Мақолалар

Мавлоно Румийнинг чақириғи

Маснавий: “Билгинки, ичи илоҳий ишқ ва муҳаббат билан тўла бўлмаган одам нақадар бечора, ҳайвондан ҳам қуйи даражададир. Зеро, “Асҳоби Каҳф” Ғор эгаларининг ити ҳам ишқ аҳлига эргашди ва маълум бир даража топиб, ўзи фоний (йўқ бўлиб кетувчи, тупроққа айланувчи) бўлса ҳам, хос қуллар ила бирга бўлгани учун жаннатга эришди”.

Асҳоби Каҳф Қуръонда баён этилган, мўмин ёшлардан ташкил топган кичик гуруҳдир. Улар яшаган даврдаги жамиятнинг куфр, фасод ва зулмлардан узоқлашиб, имонларини асраш учун ҳаракат қилишган. Аммо жоҳил жамият ҳаётларига хавф солгач, шаҳарни тарк этиб, бир ғорга яширинишган.

Йўлда уларга бир ит (Қитмир) ҳам эргашиб, ғорда уларга соқчилик қилган. Бу имон аҳлини таъқиб қилган шаҳар подшоси Дақёнус ва аскарлари ғор оғзига қадар келишган. Аммо уларнинг ухлаб ётганларини кўриб қиличдан ўтказиш ўрнига ғор оғзини оғир тошлар билан беркитиб кетишади. Аллоҳнинг фазли билан улар орадан уч юз йил ўтиб уйғонишади... Бу ҳақда Қуръони каримдаги бир сура номи Каҳф, яъни “Ғор” деб аталган. Сурадаги 14 та оятда “Ғор аҳли”дан ҳикоя қилинади:

«Балки “Каҳф” (ғор) ва “Рақим”[1] (битик) эгаларини Бизнинг мўъжизаларимизнинг энг ажойибидан деб ҳисоблагандирсиз? Қайсики, йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Эй Раббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин!” дедилар. Бас, (ўша) ғорда бир неча йил уларнинг “қулоқларига уриб” (ухлатиб) қўйдик. Сўнгра (уларнинг ичидаги) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблашларини билиш (синаш) учун уларни уйғотдик. (Эй Муҳаммад!) Биз Сизга уларнинг хабарини ҳақиқатан айтиб берурмиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир. Биз уларнинг диллари (имонларини) қувватлантирдик – ўшанда улар (золим шоҳ қаршисида) туриб дедилар: “Бизнинг Раббимиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га сира илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз. Ана у қавмимиз эса, Ундан ўзгаларни “илоҳ” қилиб олдилар. Кошки ўзлари учун бирор аниқ ҳужжат келтирсалар. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?!»

(Бир-бирларига дедилар:) “Модомики, улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга улар сиғинаётган нарсалардан юз ўгирган экансиз, энди ғорга паноҳ излаб борингиз! Раббингиз сизларга Ўз раҳматини кенг қилур ва ишларингиздан бирор яхши натижа чиқарур”. Қуёш чиқишида ғорларининг ўнг тарафидан ўтиб кетганини, ботишида эса уларнинг чап томони бўйлаб йироқлашиб кетганини, улар эса ҳамон унинг кенг бағрида эканларини кўрасиз. Бу ҳам Аллоҳнинг мўъжизаларидан (бири)дир. Кимни Аллоҳ ҳидоят этса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни адаштирса, бас, унинг учун Тўғри йўлга солувчи дўст топа олмассиз. Ухлоқ бўлсалар-да, (кўзлари очиқ бўлгани учун) уларни уйғоқ деб ўйлайсан. Биз уларни (чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турармиз[2]. Уларнинг ити эса, остонада икки олд оёқларини узатиб ётур. Агар уларни кўриб қолсангиз, даҳшатга тушиб, улардан юз ўгириб қочиб кетган бўлур эдингиз. Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун уларни шу тарзда уйғотдик. Улардан бири деди: Қанча турдингиз? Улар(нинг айримлари): Бир кун ё ярим кун, – дедилар. (Қолганлари эса): Қанча (ухлаб) турганингизни Раббингиз билур. Энди бирортангизни шу пулингиз билан шаҳарга жўнатингиз, у энг покроқ таомларни қараб, сизларга ундан озуқа олиб келсин. У лутф билан эҳтиёткорона юрсин ва сизларни ҳеч кимга сездириб қўймасин. Чунки улар (шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қилурлар ёки сизларни ўзларининг (ботил) динларига қайтарурлар ва у ҳолда, сира нажот топа олмайсиз, – дейишди. Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилтириши ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва қиёматнинг (келиши) шаксиз эканини билишлари учун (одамларни ғор йигитларидан) хабардор қилдик. Ўшанда (вафот этишгач) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида тортиша бошладилар. Бас, (баъзи кишилар): Уларнинг устига уйлар бино қилингиз! Парвардигорлари уларни яхши билувчидир, – дедилар. Уларнинг устидан ҳукмронлик қилаётганлар (янги имонли шоҳ ва сарой аъёнлари): Албатта, биз улар (Асҳоби Каҳф қабри) узра (ғор оғзига яхши ниятда) бир масжид қуриб олурмиз, – дейишди. Ҳали улар (Муҳаммадга замондош яҳудий, насоро ва мусулмонларнинг айримлари ўша Асҳоби Каҳф ададини): Учтадир, тўртинчилари итларидир, десалар, (бошқалари) бешта бўлиб, олтинчилари итларидир, деб “ғайбга тош отурлар” (тахминан гап сотурлар). Яна: (Улар) еттитадирлар, саккизинчилари итларидир ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад!) Уларнинг саноғини Раббим яхши билувчидир. Уларни жуда оз киши билур, денг! Бас, улар хусусида фақат (ваҳий асосида) очиқ мунозара қилинг ва (Асҳоби Каҳф) ҳақида уларнинг бирортасидан савол сўраманг!»

