Мақолалар

Пухталик – муҳаббатга сабаб

Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан бирингиз бирор ишга киришганида, уни пухта (камолига етказиб, сифатли қилиб) бажаришини яхши кўради” (Абу Яъло ривояти).

Аллоҳ таоло амалларни пухта бажарган бандаларини яхши кўриши билан бир қаторда уларни сифатга эътибор қаратишга, мукаммалликка ундайди. Жумладан, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг (Бақара сураси, 196-оят)

Бундан инсон ҳар бир ишни пухта бажариши, мукаммал адо этиши назарда тутилган. Чунки сифатда унум ва барака бор. Унда юксалиш ва ишонч бор.

Демак, ибодатимиз қабул, дуоларимиз мустажоб, касбу коримизда барака бўлиши учун ҳар биримиз ўз вазифамизни пухта ва сифатли қилиб бажариш бурчимиздир. Зеро, бу орқали биз Аллоҳнинг муҳаббатига, инсонларнинг ишончи, ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўламиз. Агар бу жиҳатга эътибор қаратмайдиган бўлсак, кўплаб кўнгилсизликларга дуч келишимиз турган гап. Масалан, илмни пухта эгалламай туриб, берилган жавоб ёки фатво катта муаммоларга сабаб бўлади. Ошпаз ўз ишини пухта бажармас экан, инсонларнинг соғлиги, ҳаёти хавф остида қолади. Йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўзлаштирмаган ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ўз ишини, вазифасини сидқидилдан, кам-кўстсиз, ҳалол бажармаган раҳбарнинг қўл остидаги кишилар ҳар томондан жабр кўриши табиий.

Хуллас, қайси касб ё соҳа эгаси бўлишидан қатъи назар, ҳар бир киши ўзининг ишини – ўзига юклатилган вазифани сифатли, тўла-тўкис, камолига етказиб бажариши вожибдир.

Шундай экан, ҳар биримиз танлаган касбимизни пухта эгаллайлик. Кимларнингдир саодати ёки фалокати, бахти ёки бахтсизлиги, ҳамжиҳатлиги ёки парокандалиги бизнинг қўлимизда эканини бирор лаҳза унутишга асло ҳақимиз йўқ!  

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ

“Мир Араб” ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси

Read 823 times

Мақолалар

Top