Мақолалар

Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ

Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати унинг қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солинганда, одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, Ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир.

Шу йилнинг 17 февраль куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар аъзоларини умра зиёратига жўнатиш тўғрисидаги илтимосига розилик берганлари жуда катта тарихий воқеа бўлди. Чунки бу дунё тажрибассида тизимли равишда ташкил этилмаган ноёб ҳодисадир.

Тошкент вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳридан 4–6 нафардан, жами 100 нафар ана шундай инсонлар кечагина умра сафаридан қайтишди. Муқаддас шаҳарларда уларга яратилган шарт-шароитлар бутун дунё мусулмонлари ҳавасини келтиргани рост.

Аслида, камбағаллик айб эмас. Чунки Аллоҳ таоло кимнидир бой, кимнидир эса қўлини калтароқ қилади. Жамиятда ижтимоий мувозанат бузилмаслигининг олдини олиш мақсадида Ислом эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишни фарз қилди. Бу жуда савоби улуғ амалдир.

Исро сурасининг 70-оятида “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифда “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деганлар.

Дарҳақиқат, юртимизда инсонга ғамхўрликнинг, эътиборнинг, эҳтимомнинг энг олий намунаси сифатида муҳтож кишиларнинг умрага жўнатилганини алоҳида эътироф этиш зарур.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг муҳим, айниқса, бугунги кун учун қайта-қайта эслаб турадиган бир сўзи бор: “Аллоҳ таоло Қуръон билан ҳал бўлмаган ишларни султон билан ҳал қилади”. Подшоҳ, одил раҳбар эътиборидан ҳеч нарса четда қолмайди, шу жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни умра сафарига жўнатиш ҳам.

Бундай бахтга мушарраф бўлган юртдошларимиз кўнгли тоғдек кўтарилиб, инсон қадри улуғланган юртда туғилгани учун шукроналар келтиришмоқда. Ушбу хайрли ишлар бошида турганларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишяпти.

Рост-да, сизга яхшилик қилган инсонни, айниқса, бир умрлик орзуингиз бўлган муқаддас заминга бориб, умра ибодатларини бажариб келишга кўмаклашган, барча шароитларни яратиб берган, боз, текинга жўнатган муҳтарам Юртбошимиз бошчилигидаги барча азизларимизни дуо қилмай бўладими?!

Ишончимиз комил, умра ибодатларини адо этиб келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларини кўрган, Каъбада тўйиб-тўйиб ибодат қилган эҳтиёжманд оилалар вакиллари бир умр шу ишга ҳисса қўшганларни алқаб ўтишади.

Умрага бориб келган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, ҳазрат Алишер Навоийнинг гўзал бир байти эсимга тушди:

Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ,

Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ.

Аллоҳ таоло футувват ишларининг бошида турган барча азизларимиздан Ўзи рози бўлсин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1701 times

Мақолалар

Top