Мақолалар

Бобур Мирзо - маънавий жасорат соҳиби

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир.Илму адабиёт осмонида ҳар бир буюк шоир ва етук олим бир порлоқ юлдуз бўлса, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг фарзандлари, яъни кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласи барчамиз учун ибратлидир.

«Бобурнома»да ёзилишича, Бобур ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилар экан. Бобур фарзандларининг диёнатли, илм-фазилатли бўлиб ўсиши учун уларга китоб танлаб юбориш, уларнинг ўрганиши учун китоблар ёзишни оталик ва подшоҳлик бурчи деб ҳисоблаган, уларни ўқиш-ўрганишга тарғиб қилиб, имло ва иншо хатоларини тўғрилаб , содда, равон ва бетакаллуф ёзишга чорлаган.Албатта, Бобурнинг бундай саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Унинг тўртала ўғли, қизи, набиралари ва уларнинг фарзандлари илму санъат, шеъру адабиётда ном қозондилар. Кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласидан кўп соҳибдевон шоирлар, тарихчилар, фақиҳлар, диний ва дунёвий олимларнинг исмини  келтириш мумкин.

Бобур Мирзо «Мубаййин»да энг муҳим исломий илмларни саралаб, ўзининг дин олими, фақиҳ эканини ҳам кўрсатган.

Ўз замонининг йирик давлатларидан бирини подшоси бўлиб турса ҳам ўз Ватани Андижоннинг соғинчи умрининг охирига қадар қалбини тирнаб келди. Тақдир уни ўз Ватанига келишига тўсқинлик қилган, унинг қисматига ўзга юртда шоҳ бўлишлик битилган эди. Буни Бобур Мирзо ўз асарларида шундай баён этади:

Толе йўқки жонимға балолиғ бўлди,

Не ишки айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бобурнинг асарларида Аллоҳга муҳаббат, Ватан ва халққа муҳаббатни акс эттирувчи дидактик (панд-насиҳат) байтлари ҳам кўпдир. Энг аввало мўминликнинг белгиларидан бири одамларга, халққа яхшилик қилмоқдир.

Ҳар кимки, вафо қилса вафо топқусидур,

Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ямонлиқ ҳаргиз

Ҳар кимки, ямон бўлса, жазо топқусидир.

Бобурнинг инсоний фазилатларини ўрганар эканмиз, унинг ислом дини фидойиси ва посбони бўлиш билан бирга, асло мутаассиб диндор бўлмагани ҳам яққол кўзга ташланади. Амир Темур каби, у, айниқса, Ҳиндистонда эканида уламо, фузалолар билан диний мавзуларда суҳбатлар қуришни севарди. Ҳар пайшанба куни фиқҳ масалалари бўйича суҳбатлар уюштирарди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур воқеликни ниҳоятда нозик идрок этувчи, ҳис-ҳаяжон билан яшовчи, инсон руҳиятининг барча ҳолатларини илғаб олувчи, хотираси ўткир, мулоҳазалари чуқур, меҳри қайноқ, қаҳри қавий, таважжуҳ доираси бениҳоя кенг, виждонияти, орияти ғоят мустаҳкам сиймо бўлган.

Шу кунларда бутун юртимиз бўйлаб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни нишонланиб, Бобурхонлик кечалари ўтказилиб,  унинг ижодидан янада кўпроқ халқимиз айниқса фарзандларимиз бахра олмоқдалар.

Юртимизнинг фахри бўлган  Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг  ижодини ўрганишимиз, ундаги ватанпарварлик руҳини ёш авлодга доимо ўрнак қилиб кўрсатмоғимиз лозим.

 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийўл туман “Имом Султон’’

жоме масжиди Имом хатиби

 
Read 1642 times

Мақолалар

Top