Мақолалар

Рамазон рўзасининг суннатлари

Агар тутаётган рўзангизнинг савобини кўпайтиришни истангиз,

Рўза ибодатингизга руҳ киритмоқчи бўлсангиз,

унда рўзанинг суннатларига амал қилинг....

 

Улардан биринчиси – ҳатто бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш баракадир. Уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк этманг. Чунки Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

 
иккинчиси – ифторликни вақти кириши билан тезлаштириш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

учинчиси – ифторликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар: “Заҳабаз зомау вабталатил урууқ ва сабатал ажру, иншааллоҳ”

“Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар (Абу Довуд ривояти).

 

тўртинчиси – рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

бешинчиси – Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш.

 

олтинчиси – Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш.

 

еттинчиси – дуо, садақа қилиш, яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш, беморларни зиёрат қилиш, қавм-қариндошлар билан силаи раҳмни боғлаш.

 

Рамазон ғанимат ойидир. Бу ой иймонни кучайтириш, Жаннатни қўлга киритиш ҳамда дўзахдан омонда бўлиш учун имкониятдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазондан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқимизга тавфиқ берсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1448 times

Мақолалар

Top