Мақолалар

Қайнота – оила бошидир

Ҳар бир жамоанинг раҳбари бўлади. “Раҳбаримиз йўқ”, деган жамоаларнинг ҳам раҳбари бор. Буни эл “Ҳар тўдага бир бошчи” деб атайди. Қайсики жамоанинг раҳбари бўлмаса, ишининг ҳам тайини бўлмайди, ўша жамоада тартиб-интизом, тинчлик-омонлик, хайр-барака ҳам бўлмайди. Ислом таълимоти бўйича оила энг муҳим жамоа бўлиб жамиятнинг пойдевори ҳисобланади. Пойдевори маҳкам иморат мустаҳкам бўлганидек, оила мустаҳкам бўлса жамият ҳам бақувват бўлади.

Ҳозирги иқтисодий шароитда аёллар фаоллашиб, баъзи оилаларда устуворликга ҳам эришганлар. Шундай оилалар борки, аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий устуворлиги эркакларнинг ҳамиятига ҳам тегмай қўйган. Лекин бу ҳолат аёлни эркак, эркакни аёлга айлантирмайди.

Қуръони каримда бундай дейилган:  “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир*. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” (Нисо сурасининг 34-ояти).

Афсуски, ҳозирда кўплаб оилавий ажримларнинг сабаблардан бири оила бошлиғи (қайнота) ўзини четга олиши оқибатида қайноналар «хўжайин» бўлиб қолаётганидир. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду-насиҳат қилиб унга билмаганларини ўргатиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифаларни юклаб, зулм қилиб, охир-оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаётган қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Аллоҳ таоло эркакларни жисмонан қувватли, иродали, вазмин, мулоҳазали ва бошқа жиҳатлари билан устун этиб, оилани сақлаш ва бу йулдаги сарф-харажатларни зиммасига олишга қодир қилиб яратган.

Шу боисдан тўйдан кейин келиннинг қайнона ва қайнопа-сингилларга хизматкордек бўлиб қолишига йўл қўймаслик учун қайноталар бир оз эътиборли бўлмоғи лозим. Бундай вазиятда келин ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз ҳис қилиб довдираб қолгани оқибатида янги оилага меҳр қўйиб кетолмайди. Қайнота келинни едириб- ичириш, уй-жой, кийим-кечак билан таъминлаш, оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш – дам олиш, ибодат қилиш, бола тарбияси билан шуғулланиш каби ишларга ҳам шароит яратиб бериш масалалари эрнинг зиммасидаги мажбурияти эканини ўғлига тушунтирмоғи зарур. Келиннинг ҳам зиммасида оилада ўзига муносиб мажбуриятлари мавжуд бўлиб, янги хонадонга келишдан аввал зарурий таълимотларни ўз ота-онасидан олган бўлиши шарт. Айниқса, сабру қаноат, шукру итоат каби фазилатларни ўзига касб қилган бўлиши, янги оила аъзолари билан одоб-ахлоқ ва иззат-ҳурмат меъёрларига қатъий риоя қилган муомлада бўлиши даркор.

Аллоҳ барчамизнинг оилаларимизни тинч ва осойишта бўлмоғини насиб айлаб, юртимизни обод айлаб, халқимизнинг фаровонлигини янада зиёда қилсин.

  

Х.ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби

Read 6007 times

Мақолалар

Top