Мақолалар

Толҳа ибн Убайдуллоҳ Тамимий

 “Кимни ер юзида юрган шаҳидга қараш хурсанд қилса Толҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин” (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам)

     Толҳа ибн Убайдуллоҳ Тамимий Қурайш карвонларидан бири билан бирга Шом шаҳарларига тижорат учун борар эди. Карвон Бусро шаҳрига етиб келганида Қурайшнинг кекса тожирлари бу юртнинг бозорига кириб олди-соттини бошлаб юборишди. Толҳа ёш, тижоратда улардек тажрибали эмаслигиги қарамасдан ўткир заковати ва узоқни кўра олиш қобилияти туфайли улар билан мусобақалашишга ҳатто ўзиб ҳам кетишга муваффақ бўлган эди.

     Толҳа ҳар тарафдан келган одамлар билан тўлиб тошган бозорга қатнаб юрганида унинг ҳаётида нафақат унинг  ҳаётини, балки бутун тарих тизгинини ўзгартириб юборадиган воқеа содир бўлди. Ғоят таъсирли қиссасини сўзлаб бериши учун сўзни Толҳа ибн Убайдуллоҳдан эшитамиз.

     Толҳа айтади: Биз Бусро бозорида эканимизда бир роҳиб одамларга қараб: “Эй тожирлар жамоаси, йиғилганлардан сўрангларчи, ораларида ҳарам аҳлидан бирор киши бор эканми ?” деб нидо қилаётган экан. Унга яқин жойда турган эдим. Олдига шошилиб бордим ва мен ҳарам аҳлиданман дедим. У: “Орангизда Аҳмад чиқдими ?” деди. Мен: “Аҳмад ким ?” дедим. У: “Ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб... Бу ой унинг чиқадиган ойи. У пайғамбарларнинг сўнггисидир. Сизнинг ерингиз,  ҳарамдан чиқади ва тошлоқ ерли, хурмолари кўп юртга ҳижрат қилади. Унга эргашишга шошилгин эй йигит.” деди.

     Толҳа айтади: Унинг гапи қалбимга ўрнашиб қолди. Уловим тамон шошилдим ва юкларимни унга ортдим. Карвонни ортимда қолдириб, Макка тамон тезлик билан жўнадим. Етиб келгач аҳлимдан: “Биз кетганимиздан кейин Маккада бирор янгилик бўлдими” деб сўрадим. Улар: “Ҳа Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ўзини пайғамбар деб даъво қилаяпди. Ибн Абу Қуҳофа (Абу Бакр) унга эргашди” дейишди. Толҳа айтади: Абу Бакрни яхши танирдим. У хуш муомалали, барча бирдай яхши кўрадиган юмшоқ табиатли инсон эди. Чиройли хулқли ва ҳалол тижоратчи эди. Қурайшнинг хабарлари ва насабларини яхши билгани учун уни яхши кўрар ва у билан бирга ўтиришни ёқтирар эдик. Унинг олдига бориб: “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ пайғамбарлигини эълон қилгани ва сиз унга эргашганингиз ростми ?” деб сўрадим. У ҳа деди ва менга у зотнинг хабарини сўзлаб, мени ўзи билан бирга мусулмон бўлишга қизиқтира бошлади. Мен унга роҳиб ҳақида айтиб бердим. У даҳшатга тушиб: “Мен билан Муҳаммаднинг олдига юр, бу хабарингни ўзига айтиб берасан, айтаётганларини эшитиб кўриб Аллоҳнинг динига кирасан” деди. Толҳа айтади: У билан Муҳаммаднинг олдига бордим. Менга Исломни таклиф қилди, Қурьондан баъзи оятларни ўқиб берди ва дунё ва охират хушхабарини берди. Аллоҳ менинг қалбимни исломга очди. Мен Бусродаги роҳибни қиссасини Росулуллоҳга сўзлаб берганимда у зот шунчалик хурсанд бўлдиларки, ҳатто шодлик аломати муборак чеҳраларида номаён бўлди. Сўнгра у зотнинг ҳузурларида: “Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ” деб гувоҳлик бердим. Шундай қилиб Абу Бакрнинг қўлида исломга кирган тўрт нафар кишининг учинчисига айландим.

