Мақолалар

Кўп гуноҳлар - 28 қисм

Нафси касалликка чалинган одам кўп гуноҳ иш қилади. Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига қарши чиқади, натижада қалби қорайиб, қотиб кетади.

 

Муолажа услуби

Бу хасталикдан қутилиш учун – банда Аллоҳдан мағфират сўраши, гуноҳлари учун тавба қилиши керак. Бундан ташқари, кўпроқ нафл рўза тутиш, таҳажжуд намозини адо этишга одатланиш, зикр билан банд бўлиш ва солиҳларнинг насиҳатларига қулоқ солиш лозим.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга Аллоҳни кўп зикр қилишни ва тавба этишни насиҳат қилиб бундай дедилар:

Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Агар банда хато (гуноҳ) қилса, қалбида қора доғ пайдо бўлади. Борди-ю гуноҳни тарк этиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби сайқалланади (покланади). Агар гуноҳ қилаверса, у доғ зиёдалашади, ҳатто қалбни қоплаб олади. Аллоҳ таолонинг:

Йуқ, балки уларнинг қалбларини қилиб ўтган нарсалари (гуноҳлари) қамраб олган[1], деганидаги қамров ана шу қамраб олишликдир (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Қуръон таржимони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Етмишга яқин катта гуноҳлар борки, улар тавба қилингандан кейингина кечирилади. Кичик гуноҳларга келсак, агар банда тавба қилмасдан уларни қилишда давом этса, улар катталашиб кетаверади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, лекин такосур (яъни мол-дунёни тўплашда мусобақалашингиз)дан қўрқаман. Мен (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, аммо гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман”, дедилар (Имом Аҳмад, Баззор, Ҳоким ривояти).

Банда билмай қилган гуноҳини Аллоҳ кечириши мумкин, фақат Ўзига ҳавола. Аммо гуноҳга журъатли бўлиш, қасддан қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улкан ва оғирроқ гуноҳдир. Энг муҳими – банда гуноҳни билиб ёки билмай қилса ҳам, кимга осийлик қилаётганини унутмаслиги лозим!

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

[1] Мутоффифин сураси, 14-оят.

Read 1066 times

Мақолалар

Top