Мақолалар

Билолнинг бошига тушганлар

Тобеин авлодидан Абдуллоҳ ибн Луҳай ал-Ҳавзоний ҳикоя қилади:

Ҳалабда Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззини  Билол Ҳабаший билан учрашдим. Ундан:

– Эй Билол! Пайғамбар алайҳиссалом тирикчилигини қандай ўтказардилар? Шу ҳақда менга гапириб бер, – дедим.

Билол қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўп нарсалари йўқ эди. У зотнинг нубувватлари бошланган кундан бошлаб то боқий дунёга кўчгунларича уй ишларига мен қарашардим. Ёнларига яланғоч мусулмон келиб қолса, дарҳол мени чақирардилар. Мен эса пуллари бўлмаган вақтда Расули акромнинг номидан бирор кишидан қарз олардим-да, яланғоч одамга кийим олиб кийдирардим ҳамда қорнини туйдирардим.

Бир куни мушриклардан бири менга: “Билол, мен ўзимга тўқ одамман. Қарз олишинг керак бўлиб қолганда бошқалардан сўраб юрма, тўғри менинг олдимга кел, мен бераман”, деди.

Мен унинг айтганини қилдим. Бир куни таҳорат олиб, азон айтиш учун ташқарига чиққандим. Ўша чоқ мен қарз олган мушрик ёнида бир неча тужжорлар билан келаётганини кўрдим. Мени кўрди-да:

– Эй Ҳабаш! – деб овоз берди.

Мен:

– Эшитаман, – дедим.

Менга ёқимсиз тиржайган ҳолда яқинлашди ва хунук сўзни айтиб сўкинди. Ортидан:

– Олган қарзингнинг вақти тўлишига неча кун бор, биласанми? – деди.

– Вақти яқинлашиб қолди, – дедим.

– Тўрт кун қолди. Ўшанда олган қарзинг эвазига сени тутиб қул қиламан. Мен у пулни сенга ҳурматли бир зот бўлганинг учун ёки орқангда турган одам обрўли бир одам бўлгани учун бермадим. Менинг қулим бўласан, деб бердим. Худди олдинги каби яна қўй боқишда давом этасан, – деди у.

Бундай вазиятга тушган инсон қандай ғамга ботса, мен ҳам шундай ғамга ботдим. Хуфтон намозини ўқиганимиздан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом оиласининг ёнига кетдилар. Орқаларидан бориб, у зотни зиёрат этмоқчилигимни билдирдим. Изн бердилар. Ҳузурига кирганимдан сўнг:

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг Расули! Қайси куни бир мушрикдан қарз олган эдим-ку, ўша мушрик менга бугун шундай-шундай деди, деб бўлган гапларни айтиб бердим. Энди нима қиламиз, менда ҳам, сизда ҳам унинг қарзни тўлашга етадиган пул йўқ, У кимса мени қул қилиб, қафасга солишни истамоқда. Аллоҳ таоло сизга бу вазиятдан қутуладиган бир имкон юборгунига қадар менга изн беринг, Исломга кирган қабилаларнинг бирига бориб яшириниб юрай, – дедим.

Расули акром:

– Шундай қилишни истасанг, кета қол, – дедилар.

Расулуллоҳнинг олдиларидан чиқиб уйимга келдим. Йўлга чиқиш учун қиличимни, тўрвамни, пойафзалимни, қалқонимни тайёрладим. Тонгга яқин йўлга тушишни ният қилдим. Шу чоқда бир кишининг тўғри мен тарафга қараб келаётганини кўрдим.

Одам:

– Билол! Сени Расули акром чақиряптилар, – деди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бордим. Не кўз билан кўрайки, устларига жуда кўп юк ортилган тўртта туя  ерга чўктирилган ҳолда турибди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига киришга изн сўрадим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

         – Мужда, Билол! Аллоҳ таоло сенга қарзингни тўлашга имкон юборди, – дедилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдим.

Расули акром яна:

         – Ташқарида чўктирилган тўртта туяни кўрдингми? – дедилар.

         – Кўрдим, ё Расулуллоҳ! – дедим.

         – Ўша туялар ҳам устидаги юклар ҳам сеники. У юкларда кийим-кечаклар ва озиқ-овқатлар бор. Уларни менга Фадақнинг раиси ҳадя этди. Уларни олгин-да қарзингдан қутул! – дедилар.

         Мен у зотнинг айтганларини қилиб, туяларнинг устидаги юкни туширдим, ҳайвонларни боғладим. Сўнгра бомдод намозини ўқишга кетдим. Бомдодни ўқиб бўлганимдан сўнг Бақиъ даҳасига бордим. Қўлимни қулоғимга қўйиб: “Пайғамбар алайҳиссаломда кимнинг омонати бўлса келсин”, дея жар солдим. Сўнгра Расули акромда кимнинг қарзи бўлса ҳаммасини тўладим. Охирида озгина нарса ортди. Кун оғиб қолган эди. Тўғри Масжиди Набавийга бордим. Қарасам, Расулуллоҳ ёлғиз ўзлари ўтирибдилар. Салом бердим.

         –  Нима қилдинг, қарзлардан қутулиб олдингми? – деб сўрадилар.

Мен:

– Аллоҳ таоло Расулининг зиммасидаги барча қарзларни тўлади, ҳеч бири қолмади, – дедим.

– У молдан бирор нарса ортдими?

– Ҳа, ортди.

– Ундай бўлса, мени уларнинг юкидан халос қилишни ўйла. Сен мени бу молларнинг машаққатидан қутқармагунингча оиламнинг ёнига кета олмайман.

Аллоҳнинг севикли Пайғамбари хуфтон намозини ўқиб бўлганимиздан сўнг мени чақирдилар ва:

– У молларни нима қилдинг? – деб сўрадилар.

– Ёнимда турибди. Уларга эҳтиёжи бор бирор кимса чиқмади, – дедим.

Ўша тунда Расули акром уйларига кетмадилар, Масжиди Набавийда ётиб қолдилар.

Эртаси куни оқшомга яқин иккита отлиқ киши келди. Мен уларнинг эҳтиёжлари бўлган кийим ва озиқларни уларга бердим. Хуфтон намози ўқилганидан сўнг Расули акром мени яна чақирдилар ва

– У молларни нима қилдинг? – деб сўрадилар.

Мен:

– Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло сизни у молларнинг мажбуриятидан қутқарди, – дедим. Пайғамбар алайҳиссалом у моллардан буткул халос бўлганига севиндилар ва Аллоҳга такбир келтириб, ҳамду сано айтдилар. Сўнгра аёлларининг ёнларига бориш учун уйларига қараб кетдилар, мен ҳам ортларидан юрдим.

Аёлларини бир-бирма бир зиёрат этиб, уларга салом бердилар, сўнгра кечани ўтказадиган аёлининг уйига кирдилар”.

Билол ҳикоясини бундай тамомлади:

“Расули акромнинг тирикчилиги ҳақида сўраган саволингнинг жавоби шудир”[1].

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

[1] Абу Довуд, Харож, 33, 35 (Албоний, Саҳиҳи сунани Абу Довуд, II, 262-263); Баззор, Муснад (ношир. Маҳфузурраҳмон Зайнуллоҳ), Байрут-Мадина 1409, IV, 216-218; Табароний, ал-Муъжамил-кабир (Салафий), I, 363-365; Ибн Ҳиббон, ас-Саҳиҳ (Арнаут), XIV, 261-264; Албоний, Саҳиҳи Маворид из-замаън, II, 492-495

Read 1476 times

Мақолалар

Top