Мақолалар

Бойлик ва уни тўплашга ташналик – 24 қисм

Нафс касалликларидан яна бири бу – фоний дунёга маҳкам ёпишиб олиб, бойлик ортидан тинмай қувиш саналади.

 

Муолажа услуби

Банда нафсини қаноатга ўргатиши ва мол-дунёга очкўз бўлишни енгиш учун – бу дунёнинг ўткинчи эканини ва ўлимдан кейин ҳақиқий ҳаёт кутаётганини ёдда тутиши керак. Ақлли одам абадий ҳаётда бахтли яшашга интилади, бу йўлдаги бекатлардан биридагина бахтли бўлиш учун ҳаракат қилмайди.

Бу дунё – вақтинча, унда ҳеч ким абадий қолмайди, шунинг учун оқил инсон сафарининг охирида ўзи яшайдиган дунёсининг фаровонлигига эришиш учун ҳаракат қилиши керак. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир (Ҳадид сураси, 20-оят).

Балки, сизлар, бу дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўюрсиз. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир” (Аъла сураси, 16-17-оятлар).

Бу дунё ҳаёти фақат беҳуда ўйин-кулгидир. Тақволилар учун эса охират диёри яхшидир. Ақл юритмайсизларми?!” (Анъом сураси, 32-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оқил нафсини ҳисоб қилиб, ўлимдан кейин учун амал қилган кишидир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадис бундай дейилади: “Оқил ўз нафсини ҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги (охират ҳаёти) учун амал қилади. Ожиз эса нафси ҳавосига тобе бўлиб, Аллоҳдан умид қилувчи кишидир” (Имом Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад, Имом Байҳақий, Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривояти).

“Нафсни ҳисоб қилиш” деганда, банда қиёмат куни ҳисоб қилинмасидан олдин, дунёдалик чоғида яхши ва ёмон амалларини сарҳисоб қилиб, ўзини тергаши, яхши амалларини янада кўпайтириши, ёмон амаллардан тийилиши, гуноҳларига тавба қилиши тушунилади.

Муҳаммад ал-Муборакфурий “Туҳфатул аҳвазий” китобида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди: “Оқил барча ишларини оқибатига назар солган ҳолда пухта амалга оширади ва шу билан бирга мудом ўз нафсини тергайди. Нафсини қаттиқ назорат қилиш билан уни ўзига бўйсундиради. Натижада нафс бандага итоат этувчи хокисор нафсга айланади. Шунингдек, оқил охиратда нажот топиши учун тириклигида солиҳ амалларни қилади. Ожиз эса ўзини шаҳватларга қул бўлишдан тутиб тура олмайди. Натижада у ҳаром ишлар атрофида ўралашиб қолади. Бундай банда қилар ишини қилиб бўлгач, гуноҳга қўл уриб, ҳатто ўзини ноқулай ҳис қилмайди, балки Аллоҳ менинг гуноҳларимни кечириб юборади, деб Аллоҳдан умид қилади”.

Тийбий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ожизнинг ҳавойи нафси ўзидан устун келади. У нафси хоҳлаган ишни қилиб кетаверади. Устига-устак кейин истиғфор ва тавба қилмай жаннатга киришни орзу қилади”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Нафсига насиҳат қилиб юрган ва ўзини тергаб туриш одати бўлган банда доимо яхшиликда бардавом бўлади”, деган.

Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки елкамдан тутиб: “Бу дунёда мусофир ёки йўловчи каби бўл”, дедилар».

Ибн Умар айтади: “Кеч тушса, тонг отишини кутма, тонг келса, кеч тушишини. Соғ вақтингдан касаллик келгунча фойдаланиб қол, ҳаётингдан эса ўлим келгунича” (Имом Бухорий ривояти).

Дунё вақтинчалик жуда оз фурсат эканига ишора қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг наздимда дунё гўё ёз иссиғида бир отлиқ йўловчи бир дарахт соясида озгина дам олиб, сўнгра кетгани кабидир”, деганлар.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен билан дунё ўртасида нима бўлиши мумкин?! Мен билан дунёнинг мисоли дарахт соясида ухлаб олиб, сўнг уни тарк қилиб жўнаган отлиққа ўхшайди” (Имом Термизий ривояти).

 Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1059 times

Мақолалар

Top