Мақолалар

БУ ЯХШИЛИК ИНСОНЛАРГА ҚИЛИНГАНИДА...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни гўзал амалларга қизиқтириш учун ўтган умматларда бўлган хайрли ишларни намуна қилиб, айтиб берар эдилар. Ана шундай қиссаларнинг бирида бундай дейилади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: У зот дедилар: “Бир киши йўлда юра туриб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топди-да, унга тушиб, сув ичди. Қудуқдан чиққан эди, чанқоқликдан нафас олиши қийинлашиб, тупроқни ялаб турган итни кўрди. У: “менга чанқоқлик етганидек, бу итга ҳам чанқоқлик етибди”, деди-да, қудуққа тушиб, оёқ кийимини сувга тўлдириб, итга сув берди. Аллоҳ унинг амалини қабул қилди ва гуноҳини кечирди". Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, биз учун ҳайвонлар (уларга қилган яхшиликлар) да ажр борми? дейишди. У зот: "Ҳар бир хўл жигари бор (нафас олиб турувчи) нарсада ажр бор” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам умматларини нафақат инсонларга, балки ҳар бир жони бор бўлган мавжудотларга ҳам яхшилик қилишга қизиқтирмоқдалар. Шунингдек, бир итга сув берган кишининг арзимас машаққати учун гуноҳини кечирилиши, бошқа бир ривоятда ушбу амали учун “жаннатга киргизди” деган жумлани ўқир экансиз, бундай яхшилик инсониятга қилинганда қандайин мукофотлар бор экан, деган хаёлга борасиз?!

Бу ҳадисдан динимиз раҳмат дини, Аллоҳ таоло меҳрибон ва раҳмли Зот эканлиги ва меҳрибон ва раҳмли кишиларни суюшини англаб етасиз. Шу билан бир қаторда ҳадисдан саҳобаи киромларнинг илмга чанқоқликлари ва уни тезда амалга ошириш иштиёқлари нақадар буюк эканлигини ҳам билишимиз мумкин.

Бугунги куннинг иссиқ онларида масжидларимизда музлатгичларни сув билан тўлдириб, намозхонларимизни чанқоғини босилишига, бозорларда эса, сувлар чиқариб, барчани бирдек фойдаланишлари учун қулай шароитлар қилиб қўяётган, сув танқис бўлган қишлоқлар ҳамда овулларда қудуқлар очиб, ота-оналари ва ўзларининг номларидан вақф қилаётган инсонпарвар, ўзгаларга яхшилик қилишни одат қилган ва охиратда Раббисининг розилигидан умидвор бўлган яхшиларни кўриб, бениҳоя хурсанд бўламиз. Бу ишларни ажру мукофотини Аллоҳ зиёда қилиб берсин, дея дуо қиламиз.

Бундай хайрли ишлар ҳар биримизнинг қўлимиздан келади. Зотан вақтни ғанимат билиб, савоб амаллар пайидан бўлмоқ, хайру саховатлар қилмоқ мўминлик белгисидир.

Аллоҳ таоло барчамизга ва то қиёматга қадар келадиган зурриётларимизга, доимо хайрли ишларни амалга оширишни насиб қилсин. Бутун дунёда, хусусан, юртимизда саҳоватпеша инсонлар кўпаяверсин.

Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли,
Тошкент шаҳридаги
“Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

Read 1050 times

Мақолалар

Top