шарқ, Хуросон минорасимон иншоотларига қараганда бир мунча салобатли, маҳобатли иншоотларнинг умумий меъморий композициясига уйғун равишда яратишга қаратилгани билан фарқланади.

Темурийлар даври меъморчилигидаги Жоме масжидлар, улкан мадрасалар ва саройларнинг меъморий жиҳатдан тугал кўриниш олишида бу минорасимон ҳажмлар муҳим восита бўлиб келди. Ҳатто, даврлар мобайнида юқори бўғинлари тушиб кетган бўлсада, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасидаги бурж-миноралар, Гўри Амир мажмуаси ҳовлиси бурчакларини белгиловчи миноралар, Бибихоним жоме масжидида сақланиб қолган пештоқ ён гулдасталари, ҳозирда ҳам ўзларининг муқарнасли қолдиқлари билан нисбатан тугал меъморий ҳажмдек тасаввур уйғотади. Чунки, уларнинг ҳар бир ҳажмий қисми меъморий ишлов жиҳатдан мукаммалдир[4].

Ўзбекистон миноралар меъморчилиги тарихида Хоразм миноралари алоҳида ўрин тутади. Шаҳар кўринишига чирой бахш этган, кўчаларга файз киритган шаклан ва ҳажман турли-туман бўлган шарқдан – Хазорасп дарвозасидан Ичан қалъа орқали ғарбга қараб ҳар 200 метр масофада бир мақомда қатор терилган Полвон қори, Саид Шоликорбой, Жума, Калта минор ва Шайх Қаландар бобо миноралари Хивага такрорланмас гўзаллик бахш этган[5].

Бу ерда Хоразм меъморларининг юксак маҳорати ва анъанавий шаҳарсозлик санъати намойиш этилган. Уларнинг аксарияти ХVIII-ХIХ-асрларда қурилган бўлиб, умумий қурулмавий қонунияти бир бўлсада, меъморий-композициявий шаклланиши жиҳатидан Бухоро, Вобкент минораларидан ва айниқса Жарқўрғон минорасидан бирмунча фарқ қилади. Цилиндрик шаклдаги Хива минораларининг умумий хусусияти, уларнинг юқори қисмининг кескин торайиши ва нисбатан тик кўриниш олишидадир[6].

Шунингдек, алоҳида қафаса ёки мезана ажратилмай, улар минора ҳажмининг давоми сифатида кўринади. Хоразм миноралари (ХIХ аср) қадимий конуссимон айлана тарҳли минора иншоотлари шаклланишининг алоҳида, мустақил йўналишини белгилаб берган.

Ўзбекистон миноралари меъморчилигида композициявий шакл сифатида муқарнасли шарафалар, карнизлар муҳим ўрин тутади. Мезанали ёки қафасали минораларнинг ташқи кўринишининг асосий меъморий кўринишини белгилаб берган. Кичик равоқсимон муқарнаслар технологик жиҳатдан бир хил шакллардан, деталлардан йиғилсада, улардан турли-туман меъморий ҳажмни яратишга имконият мавжуд бўлган.

Муқарнаслар Шарқ меъморчилигида меъморий-ҳажмий безак сифатида юксак даражада шаклланган. Мирзо Улуғбек даврининг машҳур муҳандисларидан Ғиёсиддин Жамшид Коший меъморлар учун ёзган меъморий ўлчов, ҳисоб-китобларга бағишланган рисоласида муқарнаслар тузиш қоидалари учун алоҳида боб ажратиб, муқарнасларни ташкил этувчи элементлар, уларнинг турлари ҳақида маълумот беради. Муқарнас ясашда миқёс, модул бирлигидан фойдаланиб айланма карнизни тоқи ичкариси қуббани, тўғри шарафани ясаш йўллари ҳақида ёзади[7].

Минораларда муқарнаслар қатори асосан қафасадан минора танасига ўтиш қисмида бўғинларнинг оралиқларини белгилашда, яъни турли ҳажмий элементларни боғловчи вазифасини бажарган. Муқарнасларнинг кўп қаторли, йирик тоқичалик, кошин қопламали ёки силлиқланган ўйма ғишт ёки сопол бўлакчаларида йиғилган кўриниши Бухоро ва Вобкент минораларидаги мезаналарда тўлиқ намоён бўлган. Бўғинлар оралиғини белгиловчи муқарнаслар эса Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ва Бибихоним масжидида қўлланилган бўлиб, улар сиркор кошин бўлаклардан йиғилган. Муқарнасларнинг айрим турлари кейинчалик Бобурийлар меъморчилигидаги минораларда мармар элементларда қайтарилган.      

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги минораларнинг баландлиги анча юқори бўлганларининг аксарияти қадимда пойтахт мақомини олган шаҳарларда бунёд этилгани аниқланган. Хива ва Бухоро миноралари шулар жумласидандир. Вобкентдаги ва Жарқўрғондаги минораларни истисно қилганда Тошкент воҳаси, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ҳамда Фарғона водийсида баланд ва маҳобатли миноралар кузатилмайди. 

Мансуржон Бобоев,

Навоий вилояти

“Мирхалил Майдон ота” жоме

масжиди имом-хатиби

 

 

 

 

Read 1895 times

Мақолалар

Top