Мақолалар

Вақтингиз ҳаётингиз

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан бебаҳра қоладилар. Улар соғлик ва бўш вақтдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Муҳаддислар ўз асарларида “Риқоқ китоби” учун жой ажратишни одат қилганлар. Унда қалбни юмшатиб, мулойим қилувчи ҳамда унинг дунёда зоҳид бўлиб, охиратга рағбат қилишига ундайдиган ҳадисларни келтирганлар. Бундай ҳадислар инсон руҳини тарбиялаб, ахлоқини юксалтиришда катта аҳамиятга эга бўлгани учун баъзи машойихлар уларни алоҳида китоб шаклида ҳам тасниф қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг “Зуҳд ва риқоқ”, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Вакиъ Ибн Жарроҳ раҳматуллоҳи алайҳларнинг “Зуҳд” номли китоблари исломий кутубхоналар фахри бўлиб туради.

Бу мавзудаги баъзи ҳадисларнинг лафзи қисқа бўлишига қарамасдан кенг маъноли. Агар инсон уларни эътибор билан ўрганса, қалби покланиб, нафси тузалишига етарли бўлади. Юқорида келтирганимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳ”ида “Риқоқ китоби”нинг аввалига қўйган ҳадисдир. У зот дақиқ фикрлайдиган ҳамда иқтидор ва маҳорати инсонни ҳайрон қолдирадиган даражада. “Саҳиҳ”ида келган ҳар бир ҳадиснинг ажиб нукталари бор бўлиб, улар Китоб режали манҳаж асосида ёзилганини англатади. Шу манҳаж сизга ҳадис матнларини ўқиб, фикр юритмасданоқ, уларнинг мавқеини кўрсатиб беради. Бунга мисоллардан бири шуки, Имом Бухорий “Риқоқ” китобини мазкур ҳадис билан бошлаши унинг шу мавзудаги ҳадисларнинг асоси эканига ишора қилган.

Отам раҳматли мавъизаларида, давраларда шу ҳадисни кўп айтардилар. Бир гал Покистонга кўчиб ўтганларидан кейин биринчи марта қайтиб Ҳиндистонга борганларида Девбанддаги “Дорул улум” таълим даргоҳини зиёрат қилдилар. У ердаги устозу талабалар у кишидан ваъз-насиҳат қилиб беришларини сўрашди. Отам ваъзларини: “Ҳозир сиз мени илмий баҳс юритиб илмий нукталарни очишимни ёки чигал масалалар ечими ҳақида гапиришимни кутаётгандирсиз. Аммо мен “Дорул улум” доирасида қилиб юрган бу каби илмий мавзулар ўрнига илмий бўлмаган ва баҳссиз, лекин ўта муҳим бир мавзу ҳақида гапиришни афзал билдим”, деб бошлаб, кейин мана шу ҳадисни кенг шарҳладилар.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

Read 1149 times

Мақолалар

Top