Мақолалар

Нажот – намозда

Кўпчилигимиз ёмон одатлардан қутулиш учун турли чоралар ахтарамиз. Иллатлардан халос бўлиш учун ҳар хил усулларни қўллаймиз. Лекин буларнинг уддасидан, ҳарчанд уринсак-да, чиқа олмай оворамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мар­ҳамат қилади: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур” (Анка­бут сураси, 45-оят).

Барча шартларига риоя қилиб, хушу ва хузу билан ўқилган намоз намозхонни фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради.

Ишхонада бирор айб иш қилиб қўй­сак, раҳбарнинг юзига қарашга уяламиз. Оилада фарзанд қилган ножўя иши туфайли ота-онасидан ҳайиқади. Худди шундай биз бирор айб иш қилсак, ҳар куни беш маҳал ҳузурида турадиган Раббимиздан ҳаё қиламиз. Шу боис намозлар орасида, умуман, ҳар доим фаҳш ва ёмон ишлардан узоқ бўлишга интиламиз.

Имом Абу Олия айтади: «Албатта, намознинг уч дўсти бор. Қайси намозда ушбу уч дўст топилмас экан, унинг маъноси қолмайди. Улар: ихлос, хавф ва Аллоҳнинг зикридир. Ихлос яхшиликка буюради, хавф ёмонликдан қайтаради ва Аллоҳнинг зикри Қуръонга буюради» («Тафсири ибн Абу Ҳотим»).

Қуёш билан мусобақалашгандек, тонг отмасдан уйғониб, покланиб, Аллоҳга ибодат қилиш, зикр ва тас­беҳлар айтиш, илтижолар қилиш қан­чалик завқли-мароқли... БОМДОД вақтининг ифорини туйишнинг гашти бўлакча... Бундай ибодат ёлғончи ва ўткинчи дунёга қарши кийилган мустаҳкам зирҳдир.

Куннинг серташвиш онларида, яъни ПЕШИН вақтида тирикчилик­ни бироз четга суриб, Набий алай­ҳиссалом “Кўзимнинг нури” (Имом Насоий ривояти) ва “Диннинг устуни” (Имом Дайламий ривояти), дея таърифлаган намоз сари чоғланамиз. Ибодатни адо этгач, ич-ичимиздан руҳий енгиллик туямиз.

Дунё ҳаётининг бир кунлик йўлида АСР намози тайин этилган “бекат”ида тўхтаб, яна бироз тин оламиз-да, ожиз банда эканлигимизни, “Дунёда гўё ғариб ва йўловчи каби бўлишимиз” (Имом Бухорий ривояти)ни эсга олиб, Ҳақ таолодан абадий саодатни умид қилиб, муножот айлаймиз.

Қош қорайгач, яна ихлос билан қиб­лага юзланамиз. Қуёш ботиши билан кундузимиз ҳам поёнига етиши, вақти-соати келиб, умримиз ҳам ниҳояланишини эслаб, ШОМ намозига киришамиз.

Кундузи билан бирга дунё ҳам тун бағрига ғарқ бўлган онларда, ўлимнинг рамзи бўлган уйқуга ётишдан олдин яна бир бор жойнамоз устида туриб, ХУФТОН намозини адо этамиз. Хуфтонни ўқиб бўлгач, кунлик ҳисобот топширгандек кун давомида билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун истиғфор айтиб, чарчоқларни унутиб, меҳрибон ва раҳмли Раббимизнинг раҳмат уммонига чўмган ҳолда шукроналар айтамиз.

Бир кунда барчаси жамланса, бир соатдан ошмайдиган, инсонга ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик, ором ва оройиш берадиган энг мукаммал чора бу – НАМОЗ.

Аллоҳ таоло: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва тас­кин топур) (Раъд сураси, 28-оят), деб марҳамат қилган.

Намоз ўқиган одам руҳан тетик бўлади, руҳан тетик бўлган одам ҳар қандай ташвишу муаммони ҳеч қийинчиликсиз енгиб ўта олади.

Нобель мукофоти лауреати, инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: “Мусул­монларнинг намози 2000 йилларга келиб дунёдаги энг машҳур профессор-шифокорларнинг рецептидан жой олади...” деган эди.

Ҳа, ихлос билан ўқилган намоз на­фақат инсоннинг охирати учун, балки соғлиги, руҳияти учун ҳам кони фойдадир.

Толибжон НИЗОМ

“Ҳидоят” журналининг

2023 йил 2-сонидан олинди

Read 1405 times

Мақолалар

Top