Мақолалар

Фарзанд тарбиясидан 700 сабоқ: Мукофот карточкалари – 2-сабоқ

Мен фарзандларим тарбиясида ажойиб усулдан фойдаланаман. Рангли қоғозлардан бир нечта карточкалар тайёрлаб, уларнинг бир тарафига фарзандларимга ёқадиган мукофот турларини ёзиб чиқаман. Масалан: “15 дақиқа компютер ўйнаш”, “10000 жунайҳ (Миср пул бирлиги)”, “Музқаймоқ”, “Отам билан ҳайвонот боғига бориш”, “Дам олиш кунлари муз саройига бориш”, “Твикс”, “Скинкерс” ва шунга ўхшаш мукофотлар билан бир қанча карточкаларни тўлдириб чиқаман. Кейин буларга қўшимча тарзда фарзандларим ўзлари ёқтирган, кўнгиллари тусаган мукофотларни айтиб туришади. Уларни ҳам ёзиб мукофот карточкалари салмоғини кўпайтираман.

Кейин фарзандларимга ўз вазифаларини, мажбуриятларини вақтида бажаришса, ушбу карточкалардан бирини танлашлари мумкинлигини айтаман. Карточкаларни танлашдан олдин ёзилган мукофотлари кўринмайдиган қилиб ўгириб қўйилади. Шунда болалар “Менга бугун қандай мукофот чиқар экан-а!” деган қизиқиш билан ўз вазифаларини сусткашликка йўл қўймай бажаришади.

Масалан, беш вақт намозни ўз вақтида адо этсалар, улар олдимга келиб ўша карточкалардан бирини танлашади ва унда ёзилган мукофотга эга бўлишади. Беш маҳал намозни адо қилишга одатланиб бўлишгач, мукофот карточкаларидан Қуръон ёдлатишда ҳам фойдаланса бўлади.

Бундан ташқари мактабдаги ҳар кунлик вазифаларни бажаришга дангасалик қилган пайтларида ҳам бу карточкаларни қўллаш айни муддаодир. Таътил пайтларида эса болажонларни Қуръони Карим ёдлатишга, бадиий китоблардан бир қанчасини ўқиб чиқишга қизиқтириш керак. Бунда ҳар куни маълум миқдордаги бетни ёд олиш ёки мутолаа қилиш вазифа қилиб қўйилади. Кунлик вазифа бажарилиши эвазига эса карточкалардан бирини танлаш имконияти тақдим қилинади.   

Мен бу усулдан анчадан бери фойдаланаман. Бунинг самарасини ўз ҳаётимда кўрдим. Шу йўсинда болаларимни яхши ишларга одатлантиришга муваффақ бўлдим.

 

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясидан 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Read 1447 times

Мақолалар

Top