Мақолалар

“Ғурбатда ғариб...”

 

Сатр қатидаги хазина

 

                 Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

                 Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

                 Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,

                 Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

Устозларимиз ўгит берганидек, ҳар қандай бадиий асарни тадқиқ қилишдан олдин асар муаллифи, яъни ижодкорнинг тафаккур олами, дунёқараши, эътиқоди ва ўзига хос табиатини ўрганиш орқали унинг ижодини имкон даражасида  холис баҳолаш мумкин экан. Шу маънода кўп йиллик илмий изланишлардан кейин улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ихчамгина бир асарини тадқиқ ва таҳлил этишга журъат этдик. Кўпчилик деярли ёд биладиган ва айрим анжуман-тадбирларда такрор-такрор ўқиладиган “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” деб бошланадиган машҳур рубоийга илмий тадқиқотлар ва ўқув дарсликларда шарҳлар берилиб, унинг яратилиш тарихига тўхтаб ўтилган ва моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилинган. Уларда асосан рубоийнинг зоҳирий маъноси билан кифояланиш натижасида юзаки ҳамда бирёқлама хулоса чиқарилиб, шоир назарда тутган асл мақсад очилмай қолавергандек, назаримда.

Мактаб ёшидан биламизки, Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоий қадрдон дўст бўлишган ва устозлари Абулқосим Бобур ҳузурида таҳсил олишган. Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтини эгаллагандан кейин Алишер Навоийнинг нуфузи ва обрў-эътибори янада ошиб, саройда вазир ва муҳрдор лавозимларида ишлайди. Манбаларда айтилишича, айрим “реакцион гуруҳ”ларнинг ҳасад ва адовати туфайли Навоий саройдан четлатилиб, Хуросоннинг чекка вилояти – Астрободга сургун қилинган. Шу воқеа сабаб устоз ва ёру дўстларидан узоқда яшаб турган шоир мазкур рубоийни битганига ҳужжат-далил келтирилади. Бир жиҳатдан қаралса, бу фикрда ҳам асос йўқ эмасдек. Дастлаб саройда нуфузли лавозимларда ишлаб, шоҳ назаридан қолиб, Астрободга сургун қилинса, бу ҳол ижодкор руҳиятига таъсир ўтказмаслиги мумкин эмас. Навоийдек нозиктаъб шоир дўсти билан ораси бузилгани туфайли сарой мансабидан маҳрум этилишига бефарқ қарамагандир. Шу боис ўз вақтида мазкур рубоийда шахс эрки, Ватан муҳаббати, ватанпарварлик ва эрксеварлик ғоялари акс эттирилганига кўп урғу берилган. Навоийшунос Иброҳим Ҳаққул бир ўринда рубоийни бундай йўсинда талқин қилиш нотўғрилигини пайқаб,  уни жуда жўн ва юзаки тушунтириш муддаони ҳал этмаслигини, эскича, яъни шўро мафкураси ва сиёсати талаблари асосида талқин қилиш мутлақо яроқсизлигини таъкидлайди. Аслида ҳам, оддий ва соддадек кўринган рубоий матни ва моҳиятини тўғри тушуниш учун гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келади. Қолаверса, Навоийдек улкан қалб эгаси кимларгадир тиш қайраб, аламзадалик билан рубоий битганида ушбу рубоий ўз асридан нарига  ўтмаслиги мумкин эди.

