Мақолалар

Фараҳбахш кунлар муборак!

Яқиндагина интиқлик ила кутганимиз Рамазон поёнига ҳам етиб бормоқда. Бу муборак ойнинг илк кунидан бошланган хатми Қуръонлар улуғ кечада итмомига етди.

Юртимизнинг 1500 дан зиёд масжидларида, жумладан, вилоятимиздаги 194 та жомеда ўтказилган хатми Қуръонлар Қадр кечасида ниҳояланди. Юртимиз бўйлаб бир вақтда якунланган Каломуллоҳ хатми сўнгида мўмин-мусулмонлар бир пайтнинг ўзида дуога қўл очдилар. Уламолар, аҳли илмларнинг маърифий суҳбатлари буюк кечанинг файзига файз қўшди. Хатми Қуръонларнинг 27 кунлик тажрибасидан ёшу қари бирдек қувонгани, халқимизга бу тадбир манзур бўлганини мамнуният билан тилга олиш мумкин.

Кўзларда ёш, қалблар Аллоҳга боғланган ҳолда дуога кўтарилган қўллар ила мўмин-мусулмонлар ватани ва дини ривожи, халқи ва оиласи фаровонлиги, икки дунё саодатини сўраб илтижо қилдилар. Илоҳо, улуғ кечаларда Аллоҳнинг байтида туриб қилинган дуолар ижобат бўлсин!

“Яхши кунлар тез ўтади”, дейишади. Жонажон диёримизнинг мўмин-мусулмонлари ўн икки ойнинг султони бўлмиш Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказиб, бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантирдилар. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни «Ийди-Фитр», яъни Рамазон ҳайити каби улкан шодиёнани ҳам интиқлик ила кутмоқдалар.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (Мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки кун қандоқ кун?”, – деб сўрадилар. Улар: “Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо (қурбон ҳайити) ва Фитр (рамазон ҳайити) кунларини берди”, – дедилар (“Сунан” эгалари ривоят қилган).

Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб “Рамазон ҳайити” кунини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган. Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган.

Шунингдек, ҳайит кунлари бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, ҳайит арафасида кўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.

Шу ўринда эсга олиш лозим бўлган яна бир жиҳат, “Фитр садақаси” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига ҳалал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабига кўра “Рамазон ҳайити” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “ Фитр садақаси”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.

Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин. Бу кунни баракотидан савобли амалларни кўпайтиришни Яратганнинг ўзи насиб айласин. Барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Read 1043 times

Мақолалар

Top