Ҳазрати Мавлоно бу имонли ёшлар ҳақида Қуръони каримда келтирилган қиссадаги Қитмир лақабли итнинг ҳолига эътибор қаратиб, ҳақиқий имон ва ишқ аҳллари билан бирга бўлиш, ҳатто бир итни жаннат аҳлидан бўлиш даражасига кўтаришини мисол қилиб келтиради. Валий зотлар билан ҳамроҳ бўлган бир итга шундай улуғ неъмат насиб этар экан, унинг ўрнида бўладиган, яъни авлиёларга яқинлашадиган инсон қанчалик мақом-мартабага эришиши ҳақида мулоҳаза қилиш керак.

Румий ҳазрат бу мисол орқали содиқлар ва солиҳлар билан ҳамнафас бўлишга ундамоқда. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...(имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!(Тавба сураси, 119-оят), деб буюрган. Демак, Мавлононинг чақириғи ҳам Қуръоний иршоддир.

 

Манбалар асосида

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

 

[1] 9-оят. Машҳур муаррих ва сийратнавис Муҳаммад ибн Исҳоқ (80–150 ҳ.й)нинг ёзишига кўра, Исо алайҳиссаломдан кейин насроний динининг асл ва ҳақиқий таълимотига амал қиладиган диндорлар камайиб, ботил динларга эътиқод қилувчилар кўпайиб борган. Рум мулкининг қайсари (шоҳи) Дақёнус худди шундай бутпарастликка ружу қўйган, насроний динидаги кишиларга зулм ўтказган ҳукмдор эди. У бут ва санамларга сиғинишдан бош тортган, тавҳид динига амал қилувчи руҳонийларни таъқиб қилиб, қўлга тушганларини қатли ом қиларди. Унинг зулмидан қутулиш ва тавҳидга асосланган соф насроний динини асраб қолиш мақсадида Аллоҳнинг розилигини истаб, юртини тарк этган ва уларни қўриқлаб борувчи бир итлари билан тоғдаги бир ғорга қочиб бориб яширинган бир гуруҳ ёш йигитлар тарихда “Асҳоби Каҳф” (“Ғор кишилари”) ёки “Асҳоби рақим” (“Битик эгалари”) деган номлар ила машҳур бўлган. “Битик” – мазкур йигитларнинг ғор оғзидаги қопқоқ устига битиб қўйилган номларидир (“Лубобут таъвил фий маонит танзил”).

[2] 18-оят. Бир йилда уларнинг жасади ерга сингиб кетмаслиги учун бир ёки икки марта айлантириб турилар экан. Уларга ҳамроҳ бўлган итнинг номи Қитмир ё Райён ёки Саҳбон бўлганида ихтилоф бор. Ит ҳам асҳоблар билан жаннатга кириши ривоят қилинади. Муовия розийаллоҳу анҳу Румга ғазот қилиб борганида “Асҳоби каҳф” ғорининг оғзига ҳам боришган. Ғор ичига кирмоқчи бўлганида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо унга: “Сендан яхшироқ зот (Муҳаммадга) ҳам уларни кўрсанг қўрқиб қочиб кетардингиз, дейилган эди”, – деб розилик бермайди. Шунда Муовия розийаллоҳу анҳу бир гуруҳ кишиларни ғорга кириб чиқишга буюради. Улар ғорга қадам қўйиши билан бир алангали шамол келиб, уларни куйдириб юборган (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Ғорда ухлаб ётган йигитларнинг жасадлари чириб кетмаслиги учун Аллоҳ таоло уларнинг кўзларини очиқ ҳолда қолдирган (“Тафсирул Қуръанил азим”).

Read 1228 times

Мақолалар

Top