Мақолалар

ФАРОСАТ

                                                                                                             (воқе ҳикоя)

Мактабда дабдабабозлик авж олиб кетяпти деб ўқитувчиларга синфда янги йил байрами ўтказишга рухсат берилмади. Буни эшитган айрим ота-оналар: “Болам мактабда ўйнаб-кулмайдими”, деб  бурнини жийирди.

Ой охирлаб қолган кунлар эди. Биринчи синфда ўқийдиган Абдулбоситнинг дадасига устози қўнғироқ қилиб:

– Мактабда байрам қиляпмиз, келиб қатнашсангиз яхши бўлади, – деди.

– Қачон? – деб сўради дадаси ҳайрон бўлиб.

– Ҳозир бошланди, келаверинг, – деб гўшакни қўйди устоз.

Қизиқ-ку, совғага пул ҳам йиғилмаган эди, байрам қилса бирор кун олдин огоҳлантириб қўймайдими? деб ўйлади дадаси. Шу ўй билан синфга кириб борса, ота-оналар аллақачон келиб ўрнашиб олибди, ўйин-кулгу авжида. У ҳам аста бориб уларнинг сафига қўшилди. Янги йил “Алифбо” байрами баҳонасида ўтказилаётган экан. Ўқувчилар навбати билан бир ҳарфга мослаб шеър айтишди. Кейин уларга совға тарқатила бошланди. Уч-тўрт бола совға олгандан сўнг дадаси совғани ҳар бир боланинг онаси ўқитувчига тутқазаётганини сезиб қолди. Устоз эса онадан олган пакетни болага узатаётган эди. Буни кўриб дадаси нима қиларини билмай қолди – энди кеч эди...

Совға тарқатиш тугар-тугамас бирови баланд овозда мусиқа  қўйиб юборди. Абдулбосит ўша заҳоти даврага чиқиб рақсга туша кетди. Бола ҳаммадан кўп ўйнади. Унинг шу йўл билан изза бўлганини сездирмасликка ҳаракат қилаётгани ҳамда дадасини ноқулай аҳволдан чиқармоқчи бўлаётгани аён эди.

Бўлар иш бўлди. Дадаси эзгин кайфиятда боланинг устки кийимини елкасига илди. Бола эса уни чалғитиш учун нималарнидир тинмай гапирар эди. Кўчага чиққанларидан кейин Абдулбосит:

– Дадажон, бошқаларга совға берганини ойимга айтманг, хўпми? – деди.

Дадаси ўғлининг елкасидан қучиб:

– Хўп, – деди.

Кейин паст овозда, ўғлига эшиттирмасдан:

– Ўзи устозинг тарбияни сендан ўрганса бўлар экан, – деб қўйди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 7608 times

Мақолалар

Top