Дастлаб мазкур рубоийдаги ғурбат ва ғариб истилоҳларининг маъно-моҳиятига теранроқ назар солинса, муддаога етиш осонлашади. Чунки рубоийнинг бутун моҳияти ва ғоявий мазмуни шу икки истилоҳ асосига қурилган десак муболаға бўлмайди.  Шоирлар султони, дея улуғланган Алишер Навоий ҳар бир сўзни ўз ўрнида ва исроф қилмасдан қўллаши шубҳа туғдирмайди, шунингдек, ҳар бир сўзни назм ипига дурдек тизиб, ортиқча мулоҳазага ўрин ҳам қолдирмайди. Бу хусусда навоийшунос олимлар ўз тадқиқот ишларида кўп ёзганлар. Мумтоз адабиётимизда соқий, май, майхона, харобот, юз, кўз, ораз ва бошқа шу каби сўзлар луғавий маъносидан ташқари рамзий-тимсолий истилоҳ сифатида қўлланган. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур рубоийдаги  ғурбат, ғариб, эл, қафас, булбул ва гул каби сўзларнинг зоҳирий  маъноси билан чекланилса, асл мақсад очилмайди ва нотўғри хулоса чиқариб қўйиш мумкин.

 “Навоий асарлари луғати”да ғариб сўзи  икки маъноли бўлиб, бири мусофир, бошқа жойдан келган, кимсасиз, иккинчиси ажойиб, қизиқ, камёб маъноларини билдиради. Ғурбат сўзининг ғариблик, кимсасизлик, мусофирлик ва ўз ватанидан узоқда қолиш каби маънолари мавжудлиги келтирилган. Дастлаб шу икки истилоҳнинг қайси маънода қўллангани аниқлаб олинса, рубоийда ифодаланган маъно қатламига кириш ўқувчига машаққат туғдирмайди. Луғатда келтирилган ғариб ва ғурбат истилоҳини бир юртдан бошқа юртга бориб, яшаётган мусофир ва бегона маъносида тушуниш тўғри эмас. Демак, ғариб сўзининг юзаки, яъни луғавий маъноси билан чекланилса, шоир томонидан санъаткорона тарзда устига парда тортилган маъно дурини қўлга киритиб бўлмайди. 

“Маҳбуб ул қулуб” асаридаги бир танбеҳда яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўз борганда:“ Одам била шайтон мухолифатин унутма. Ота душманин ўзунгга дўст тутма. Отангни биҳиштдек маъманидин жало қилди ва йиллар хокдон ғарибистонида залил ва мубтало қилди. Ва отанг авлодидин баъзи анга интиқом туздилар ва хору забун қилиб жафолар кўргуздилар. Нафсни чу тақво риёзати била зеридаст қилдилар – шайтонни залиллиқ била ерга паст қилдилар. Сизнинг адоватингиз ҳаргиз адам бўлмас. Бу душманлиқ орангиздан ҳаргиз кам бўлмас. Бу ғолиб душмандин бир дам ғофил қолма, ўчиролмас исён ўтин ўз хирманингға урма”, дея одам фарзандлари огоҳлантирилган. Мазкур танбеҳдаги “одам” ва “ота” ким ва нега шайтон билан душман тутинади, деган саволга жавоб бериш учун диний-тасаввуфий манбаларга мурожаат қилишга тўғри келади. Одам аслида Одам Ота бўлиб, унинг жаннатдан ер – хокдон ғарибистонига бадарға бўлиб, меҳнат-машаққат, хорликка мубтало этилиши  бу дунё яралиши ва унинг ибтидосига бориб тақалади. Одам ато беҳиштдек маъман - роҳат-фароғат, омонлик-тинч макондан бу дунёга қувғин қилинган “Ғурбатда ғариб...” рубоийсининг етакчи мотиви, инсонга бу фоний оламга бошқа оламдан келган мусофир ва ғариб деб қаралади. Жаннат - асл ватан, хокдон ғарибистон – ер юзи, яъни фоний макон. “Фарҳод ва Ширин” достонида:” Муни маъман дема, дегил харобе, муни маскан дема, дегил ҳубобе”, дейилганида айнан ер юзи назарда тутилган. Одам Отанинг Парвардигори олам назаридан қолиб, беҳиштдаги нозу неъмат ва хотиржам ҳаётдан бу дунёга тушиши бир ғариб кимсанинг ғурбатхонага келиб қолишини эслатади. Мазкур рубоийда одамзот тарихининг ибтидо ва интиҳоси, бу дунёнинг роҳат-фароғати ва завқ-шавқи муваққатлиги учун уни ғурбатхона, ўзини эса ғариб деб аташига ишора қилинмоқда ва ғурбатда шодмон бўлмасликнинг асл сабаби ҳам шу. Фарҳод ўз тилида “ Менинг ишқ эрмиш аввалдин сариштим, яна ғурбатда ўлмак сарнавиштим”, деганида шунга уйқаш маънони тушунилади. Сарнавишт олдиндан белгиланган, тақдир маъносини берса, сарришта ипнинг учи, баҳона ва сабабчи маъносида. Мўътабар манбаларда  Одам Ота ва Момо Ҳаво ман этилган жаннат дарахти мевасидан олиб еганлари учун қувғинга учраб, ер юзида яшайдиган илк ғариб инсонга айланишади. Қолаверса, бу ғурбат жой  биргина Одам Отага эмас, балки унинг авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтади. То қиёматга қадар Одам Ота ва Момо Ҳаводан тарқалган авлодлар ер юзи – хокдон ғарибистонни манзил тутиб, дунёга келган ҳар бир инсон ғарибликда ғурбат аччиғини тотиши, азоб-уқубатини чекиши тақдирга битилган. Аммо яна аслий ватанга бориш учун шайтони лаъинни душман тутиб, унинг ҳийла-найрангига алданмасдан ҳаёт кечириш керак экан. Бу дунё қўналға, мусофирхона, ғурбатхона дея қаралгани сабаб одамзот унда абадий яшаб қололмаслиги ва албатта бу дунё сафари бир кун ниҳоя топишини билдиради. Алишер Навоий бир ғазалида:

Ғурбат ичра йиғлар эрдим истабон ёру диёр,

Чунки топтим истамак ғурбат эрур беҳад ғариб, –

деганида ҳам бир ўқишда ватанидан қувғинга учраб, қаттиқ қайғуга ботган кимсанинг ҳолати тушунилиши табиий. Аммо ундаги ғурбат, ёру диёр ва ғариб маъноларига юзаки ёндашилса, байтнинг моҳиятини англаб бўлмайди. Дин тарихида пайғамбарлар, валий ва аллома зотлар бу дунёнинг ўткинчи эканини, унга кўнгил боғлаб бўлмаслигини ҳамда бир зумда елдек ўтиб кетишини таъкидлаб, ундан ўзларини тортганлар. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, нотинч ва уруш-жанжал кўпайган жойни халқимиз ғурбатхона дейди. Бировнинг уйида ҳар куни нотинчлик бўлиб, уруш-жанжал, тўс-тўполон бўлаверса, ғурбатхона бўлибди, у ерга борма, деб айтишади. Навоий бу дунёни ғурбат деб атаганида оддий халқ тилидаги шу маънони ҳам эътибордан соқит қилмаган. Жалолиддин Румийнинг “Маънавийи маснавий” муқаддимасида найнинг қамишзордан кесиб олинганидан кейин оҳу нола чекишига ўз оламидан жудо бўлиб, ғарибга айланиши сабаб сифатида кўрсатилади. Шу боис най ўз ватанидан айрилиб, дунё ғурбатхонасига тушганига оҳу фиғон тортади, қалбларга ғам-қайғу улашади. Най инсон руҳи, уни руҳлар оламидан бу дунёга келтирилди, у яна ўша оламга қайтиб бориши даркор. Найнинг ғариблик ҳолати билан таҳлил этилаётган рубоийдаги ғариблик муштарак маъно касб этади.

