Мақолалар

Қурон ва ҳадисларда савдо ҳақида

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган.

“Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” (Бақара сураси, 275-оят).

“Эй мўъминлар! Бирингиз бирингизнинг молини ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақатрози бўлиб савдо қилиш билан олгач ейишингиз мумкин”. (Нисо сураси, 29-оят).

Биз «савдо» деб таржима қилган сўз арабчада “байъ” дейилиб луғатда «ўзаро бир нарсани алмаштириш» ни англатади.

Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга “байъ” деб аталади. Умуман олганда савдо сўзи «тижорат» сўзидан кўра бозор иқтисоди деган сўз маъносига яқинрокдир.

Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди. Чунки, тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий холатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда куришга умид қилгани ҳолда, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди, ва бошқа хизматларни қилади. Тижорат ҳалол меҳнатдир.

Тожир меҳнат қилиб, молу-пулини ишга солиб ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо қилади. Энг муҳим омиллардан бири–тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади. Судхўр-чи? У хеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъий назар фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йуқ. Ушбу ва яна бошқа бир канча сабабларга кўра тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссалом, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик билан шуғулланганлар. Ҳалифалардан Усмон ибн Афон розияллоҳу анҳу ҳам савдогарлик билан шуғулланар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: «Эй камбағаллар жамоаси! Бошларингни кўтаринглар ва савдогарлик қилинглар албатта йўл кушодадир ва одамларга муҳтож бўладиган фақир бўлманглар». Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Динда фақиҳ бўлмаган савдо конун коидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин ё ўзига зарар қилади ёки ўзгага зарар қилади».

Рифоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ростгуй, омонатли, тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”. Уламоларимиз тижорат, зироатдан ва саноатдан энг афзал касб тижорат деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса, карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин» дедилар.

Баъзи ҳукамолар шундай деган эканлар: «Ҳар вақтики савдогарда уч хислат бўлмаса, икки дунёда муҳтож бўлгай»:

1- Тили уч нарсадан: ёлғон, бадхулқлик, хиёнат ва касамдан пок бўлмаса,

2- Дили уч нарсадан: бадхулқлик, хиёнат ва ҳасаддан пок бўлмаса.

3- Намози жумъа ва жамоат намози, баъзан илм талаб қилмок ва бошқа одамлардан кўра Худойи таолонинг розилигини ихтиёр қилмок бўлмаса.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир» деганлар.

Савдо ер юзида тинчлик ва осойишталикни таъминловчи асосий омиллардан биридир. Савдо тартибига риоя қилинган жамиятда сотувчи ва олувчи бир-бирларини дуо қилади, раҳмат айтади, барака ҳам шунда. Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга унда кишиларнинг тўғрисўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдогарлик қилингларки, халқнинг ризқлари 10 қисмдир, 9 қисми савдогарликда, яни сотмоқда ва олмоқдадир”.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Касбларнинг энг яхшиси – тижоратчиларнинг касбидир. Улар гапирсалар ёлғон гапирмайдилар, уларга омонат қўйилса хиёнат қилмайдилар, ваъда берсалар хилоф қилмайдилар, сотиб олаётгаларини пастга урмайдилар, сотаётганларини бўрттирмайдилар, қарзларини беришни чўзиб юрмайдилар ва бировга қарз берганларида уни қистамайдилар” (Байҳақий ривояти).

Улуғлардан биридан сўрадилар: Обид устунроқми? Ё Омонатдор савдогар? Улуғ зот жавоб бердилар: “Омонатдор савдогар устунки тарозуда бермоқ ва олмоқда шайтон уни оздирмоққа қасд қилур, омонатдор савдогар эса унинг хилофини қилиб, шайтонга ғолиб бўлур.

Энг муҳими ҳалол савдо ибодатга айланади. У орқали бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру-савоб, мақому мартабага эришилади

Мусулмон тижоратчининг омонатдор бўлиши муқаддас динини кўрсатмаси ва топшириғи экан. Ривоятларда келишича Юнус ибн Убайд ҳар хил нархдаги кийимларни сотар эди. Баъзи кийим-кечакларининг нархи тўрт юз танга бўлса, баъзилариники икки юз танга эди. Бир куни ўзининг ўрнига дўконда жиянини қолдириб ўзи намоз ўқиш учун масжидга жўнабди. Шунда дўконга бир аъробий келиб тўрт юз тангалик кийим сўрабди. Унга икки юз тангалиги кўрсатилганда либос унга маъқул келиб уни сотиб олибди. Юнус ибн Убайд йўлда ҳалиги аъробийни учратиб қолибди ва либос ўзининг дўконидан сотилганини пайқаб ундан “Қанчага сотиб олдинг?” деб сўрабди. Аъробий тўрт юз тангага олганини айтгач Юнус ибн Убайд у либос икки юз танга туришини ва қайтариб олиб боришини айтибди. Аъробийнинг: “Биз томонларда бунинг нархи беш юз танга, мен розиман” деган гапига қарамай “Тўғрилик мол-у дунёдан яхшироқ” деб дўконидан икки юз тангасини қайтариб берибди, жиянига эса бу иши учун қаттиқ дашном бериб, уни инсофли бўлишга чақирибди.

Бунга ўхшаш воқеани Муҳаммад ибн Мундакир роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларида ҳам учратишимиз мумкин. У киши ҳам савдогарлардан бўлиб турли либосларни сотар эдилар. Бир куни ўрнига ёш бола савдо қилиб беш тангалик кийимни ўн тангага сотганлигини билиб қолиб харидорни излашга тушибди. Ахири топгач унга: “Ёш бола сизга беш тангалик кийимни ўн тангага сотибди”  дебди. У одам розилигини айтганда унга қарата: “Биз ўзимизга раво кўрганимизнигина бошқаларда бўлишига розимиз. Энди ё ўн тангалик либослардан бирини олинг, ёки беш тангани қайтариб берай, ёки бўлмаса либосни қайтариб пулларингизни олиб кетинг” деб айтибди. Ҳалиги одам беш тангани қайтариб олибди ва одамлардан бу улуғ зот ким эканлигини сўрганида улар Муҳаммад ибн Мундакир эканлигини айтишибди.

Тошкент ислом институти

4-босқич талабаси

Жиенмуратов Сардар

Read 1378 times

Мақолалар

Top