Мақолалар

«Уларга “Уфф” дема»

Инсон умри – алмашиб бўлмайдиган бебаҳо неъмат. Бироқ  у – ўткинчи. Гоҳида турмуш ташвишлари билан унинг қандай ўтганини сезмай қоламиз. Вақт ўтиб юзга ажин, сочга оқ тушганда охират диёри яқинлашиб қолганини англаймиз.

Ривоятларда келишича, Нуҳ алайҳиссалом  950 йил умр кўрган. Унинг қазоси етиб, Азроил алайҳиссалом жонини олгани келганида, ундан: “Эй Аллоҳнинг Расули!  Бу дунё ҳаёти ҳақида нима дейсиз?” дея сўрабди. Нуҳ алайҳиссалом: “Бу дунё худди икки эшиги бор уйга ўхшайди – биридан кирасан ва иккинчисидан чиқиб кетасан”, деб жавоб берган.

 Қуръони каримда: “Уларни жамлайдиган кунда (қиёматда ўзларини бу дунёда) гўё кундуз куннинг бир соатича тургандек сезишиб, бир-бирларини таний бошлайдилар”, дейилган (Юнус сураси 45-оят).

Негадир киши умри ўтиб, ҳаётий тажрибаси ошгани сайин босилиб, насиҳатгўй, кишиларга яхшилик қилишга интилиб қолади. Бунинг сабаби эса ўзидан эзгу ном қолдириш, жаннат умиди бўлса, не ажаб.

Ёши улуғлар билан суҳбатлашсангиз, дилингиз яйрайди. Ўзингиз учун кўплаб ҳаётий сабоқлар оласиз. Албатта, улар хонадонларимиз файзи, бебаҳо хазинамиз, насиҳатлари эса ҳаётимиз маёғи кабидир.

Лекин айрим ёшлар ота-онасининг ёки бобо-бувиларининг насиҳатларини тўғри тушунмай: “Кўп гапиради-да, ёш бола эмасман-ку” дея иддао қилишади. Гўё ўзлари туғилиб катта бўлиб қолгандек.

 Яқинда ота-онасидан алоҳида яшайдиган бир қўшни йигитнинг отасига қилган муомаласидан ёқа ушладим.

Ота уйига келиб, тайинли ҳол-аҳвол сўрашиш бор:

  • Дада, қарзингизни қачон берасиз? Пенсияни ҳам олгандирсиз?! Ойнинг ўн беш куни ҳам ўтди-ку”, – дея отасига дуқ-пўписа қилди.

Ота ҳам минг хижолатда: “Ҳали беришмади, пенсия келса, бераман”, деди ўғлига ёлвориб.

Наҳотки, киши ўз отасига қарз берса. Ота-она кексайганда ғамхўрлик қилиш, уларга қараш қадим қадриятларимиздан саналади-ку. Бу Бош қомусимизда ҳам белгилаб қўйилган: Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда).

Қуръони каримда эса: «Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, уларга “Уфф”, дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: “Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт» дейилган (23–24-оятлар).

Буни қарангки, Аллоҳ таоло Ўзигагина ибодат қилишга амр этганидан сўнг, ота-онага яхшилик қилишни буюрмоқда. Бу Аллоҳнинг назидида ота-оналаримизнинг даражалари нақадар улуғ эканлигидан далолат. Шундай экан, уларнинг борида қадрига етиб, ғамхўрлик қилишга улгуриб қолайлик. Улар бу дунёни тарк этганидан сўнг афсусланган билан фойда йўқ. Улар ҳаёт бўлсалар, дуоларини олиб, жаннатдаги жойимизни ҳозирлайлик.  “Ҳали ота-онам ёш, бу ишим битсин, уни-буни қилиб бераман” деб ўйламанг. Чунки вақт ҳеч кимни аяб ўтирмайди ва қолаверса, ким олдин, ким кейин кетишини Аллоҳ билади.  

Ота-боболаримиз достонларда “Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема” дея ҳикматомуз сўзларни бекорга айтмаганлар. Чунки ҳозир ҳаёт эканмиз, шу онлар бизники, келажакни эса Аллоҳ билгувчи. Шундай экан кимга нимаики қилсангиз, шу кунларда қилинг. Вақтнинг ўткир қиличи сизни кесиб қўймасин.

Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Read 1100 times

Мақолалар

Top