Мақолалар

Кимки пайғамбарнинг йўлини тутди

Аллоҳ жуфт яратди бор мавжудотни,

Уларга бахш этиб, борлиқ ҳаётни.

Одамни яратиб айлади зуҳур,

Онг берди, тил берди, яна тафаккур.

 

Одамни ердаги ноибим, деди,

Жами мавжудотга соҳибим, деди.

Одамга жуфт этди она Ҳаввони,

Кўпайинг, бахш этдим, деди дунёни.

 

Одамга нафс берди ва этди огоҳ,

Нафсга ҳушёр туринг, қилмангиз гуноҳ,

Нафсни бандда тутмоқ, қандайин кўркам,

Буни жиҳод, деди Расули Акрам.

 

Нафссиз яралди Ҳақ фаришталари,

Шул боис гуноҳсиз юради бари.

Одам-ки нафсига гар бўлмаса қул,

Гўёки фаришта мақомида ул.

 

Ҳақ нени яратди беҳикмат эмас,

Изнисиз бир япроқ, банддан узилмас.

Тирик жон токи бор, яратган Ўзи,

Баридан огоҳ ул, кеча-кундузи.

 

Ҳақ йўлдан тоймасин деб бандаларим,

Кетма-кет йўллади пайғамбарларин.

Сўнггиси Муҳаммад (с.а.в.) унга жон фидо,

Шафоат тиласанг, эргаш доимо.

 

Ул ислом йўлларин, ёритган чироқ,

Ҳақ қошига етди, пойида Буроқ.

Умматга фарз бўлди, беш маҳал тоат,

Рамазон рўзаси, ҳаж яна закот.

 

Кимики пайғамбарнинг йўлини тутди,

Икки дунёсин ҳам ул обод этди.

Одамга нафс берди, нафсни енгиб ул,

Аллоҳ ҳукми билан бўлолса машғул.

 

Кимики ҳаромдан бўғзини сақлар,

Набийга умматлик ҳаққини оқлар.

Оила, Ватанни ким тутар бошда,

Киндик қони томган ҳар гиёҳ, тошда.

 

Кекса-ёш ҳурматин сақлар дилида,

“Ассалом алайкум” тушмас тилидан.

Чин уммат ҳаётда сокин, беозор,

Қўлидан, тилидан етказмас озор.

 

Ҳар жонга яхшилик бўлар нияти,

Борда ҳам йўқда ҳам шукр зийнати.

Хуш хулқ-у, тавозе одати мудом,

Иймон, эътиқодда қоим, бардавом.

 

Бул банда малойик сифатин топар,

Тонг-ла Ҳақ қошида ҳурматин топар.

Яхшибой Расулга дурудлар йўллар,

Умид шул шафоат кунида қўллар.

Яхшибой ШАРИПОВ,

Нурота тумани

Read 1228 times

Мақолалар

Top