Аллоҳ таоло Фажр сурасининг илк оятларини “Тонгга қасам! Ва Ўн кечага қасам!” – дея улуғворликка далолат қилувчи мавҳум (накра) сийға билан ниҳоятда қадри баланд бўлган ўн кечага қасамёд қилиш билан бошлаган. Мазкур ўн кечанинг қайси кечалар эканлиги ҳақида муфассирлар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, рамазон ойининг охирги ўн кечаси бўлса, иккинчи қавлга кўра, бу кечалардан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир. Бу ўринда кеча дейилар экан фақат тунлар эмас, балки, кундуз кунлар ҳам тушунилади.
Бу кунларда улуғ ибодатлар амалга оширилади. Ҳаж ибодатининг ўзаги бўлган Арафада вуқуф қилиш ҳам айнан мана шу кунларнинг ичидадирки, у кунда Аллоҳ таоло бандалари учун шайтонни ғамга ботирадиган даражада беҳисоб раҳмат ва мағфиратларини инъом қилади. Шайтон алайҳиллаъна Арафа кунида кўраётган нарсаларидан, хусусан малоикалар ва Аллоҳнинг раҳматлари мўминлар устига ёғилишидан қаттиқ ғамга ботади. У ҳеч қайси кунда у кундагидек ҳақир ва мағлуб бўлиб кўринмайди.
Ушбу ҳадиси шариф ўз мазмунига кўра зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида солиҳ амаллар ва нафл ибодатлар қилиш ниҳоятда фазилатли эканлигига далолат қилади. Нафл рўза ҳам албатта солиҳ амаллар сирасига киради, балки, у солиҳ амалларнинг муқаддимасида туради. Шу боис ҳам уламолар мазкур кунларда бошқа нафл ибодатлар билан бир қаторда рўза тутишни ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисоблаганлар.
Ҳунайда ибн Холид ўз аёлидан, унинг аёли эса пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида, Ошуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар” (Имом Аҳмад, 21829-ҳадис ва Абу Довуд ривоятлари, 2437-ҳадис).
Гарчи биринчи ҳадиснинг зоҳиридан зулҳижжа ойининг ўн кунида рўза тутишлик тушунилса ҳам, аслида тўққиз кун рўза тутилади. Чунки, ўнинчи куни ҳайит бўлиб, рўза тутишлик ҳаром бўлади. Бунга иккинчи ҳадиснинг мазмуни ҳамда Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун – Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Имом Бухорий ривояти, 1992-ҳадис; Имом Муслим ривояти, 827-ҳадис).
Шу боис, уламолар байрам куни рўза тутишнинг жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. «Ўн кун» деб тилга олинишининг сабаби эса одатда катта нарсани тилга олиш билан нисбатан кичикроқ нарсани ҳам назарда тутиш ёки яхлитлаб айтиш қоидасига биноандир. Бу ўн кунларнинг асоси, меҳвари, бориб тақаладиган жойи ва хотимаси Ийд куни бўлганлигидан у кунлар Ийд куни билан қўшиб зикр қилинган.
Демак, ҳажда бўлмаганларга зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш мустаҳаб. Ҳанафий мазҳабига кўра арафа куни рўза тутиш ҳаж қилаётган инсонга қийинчилик туғдирмаса, мустаҳаб. Бордию, у кундаги рўза уни машаққатга соладиган бўлса, арафа кунида рўза тутиш унинг ҳақида макруҳ бўлади.
Мазкур ўн кундан ҳисобланувчи Арафа кунининг рўзаси эса алоҳида фазилатга эга. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).
Демак, зулҳижжанинг илк ўн кунлигида умуман нафл рўза, қўшимча ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, хайру саховат каби эзгуликларни кўп ва хўп бажариш мустаҳаб бўлса, Арафа кунида бу амаллар янада кучлироқ фазилат касб этади.
Уламолар “фазилатда қай бири кучли: зулҳижжанинг аввалги ўн куними ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлигими?”, деган саволга: “зулҳижжанинг ўн куни кундуз кун эътибори билан афзал, рамазоннинг охирги ўн кунлиги эса кечалар эътибори билан афзал, зеро унда қадр туни бор”, дея жавоб берганлар.
Одилхон қори Юнусхон ўғли