Мақолалар

Вақф – Аллоҳнинг мулки!

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади.[1] Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”.[2] Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди ва мерос бўлмайди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ вақфнинг таърифини қўйидагича келтирган: “Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш” маъносини англатади. Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади. Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса, бардавом бўлиб туради.[3]

Вақф икки хил бўлади: Аҳлий вақф. Унда вақф қилувчи ўзи вақф қилган нарсадан ўзининг аҳли, қариндошлари фойда олишларини шарт қилади. Хайрий вақф. Унда вақф қилувчи кўпчилик фойдаланишини шарт қилиб қўяди.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида вақф ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

“Вақф” сўзи арабчадан олинган бўлиб — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошҳа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда. 

Вақф – аслни ушлаб қолиб, фойдани кўпчилик фойдаланиши учун чиқариб қўйишдир. Аслдан мурод – таг-туги қолиши билан фойдаланиш мумкин бўлган нарсадир. Ҳовли-жойлар, дўконлар, мевали боғлар ва ҳоказолар каби. Фойдадан мурод – ўша аслдан келиб чиққан фойда-даромаддир. Мева-чева, ижара ҳақи, уй-жойда яшаш ва шу кабилар.

Вақфнинг ҳукми – у Исломда мустаҳаб бўлган қурбат, яъни ибодатдир. Бунга далил саҳиҳ суннатдир:

— “Саҳиҳайн”да Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу Хайбардан ерга эга бўлди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у ҳақда маслаҳатга келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! мен Хайбардан ерга эга бўлдим. Мен ҳеч қачон ундан нафисроқ молга эга бўлмаганман. Уни нима қилишга амр қиласиз?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар хоҳласанг, аслини тутиб қолиб, (фойдасини) садақа  қиласан”, дедилар. Бас, Умар розияллоҳу анҳу унинг асли сотилмаслиги, сотиб олинмаслиги, мерос қилинмаслиги ва ҳадя қилинмаслиги шарти билан садақа қилди. Умар уни фақирларга, қариндошларга, қулларга, Аллоҳнинг йўлига, ибн сабийлга, меҳмонга садақа қилди. Унга ким валий (нозир) бўлса, маъруф йўли билан ундан еса ёки дўстига егизса, гуноҳ эмас. Уни ўзига мулк қилиб олмаса бўлди”[4] (Бешовлари ривоят қилишган).

— Яна Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муаъйқиб ёзди, Абдуллоҳ ибн Арқам гувоҳ бўлди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳнинг бандаси Умар амирул мўмининнинг васият қилган нарсасидир. Агар унга бир нарса бўлса, Самғ, Сорма ибн Акваъ ва ундаги қул, ҳамда Хайбардаги юз улуш рафиқи ила ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юз(васақ)ларга Ҳафса умрининг охиригача қарайди. Сўнгра унинг аҳлидан фикр эгаси бўлгани қарайди. Сотилмайди, сотиб олинмайди, ўз билганича соилга, маҳрумга, қариндошларга нафақа қилади. Унга валий (нозир) бўлгани учун агар ўзи еса, бировга егизса ёки қул сотиб олса, танглик йўқ”[5] (Абу Довуд ривоят қилган).

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ўзларига Хайбардан теккан ерларини вақф қилган эдилар. Кейинчалик эса, ўша ерларни ва ушбу ривоятда зикр қилинган мулкларни вақф қилиб ёздириб қўйган эканлар.

Бу ёзиш ишини Ҳазрати Умарнинг халифалик вақтларидаги котиблари Муъайқиб розияллоҳу анҳу амалга оширганлар. Абдуллоҳ ибн Арқам розияллоҳу анҳу эса гувоҳ бўлганлар.

Вақф ҳужжатида Ҳазрати Умар ёздирган нарсаларнинг баъзиларини шарҳ қилиб ўтишга тўғри келади. “Агар унга бир нарса бўлса”, дейилгани, у вафот этса, маъносида. “Самғ ва Сорма ибн Акваъ” Ҳазрати Умарнинг Мадинаи мунавварадаги икки кўчмас мулкларининг номи. “Хайбардаги юз улуш” Ҳазрати Умарга ўлжа сифатида Хайбарнинг ерларини мусулмонларга бўлинганда теккан улуш. Аввалги ривоятда зикри келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан вақф қилинган ер, худди шу ер. Ўша пайтда вақф қилинган бўлса ҳам кейин ҳужжатга киритилган. “Водий”дан мурод, Мадина билан Шом орасидаги Мадинага қарашли қишлоқ жой. “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юз васақ”дан мурод мазкур водийдан чиқадиган маҳсулни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдор мусулмонларга бўлиб берганларида Ҳазрати Умарга ҳар йили юз васақ миқдорида берилишини тайин қилганлар. “Ҳафса умрининг охиригача қарайди” де­йилгани унга нозир – бошқарувчи бўлади, маъносидадир.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи сотилмайди ёки сотиб олинмайди, деганидан бу ишлар лозим бўлиб қолмайди, сотса ёки сотиб олса, бўлаверади, деганлар. Уламолар Имом Абу Ҳанифанинг бу фатволарини вақф қилувчининг изни ила вақфни бир шаклдан иккинчи ҳолатга ўтказиш учун сотиш ҳақидаги гап, деганлар. Саҳобаи киромлардан Усмон, Абу Талҳа, Саъд, Абу Бакр, Али, Зубайр, Саъид, Анас, Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлар ва бошқалар вақф қилганлари ҳақида ривоятлар бор.

 

Термиз шаҳар “Ҳаким Термизий” жоме

масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Саидов

 

 

[1] А. Анарбой. “Ан-наъим”. Тошкент. Абдулла Қодирий. 2003. Б: 929

[2] А. Абдурроҳман Ашур. “Вақф китоби”. Қоҳира. Дарул афақ аробийя, 2000. Б: 9 

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт”. Тошкент. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2011. Ж: 11. Б: 282

[4] Имом Бухорий. “Саҳиҳул Бухорий”. Байрут. Дарул фунун. 2007. Ҳ: 2737

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт”. Тошкент. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2011. Ж: 11. Б: 288

Read 1479 times

Мақолалар

Top