     Қурайшлик йигитнинг исломи оила аъзолари ва қариндошларига худди яшин ургандек тасир қилди. Унинг исломидан энг кўп хафа бўлган киши онаси эди. Чунки ўғлининг гўзал хулқи ва олий хислатлари сабаб қавмининг саййиди бўлиб етишишига умидвор эди.

     Қавми уни динидан қайтаришга шошилди. Аммо уни тебранмайдиган улкан тоғдек собит эканини кўришди. Улар уни яхшиликча қайтаришдан умидларини узгач, уни азоблаш ва ундан  интиқом олишга киришишди. Масъуд ибн Харош айтади: “Сафо ва Марва ўртасида саъай қилаётганимда кўпчилик одамлар қўли бўйнига боғланган йигитни ортидан кетаётганини кўрдим. Улар уни ортидан югуриб борар, елкасидан туртиб, бошига урар эди. Орқасида бир қари кампир уни сўкиб, унга бақириб борар эди”. Бу йигитга нима бўлган деб сўрадим. Бу Толҳа ибн Убайдуллоҳ динидан қайтиб, Бани Ҳошимлик йигитга эргашган дейишди улар. Ортидаги бу кампир ким? сўрадим мен. Йигитнинг онаси Соъба бинти Ҳазрамий деб жавоб беришди.

     Сўнгра Қурайшнинг арслони деб лақабланган Навфал ибн Хувайлид Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг олдига борди ва уни арқон билан боғлаб қўйди. У билан бирга Абу Бакр Сиддиқни ҳам қўшиб боғлади ва иккаласини азоблашлари учун Макканинг эси пастларига топширди. Шунинг учун ҳам Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абу Бакр Сиддиқ икки ҳамроҳ (қоринайн) деб аталади.

     Кунлар кетидан кунлар, воқеъалар ортидан воқеълар ўтиб борар эди. Кун ўтгани сари Толҳа ибн Убайдуллоҳ камолотга эришиб борар, шу билан бирга унинг Аллоҳ ва Росули йўлидаги балолари катталашиб, Ислом ва мусулмонларга яхшилиги ортиб борар эди. Ҳаттоки мусулмонлар уни тирик шаҳид деб номлашди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни: “Яхшилик Толҳаси (Толҳатул хойр), Саховат Толҳаси (Толҳатул жуд), Файз-барака Толҳаси (Толҳатул файйоз)” деб чақирар эдилар... Бу лақабларнинг ҳар бирини бошқасидан қолишмайдиган гўзал қиссалари бор.

     Тирик шаҳид деб номланиши қиссасига келсак, Уҳуд куни мусулмонлар енгилиб,  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларидан тарқалиб кетди. У зот билан ансорийлардан ўн бир киши ва муҳожирлардан Толҳа ибн Убайдуллоҳдан бошқа ҳеч ким қолмади.

     Пайғамбар алайҳиссолату вассаллам ёнларидаги саҳобалар билан бирга тоққа кўтарилаётганларида уларга мушрикларнинг бир тўдаси йўлиқиб У зотни ўлдиришни қасд қилишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана уларни биздан ким даф қилади... У менинг жаннатдаги шеригим бўлади” дедилар. Толҳа: Мен эй Аллоҳнинг росули деди. Пайғамбар алайҳиссолату вассаллам: йўқ сен жойингда қол дедилар. Ансорийлардан бир киши: Мен эй Аллоҳнинг росули деди. У зот: Ҳа сен боргин дедилар. Ансорий улар билан ўлдирулганича уришди. Сўнгра Росул алайҳиссолату вассаллам ёнларидагилар билан бирга озгина кўтарилдилар. У зотга мушриклар йўлиқди. У зот: Ана уларга чиқадиган бирор киши борми? дедилар. Толҳа: Мен эй Аллоҳнинг росули деди. Пайғамбар алайҳиссолату вассаллам: Йўқ сен жойингда қол дедилар. Ансорийлардан бир киши: Мен эй Аллоҳнинг росули деди. У зот: Ҳа сен боргин дедилар. Бу ансорий ҳам улар билан ўлдирулганича уришди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўтарилишда давом этдилар. Мушриклар яна йўлиқишди. У зот аввалги  сўзларини яна такрорлар эдилар. Толҳа: Мен эй Аллоҳнинг росули деса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қайтарар ва ансорийлардан бирига рухсат берар эдилар. Ҳаттоки уларнинг барчалари шаҳид бўлишди. У зот билан фақат Толҳа қолди.  Мушриклар яна рўбарў келди. У зот Тоҳага: Энди бор дедилар.

