Мақолалар

“Ҳажга қурбим етади, аммо эҳсонига етмайди..!”

Аёллар билан суҳбат вақтида диққатимни тортгани баъзилар: “Ҳажга маблағни амалладим, аммо келгандан кейин қилинадиган эҳсонга маблағим йўқ!”, “Умрага пулим бор, лекин эҳсон ва келувчиларга бериладиган совғаларга маблағ йўқлигидан умрага боролмайман” каби сўзларни эшитиб, аҳоли орасида бу борада тушунтириш ишлари олиб бориш керак эканига яна бир бор амин бўлдим.

Кейинги вақтларда ҳаждан келаётганларни кутиб олувчилар орасида дабдабага берилиш ҳолатлари кўпаяётгани ташвишлидир. Шунингдек, эркак ва аёл ҳожиларнинг “Ҳаж оши” бериши, исрофга асосланган “эҳсон”лари, ҳамроҳлар билан биргаликда эса “гап” ёки “ҳожи ўтириш” кабиларни уюштиришлари одат тусига кириб бормоқда.

Бир онахон билан гаплашганимда у киши ҳажга бирга борган аёлларнинг бир-бирлари билан “гап” ўйнаши ҳақида гапириб қолди. Бу йиғилишлар эҳсондан ҳам кўпроқ кимўзар, риё ва манманликка ўхшаб кетишини айтди.

Дастурхонга сўнгги русумдаги биллур идишлар, турли-туман таомлар, Эрондан келтирилган мевалар қўйилган. Кейинги “гап”ни қиладиганлар эса албатта, бунданда ўтказиб қилишга ҳаракат қилишлари турган гап. Шароити кўтарганларнинг манманликка берилиши ошиши, қўли юқа кишиларнинг эса кўнгил синиши юз бераётгани ачинарли ҳолдир.

Ҳажга ё умрага кетаётган айрим аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин, деган кўрсатма йўқ! Ваҳоланки, бу амаллар имконияти етган мўминнинг ўз бандалик вазифаси ва мажбуриятини бажариши, холос.

Қуръони каримда: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг” деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 196-оят).

Ҳаётимизда пайдо бўлаётган бидъат-хурофотларни бартараф этишда, аввало, Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ва Ҳанафийлик мазҳабига оғишмай амал қилинганимиздагина мақсадга эришишимиз мумкин.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги ҳидоятдаги рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинглар ва унга тиш-тирноқларингиз билан ёпишинглар”, дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривояти).

Бир илмли кишидан: “Ҳажи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?” деб сўрашибди. У: “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин яхши томонга тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажи қабул бўлишига яхши гумондир”, деб жавоб берибди.

Шундай экан, ҳар бир ҳожи Ватанга қайтгач, нафақат яқинларига балки, мухлис халқимизга ўзларининг юриш-туриши, муомаласи билан бирга сарф-харажатда ҳам ибрат кўрсатишларини унутмаслигини Яратгандан сўраб қоламиз.

Мунира Абубакирова,

Хотин-қизлар масалалари бўйича

бўлимнинг  етакчи мутахассиси

 

Read 1262 times

Мақолалар

Top