“Маҳбуб ул қулуб” асаридаги яна бир танбеҳда: “Ҳар ким адам ниҳонхонасидин вужуд анжуманиға қадам урубтур ва бу бақосиз оромгоҳда бир нафас ўлтурубтур, яна қайтиб асли ватаниға азм этмак керак ва қайдин келибдур яна ул ён кетмак керак”, дейилганида бақосиз оромгоҳ билан олдинроқ келтирилган танбеҳдаги хокдон ғарибистон бир маънони беради, асл ватан эса яна Одам Ота ва Момо Ҳаво маскан тутган, бир муддат яшаган жаннатдир. Рубоийда келтирилган ғурбат — бу дунё, унга келган одам ғариб ҳисобланса, бу ғурбатда ғарибликни ҳис этган киши шод-хуррам бўлолмаслиги аниқ, қолаверса, эл – олам аҳли ҳам бир-бирига адоватда яшайди, низолашади, ҳақни талашади-тортишади. Инсоният тарихида Одам Ота бу дунёга келган илк ғариб инсондир. Одам фарзандларига ғариблик Одам Отадан мерос, меҳнат-машаққат, дард-оғриқ, жабру ситам чекиладиган жой ғурбат. Аммо шу ғурбат жойда азалий меросни унутиб, беш кунлик дунё, яъни ғурбатни ўзига шод-хуррамлик макони деб билган киши адашади. Рубоийда келтирилган ғурбатдаги ғариб кишининг шодмон бўлолмаслиги дарсликларда  айтилганидек, эрк туйғуси ва ватанидан узоқда бўлиш, бегона элда  шод-хуррам бўлолмаслиги эмас, ғайб оламидан ерга туширилган одамзот қавмини билдиради. Яна мазкур рубоийнниг охирги радифи “эмиш” билан тугалланганига аҳамият берилса, “экан” дегандан “эмиш” сўзи бу дунё ибтидоси ва интиҳоси чексиз эканлиги боис рубоийни “эмиш” радифи билан тугаллаш шу маънода бу жараёнга  афсонавий тус берилиб, фикр қамровига оғир эканлигига ишорадир. Қолаверса, бу ғурбат жойда неча минг йиллардан бери нафси учун қон тўкиб, разолат ва қабоҳат ботқоғига ботганлар аслида ўзлиги, асл ватани, яъни қаердан келганини унутиб яшаётган “эл” дир. Олам аҳли бу дунёда ғариб эканини ҳис этмаса, вақтинча яшаб турган жойини ғурбат деб билмаса, бир-бирларига озор етказади, бир-бирининг ҳақини ейди, ҳасад ва душманлик қилиб, бир-бирига мушфиқ ва меҳрибон бўлолмайди. Бу дунё ҳаёти ўткинчи, бири кетса, ўрнига яна бошқаси келаверади. Шу тариқа ҳаёт давом этиб, ҳеч қачон интиҳоси йўқдек таассурот қолдиради. Бироқ озгина яшаб, ўлим аччиғини тотадиган киши бу дунё ҳаёти абадий эканига ишонадими? Шуни англаб яшаган киши, албатта бу дунёда ўзини ғариб ва бегона ҳис этади, ҳаёт ва ўлим моҳиятини англаб етади, бу дунёнинг ўткинчи матоҳи ва орзу-ҳавасларига қул бўлмайди. Шу боис Фарҳод ва Мажнун ўзини бу дунёда ғариб ва танҳо деб билади, ўзини тутшунмайдиган “эл”дан узоқлашишга мажбур бўлади, ҳайвонлар билан улфат тутинади. Фарҳод бир ўринда ўзини заиф, нотавон, ғариб, ошиқ, бухонумон, дея атагани ҳам бежиз эмас. Навоий рубоийда ғурбат ва ғариблик деганда бу дунёнинг муваққат, ғурбат жойда қолиш, хурсандлик унга татимаслиги ва бу олам завқ-шавқидан ортиқча хурсанд бўлолмаслигини оддий ва содда тарзда тушунтирмоқда. Чунки  бу дунёда муҳайё этилган лаззат ва роҳатлардан тотган инсон, бу роҳат ва лаззатларнинг бир кун бориб тугашини кўз олдига келтириши билан ҳафсаласи пир бўлади.

 Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, рубоийнинг олдинги икки байти билан кейинги икки байти ўртасида мантиқий боғланиш бузилгандек кўринса-да, аммо унинг маъно-моҳиятига етиб бориш орқали шоир маҳорати юксак эканига амин бўламиз. Мумтоз адабиётимизда булбул ва гул ошиқ билан  маъшуқа тимсоли сифатида оддий ҳамда кўчма маънода қўлланиши кўп учрайди. Гул маъшуқа маъносини беришдан ташқари роҳат, май қуйиб берувчи, дунё ва моддий лаззат, баҳор, жон, май, тахт деган бир қанча маъноларда ҳам истеъмол этилади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: ”Бу жасадлар қушларнинг қафасидир, ҳайвонларга ноғорадир. Нафсинг ҳақида тафаккур қил. Эй сен кимса, агар улуғ қушлардан бўлсанг, ноғора садосин эшитган заҳоти Роббингга қайт”, деган. Навоий қафас, булбул ва гул истилоҳларини келтириш орқали ғариблик мақомида туриш ҳолатини чизиб кўрсатмоқда. Чунки қафасга тушган булбул қандай қилиб чшнаб-очилиб ўзига жалб этиб турганига қарамасдан бир куни сўлиб, заволга учрайдиган гулга кўнгил боғлайди? Бу дунё бебақо бўлсаю ундаги гулга муҳаббат изҳор этиши ва унинг муҳаббатига маҳлиё бўлиши мумкинми? Бу дунё қанча безатиб-зийнатлаб кўрсатилмасин, барибир асл ватан — жаннатнинг оддий тиканига ҳам арзимайди.

Айтишларича, булбул кундузи гулзорда очилган гулга парвона бўлиб, унинг ишқида куйиб-ёнади, хониш этади. Кеч тушган заҳоти тиканзордаги чакалакка бориб, инида тонг оттирар экан. Айнан биз тилга олган мавзуда Фариддин Атторнинг “Мантиқут тайр” достонида булбул гулнинг ишқи менга кифоя этади, дейилади. Ҳудҳуд уни суратга бандиликда айблайди. Гул ушбу ўринда дунё тимсоли маъносида келтирилган. Рўзбеҳон Буҳлий Шерозийнинг “Шарҳи шатаҳиёт” асарида руҳ булбул тимсоли, Саййид Жаъфар Сажжодийнинг “Фаранги истилоҳоти ирфоний”да қафасни инсон жасади, нафси аммора ва дунё тимсоли, деб келтиради. Хожа Абдуллоҳ Ансорий “Кашфул асрор”ида қафас – жисм, омонат – жон, қуш унинг қанотидир. Гул соликнинг кўнгли, маърифат олами сари очилишидир. Соликка Ҳақ таоло иноятининг тавфиқи берилиши тимсолидир, дейди. Мавлоно Хароботий: ”Умрни билғил ғанимат ҳар нафас, Руҳ бир қушдирки, тан гўё қафас”, деганида ҳам биз назарда тутган маъно очиқ-равшан баён этилган.

 Умуман олганда, Алишер Навоий ўз асарларида муайян шахс ва замондан шикоятини ўз ижодининг асосий ғоясига айлантирганида асарлари ўша даврдан узоқларга парвоз қила олмасди. Кўпроқ инсоният тақдири ва қисматига битилган оғриқ-азобларни ўйлаб, изтироб чеккани боис шоир асарларидаги ғоя ва қарашлар умумбашарий маъно-мазмун касб этиб, асрлар оша яшаб келмоқда, улуғ ва юксак қарашлар билан суғорилганидан уларни тушунишда мураккаблик юзага келиши табиий.

 

Бобомурод Эрали

Read 11044 times

Мақолалар

Top