     Бу жангда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги тишлари синдирилди. Пешоналари ёрилди ва ёноқлари жароҳатланиб, ҳаттоки юзларигача қон оқди. Қаттиқ машаққат чекдилар. Толҳа мушрикларга қайта-қайта ҳужум қилар, ҳатто уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлаштирар эди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб У зот билан тоғга озроқ кўтарилар эди. Сўнгра У зотни ерга суянтириб, мушрикларга янгидан ҳужум қилар эди. У зотни мушриклардан тўсиб беховотир жойга олиб ўтгинуча бу ҳол бир неча бор такрорланди.

     Абу Бакр розиёллоҳу анҳу айтадилар: Ўша куни мен ва Абу Убайда ибн Жарроҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқда эдик. У зотга ёрдам бериш учун олдиларига борсак: мени қўйинглар дўстингиз Толҳани олдига боринглар дедилар. Борсак,  Толҳа қонга беланган ҳолатида ётган экан. Баданида қилич, найза ва камонни ўқи билан яраланган етмишдан ортиқ жароҳати бор, кафти кесилиб, бир чуқурда ҳушсиз бўлиб ётган экан.

       Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан кейин: “Кимни ер юзида юрган шаҳидга қараш хурсанд қилса Толҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин” дер эдилар.Шундан кейин қачон Уҳуд куни зикр қилинса Абу Бакр Сиддиқ розиёллоҳу анҳу: “У кун тўлалигича Толҳанинг куни эди” дердилар.

     Бу Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг тирик шаҳид деб номланиш қиссаси эди... Унинг ахшилик Толҳаси, саховат Толҳаси, файз-барака Толҳаси деб аталишини эса юзлаб қиссалари бор. Улардан бири: Толҳа тижорати кенг қамровли, бой савдогар эди. Бир куни Ҳазрамавтдан уни миқдори етти юз минг дирҳамлик моли келди. Ўша кеча у тунини қўрқинч билан, маҳзун бўлиб ўтказди. Олдига аёли, Умму Гулсум бинту Абу Бакр Сиддиқ кириб: Сизга нима бўлда эй абу Муҳаммад?! Биздан сизни шубҳага соладиган бирор нарса ўтдими ?! деди. У айтди: Йўқ, сен жужа яхши хотинсан , мусулмон инсоннинг жуфти ҳалоли бўлса сенчалик бўлади. Лекин мен ўйлаб қолдим.Уйида шунча моли бўлган ҳолида бемалол ухлаётган киши Роббиси ҳақида қандай ? Роббиси ундан бу ҳақида сўрамайдими ? Аёли айтди: Бу борада сизни нима ғамга солаяпди ? Қавмингиз ва дўстларингиздан бўлган муҳтожлар билан орангизни нима тўсиб турибди ? Тонг оттирсангиз уларга бўлиб беринг. Толҳа: “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, албатта сен тавфиқли инсоннинг қизи тавфиқли аёлсан” деди. Ва тонг отгач барча молни ҳамён ва лаганларга солди ва муҳожир ва ансорларнинг фақирларига тақсимлиб берди.

     Яна бир киши Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг ҳузурига ёрдам сўраб келди ва у билан ўзини боғлаб турадиган қариндошлик риштасини эслатди. Толҳа: “Сен билан боғланган қариндошлик риштасини олдин менга ҳеч ким айтмаганди... Мени бир ерим бор Усмон ибн Аффон уни уч юз мингга сўраганди. Ҳоҳласанг ерни ол. Агар ҳоҳласанг уни сен учун Усмонга уч юз мингга сотиб, пулини сенга бераман” деди. Пулини оламан деди у. Толҳа ерини сотиб пулини унга берди.

     Яхшилик ва саховат Толҳасига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тортиқ қилган бу лақаб муборак бўлсин ва Аллоҳ ундан ўзи рози бўлиб қабрини нурга тўлдирсин. [1]

Манбалар асосида

Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,

Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме  масжиди

имом хатиби А. Собиров.

             

                                       

 

 

[1] Доктор Абдурроҳман Раьфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 486-493--бетлар

 

Read 1876 times

Мақолалар

Top