Мақолалар

Солиҳа aёл: Муфтий Муҳaммaд Тaқий Усмонийнинг онaси

Аллома, шайх, муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ Ислом уммати учун кўп меҳнат қилди. Aллоҳ таоло уни Ўз фазли ила олим ва тақводор зурриётлар билан неъматлантирди. Икки ўғли – Муҳаммад Рафиъ Усмоний ва Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ жаҳонга машҳур муфтийлар бўлиб етишди. Бироқ, буларнинг барчасида Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳнинг аёли муҳим рол ўйнади.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бундай ёзади: “Отам вафотидан кейин онам менга энг катта ёрдамчи бўлди. Унинг меҳр-шафқати барча ташвишларга даво эди. Мулойим нигоҳи эса ҳаётнинг барча қийинчиликларининг аччиқлигини йўқ қиларди. Отамнинг бутун умри Ислом дини хизматига бағишланди. Онам ҳар қандай вазиятларда, тинч-нотинч даврларда отамни қўллаб-қувватларди. Эмин-эркин динга хизмат қилиши учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берарди. Ҳатто уй юмушларини ҳам отамга айтмасди. Шубҳасиз марҳум отам қилган барча эзгу ишларда онамнинг ҳиссаси жуда катта" (Нуқуш-э-рафтагон. – Б.159-160).

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёзади: “Онамнинг қўллари нафақат бешик, балки илм ва тарбиянинг жонли маркази ҳам эди. У мени китоблар билан эмас, балки амалий ҳаёт билан тарбиялаган. Онам коллеж, университет ёки мадрасани тамомламаган бўлса-да, феъл-атвори, таълим-тарбияга бўлган иқтидори ниҳоятда юқори эди. Бундай қобилият малакали мутахассис аёлларда ҳам учрамасди. Сабр-тоқат, хотиржамлик, фидоийлик ва жасорат унинг учун иккинчи табиат эди. Онам менга урду тилидаги китобларни ўқиб берарди” (Нуқуш-э-рафтагон. – Б. 160).

Барча улуғ зотлар она бағрида тарбияланган. Ислом тарихининг кўплаб буюк алломалари деярли етим қолган ва ёлғиз оналари қўлида вояга етган. Бироқ, бундай натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун онадан метин жасорат ва фидоийлик талаб қилинади.

 Муфтий Муҳаммад Тақи Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёзади: “Аллоҳ таоло онамга нафл ибодатларни адо этишга кучли рағбат берган. У тўшакка ётиб қолишидан аввал Қуръон тиловати, дуо, зикр, тасбеҳ ва нафл намозларни асло қолдирмаган. Тонгдан то ярим тунгача фарзандларга, отам, кекса бувимга қараш билан машғул бўлиб, шу пайтгача дам олмасди. Бироқ, бу хизматлар ҳеч қачон уни ибодатлардан тўсиб қўймасди. Ҳатто шол бўлиб тўшакка ётиб қолганида ҳам намозини қолдирмас, қиблага юзланиб, қўлидан келганича ўқирди.

Вафотидан бир неча кун аввал қиблага қараганида иккинчи марта фалаж бўлиб, тўшакка йиқилиб тушди. У шу ҳолатида ҳам ёстиқ остидан ниманидир излаб, қўлини қимирлатаётганини кўрдим. Ўша ерда унинг тасбеҳи турарди. Мен тасбеҳини излаётганини тушуниб, дарҳол тасбеҳни олиб, қўлига узатдим. Ҳушидан кетгунича тинмай қўли билан тасбеҳ мунчоқларини ўгирарди.

Бир неча кундан кейин онам бу дунёни тарк этди. Шундай қилиб, унинг ҳаётлик вақтида қилган охирги икки иши: намоз учун қиблага бурилиш ва тасбеҳ айтиш бўлди” (Нуқуш-э-рафтагон. – Б.162).

Ҳикматлардан бирида бундай дейилади: “Қандай яшасанг, шундай ҳолатда вафот топасан”. Умрини Aллоҳ таолога бағишлаганлар охир-оқибат Aллоҳ таоло билан ажойиб тарзда учрашадилар. Aгар биз ҳам мўъжизавий ўлимни хоҳласак, келинг, ажойиб ҳаёт кечиришни бошлайлик. Бундай ҳаёт – гуноҳдан холи ва солиҳ ишларга тўла бўлади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1015 times

Мақолалар

Top