Мақолалар

Буларнинг барчаси хамр ва қимор сабабидан юзага келади

Агар ароқхўрлар маст бўлиб олсалар, ақл-хушни йўқотиб, ҳидоятдан маҳрум бўладилар, яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажрата олмай қоладилар, душманни дўст тутиб, ҳатто ўзларининг яқин дўстларини ҳам душман санай бошлайдилар, бир-бирлари билан жанжаллашиб, жиққа-мушт бўладилар. Мана шу нарсалар одамлар орасида нафрат ва адоват оловини ёқади ва натижада кишилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади. 

Қимор ҳам худди шундай. Қиморда фақат бир томон ютади, иккинчи томон бор бутидан, мол-мулкидан ажрайди. Ютқазган одам бунга бепарво қараб турмайди, энди у ютган одамга бор кучи билан адоват қила бошлайди. Чунки инсон табиатан мол-дунёга ҳарисманд бўлиб, кўз ўнгида бир зумда мол-мулкидан маҳрум бўлган одам уни қайтаришга, жуда бўлмаганда ўша рақибига бирон зулм қилишга, азият етказишга ҳаракат қилади. У, аввало, қалбида унга бўлган кучли адоват ва қасос олиш режасини тугиб қўяди, куни келиб уни амалга оширади. Натижада талон-тарожлик, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилади.

Шундай қилиб, хамр ва қимор одамлар орасидаги муносабатларга раҳна солиб, ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади. Бу хамр ва қиморнинг дунёвий зарарлари эди. Ояти карима давомида у иккисининг ухровий зарарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилади: “... ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”.

Яъни: шайтон сизлар хамр ичиш ва қимор ўйнаш билан шуғулланишингиз туфайли Аллоҳнинг зикридан, У Зотга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилиш ҳамда Диннинг энг асосий устунларидан бўлган намозни бекаму-кўст адо этишдан тўсади, машғул қилиб қўяди.

Ароқхўр маст бўлиши билан ақлини йўқотади. Ақл кетганидан кейин эса банда Аллоҳга итоат этиш, У Зот буюрган амалларни, хусусан намозни бажаришга қодир бўлмайди. Бу ҳақиқат ҳали хамр буткул ҳаром қилинмасидан аввал ўз тасдиғини топган. 

Қимор ўйнайдиган одам шу йўл билан пул топиш ҳалол деб билади. Бундай кишида соф иймон ҳаловати ва соғлом ақл бўлмайди. Натижада у Аллоҳ буюрган ибодатларни бажариш у ёқда турсин, улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Интернет манбалари асосида тайёрланди

Read 1415 times

Мақолалар

Top