Мақолалар

Ҳажжи мабрур жаннат калити

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):Ким Аллоҳ учун холис ҳаж қилиб, фаҳш сўзларни гапирмаса ҳамда гуноҳ қилмаса, у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаж луғатда бир нарсани қасд қилиш маъносини англатади. Шарий истилоҳда махсус макон, аниқ вақт ва ўзига хос амаллар билан Аллоҳ таолога ибодат қилишга ҳаж дейилади.

Ҳаж буюк ибодат бўлиб, у Ислом арконларидан биридир. Балоғатга етган, ақлли, ҳур ҳамда йўлига қодир бўлган барча мўмин ва мўминаларга умрида бир бор ҳаж қилиш фарздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли имрон, 97).

Банда ҳаж қиларкан ёлғиз Аллоҳ таолони ният қилиши лозим. Унинг розилигини қасд қилиб, савоб беришини умид қилиши керак. Ҳаж сафарида тижорат, саёҳат ва шунга ўхшаш ўзга нарсани ният қилса, ҳадиси шарифда ваъда қилинган гуноҳлар кечирилиш мақомига эришолмайди. Чунки ким нимани ният қилса ўшанга етади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биринчи умра иккинчи умрагача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир”, деганлар (Имом Бухорий, Муслим ривояти). Ҳаж сафарига Аллоҳ таолодан ўзга нарсани қасд қилган кимса, ният қилган нарсасига эга бўлиб, буюк мукофотдан маҳрум бўлади.  

Ҳадиснинг “фаҳш сўз” деб таржима қилинган қисми ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи муҳаддислар “Ундан фаҳш сўз тушунилади”, деганлар. Бошқа олимлар “жимо” ёки “жимога ишора қилиш” маъноси англанади дейишган. Ҳофиз ибн Ҳажар ва Имом Қуртибий (раҳматуллоҳи алайҳума): “Бу сўз умумий бўлиб, ёмон, фаҳш ва уят каби кўплаб маъноларни ўз ичига олади”, деб фикр билдирганлар. 

Ҳадиснинг “гуноҳ қилмаса” деган қисми луғатда чиқиш маъносини англатади. Бу ерда Аллоҳ таолонинг итоати ва ҳақ йўлдан чиқиш, Унинг буйруқларига бўйсунмай, исён қилиш каби маънолар тушунилади. Ҳадисда бошқалар билан тортишмаса, жанжаллашамаса деб зикр қилинмади. Чунки “гуноҳ қилмаса” жумласининг маъноси умумий бўлиб, у барча гуноҳларни ўз ичига олади. Яъни тортишиш, озор бериш, ғийбат ва бўҳтон каби гуноҳлардан сақланиши ҳожига лозим бўлади. 

Ҳадиснинг умумий маъноси каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятларни барчасини қамраб олади. Ҳажжи мабрур сабабли Аллоҳ таолонинг фазли-карами билан олдинги барча гуноҳлар соқит бўлади. Бундан банданинг ҳақига бўғлиқ гуноҳлар мустаснодир. Чунки банданинг ҳақи тавба билан кечирилмайди.

“…у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади” ҳадиснинг бу қисмида гуноҳлари кечирилган инсонни янги туғилган чақалоққа ўхшатилмоқда. Чақалоқ Ислом фитратида туғилиб, у барча гуноҳлардан маъсум бўлади. Ким мазкур ҳадисдаги каби холис Аллоҳ таолони ният қилиб, тилини чақимчилик, бўҳтон, ғийбат, тилёғламалик ҳамда масхара каби фаҳш сўзлардан тийиб, барча гуноҳлардан сақланган ҳолда ҳаж ибодатини бажарса, у чақалоқ каби маъсум ва гуноҳлардан фориғ бўлади.   

Ҳажжи мабрур бандани Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борувчи йўл экани ҳадисда ифодаланмоқда. Аллоҳ таолонинг фазли билан банда жаннат аҳли бўлади. Жаннатда Набийлар, сиддиқлар ва солиҳлар билан бирга бўлади. 

  

Манбалар асосида

Баҳриддин Жўрабек ўғли

тайёрлади

Read 5725 times

Мақолалар

Top