Мақолалар

УЛУҒЛАР  ХОТИРАСИГА  ЭҲТИРОМ  азиз байрамимизга кўрк бўлиб қўшилди

 

   Элимизда ҳамон Ийди Қурбон байрами ўзгача руҳ, ўзгача кайфиятда нишонланмоқда. Байрам муносабати билан фуқароларга беш кун дам олиш берилгани барчамизга эзгу амалларни тўла-тўкис бажаришга кенг имкониятлар яратиб бераяпти.

     Динимизда муқаддас байрам кунларида ўтганларни хотирламоқ, уларнинг руҳларига дуои фотиҳалар қилмоқ, ҳаётлигида амалга оширган савобли амалларини ёдга олмоқ, бошқаларни ҳам шу каби эзгу амалларга даъват қилмоқ қадим анъаналаримиздан ҳисобланади.

     Аҳли донишлар айтмиш:”Дин ишларига куч-қувват бермоқ, Аллоҳ таолонинг фарзи, расулнинг суннатларини ижро этмоққа шарт-шароитлар яратиш, уламо аҳлини эъзозлаш ва иззатда тутиш ҳукмдорлар учун вожиб-шартдир!” Шу маънода муҳтарам Президентимизнинг улуғ байрам арафасида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини “Олий даражадаги Имом Бухорий” ордени билан тақдирлаганликлари нур устига аъло нур бўлди.

      Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бутун умрини дини ислом ривожига баҳшида қилган зотдир. У киши ўз ҳаётларида давомида, бир қанча китобу рисолалар ёздилар. Қуръони Каримни тафсир қилишга бел боғлаган, бунга тўла маънода муваффақ бўлиб, ўттизга яқин тафсир китоблари кўп минг нусхаларда мунтазам чоп қилиниб, аҳли мўминлар қалбидан жой олган эди. Эътиборли томони, сўнгги асрда Қуръони Карим тафсирига қўл урган саноқли уламолардан  бириси бўлдилар.

    “Тоғларнинг салобати узоқдан кўринади”, деган доно гап бор. Шайх ҳазратлари гарчи орамизда бўлмасаларда у кишининг миллатимизга –бутун дунё мусулмонларига қилган хизматлари вақт ўтган сари бор бўйи-салобати билан кўринмоқда. Бундай бахтга мушарраф бўлиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.

     Муҳтарам Юртбошимизнинг шайх ҳазратлари хотирасини улуғлаб, ул зотни юксак нишон билан тақдирлаганлари барчамизни беҳад қувонтирди. Бу эҳтиром қадим юртимиздан келгусида имом Бухорий  ва алломанинг муносиб вориси шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ каби  улуғ зотлар етишиб чиқишларига бўлган ишонч белгисидир.

     Жойлардаги жомеъ масжидларида Ийди Қурбон куни ўқилган ҳайит намозларида элимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, миллатлараро ва динлараро аҳиллик, буюк келажак қуриш йўлида фидоийлик кўрсатаётган ҳамюртларимизга куч-қувват, улуғ ислоҳотлар бошида турган муҳтарам Юртбошимизга соғлик тилаб, дуои фотиҳалар қилинди.

    Яқиндагина умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Бош қомусимизнинг янги лойиҳасида виждон эркинлиги, диний бағрикенглик тамойиллари янада такомиллаштирилиб, ҳар бир фуқаронинг бу борадаги ҳақ-ҳуқуқлари кафолатлангани –юртимизда тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пойдевори бўлиб хизмат қилиши, ҳеч шубҳасиз!

      Айни дамда барча фуқароларимизга яқинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида фаол бўлишлари, ўзлари ва фарзандларига келажагига бефарқ бўлмасликлари –бу барчамиз учун ўта муҳим сиёсий жараён эканлигини ҳам таъкидлаш жоиздир.

 

Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,

Урганч шаҳар бош имом хатиби

Read 1145 times

Мақолалар

Top