Мақолалар

Бойлик афзалми ё фақирлик?

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Кишилар фақирликнинг бойликдан афзал экани борасида ихтилоф қилишди. Баъзилар фақирликни, баъзилар бойликни яхши дейишди. Масалан, солих бой афзалми ё солиҳ фақир афзалми хусусидадир. Баъзилар солиҳ бой афзал деса, бошқалар солиҳ фақир афзал дейишади. Биз солиҳ фақирни афзал санаймиз”.

Бойликни афзал дейдиганлар бу ояти каримани ҳужжат қилишади: «Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!» (Зуҳо сураси, 8-оят). Ояти каримада Пайғамбарига бойлик лутф-марҳамат ўлароқ зикр этилган. Агар бойлик яхши бўлмаганида, Аллоҳ таоло уни  бу ўринда зикр қилмаган бўлар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бойлик тақво билан нақадар гўзалдир”, “Яхши мулк яхши киши учун нақадар ярашиқлидир!” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Улуғлар айтишган: “Мол-мулк ғурбатда ватан, фақирлик ватанда ғурбат. Ким фақирлик кўрпасига ўранса, қаерда бўлса ҳам ғарибдир”.

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: “Агар давлатманд киши тақво соҳиби бўлса, Аллоҳ унинг мукофотини икки ҳисса қилиб беради”, деди ва ушбу оятни ўқиди: «На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчидир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар – айнан ўшаларгагина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бордир ва улар (жаннатдаги) кўшклар узра осойишталикда бўлурлар» (Сабаъ сураси, 37-оят).

Бу ояти каримадан аёнки, имон келтирган ва эзгу ишларни қилиб ўтганлар ва ўз бойликларини Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида сарфлаган, фарзандларига яхши тарбия бериб, дину диёнат, илму маърифат соҳиблари бўлишига моддий ва маънавий жиҳатдан жидду жаҳд қилганларга Аллоҳ таоло ажрларини кўпайтириб берар экан.

Фақирлик афзал, деганларнинг ҳужжати бундай:

«Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир» (Алақ сураси, 6–7-оятлар). Яъни, бойлик кишининг ҳаддидан ошишига сабаб бўлади.

Исо алайҳиссалом бундай деган: “Фақирлик дунёда машаққат, охиратда қувончдир. Бойлик дунёда қувонч, охиратда машаққатдир”.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, мени фақир ҳолда яшат ва шу ҳолда жонимни ол. Қиёмат кунида йўқсиллар билан бирга жамла”, дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо: “Нега, ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Шунда у зот: “Чунки фақирлар бойлардан қирқ йил илгари жаннатга киришади. Эй Ойша! Йўқсил сўраб келса, яримта хурмо бериб бўлса ҳам, унинг қўлини бўш қайтарма. Эй Ойша! Йўқсилларни яхши кўр, уларга яқин бўл. Аллоҳ қиёматда сени жаннатга яқин қилади”, дедилар» (Имом Термизий. “Зуҳд”).

Фақиҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Фақирлик бойликдан афзалдир. Аммо бой бўлиш ҳам айб эмас. Кузатсангиз, улуғ саҳобалар орасида ҳам бойлар бўлган. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бойликларидан воз кечишни буюрмадилар. Агар бой бўлиш ёмон бўлганида, уларни бой-бадавлат бўлишдан қайтарган бўлар эдилар. Демак, айб бойликда эмас, бой бўлгач, Аллоҳ таолонинг амирларига зид иш қилишдадир”.

 Абу Лайс Самарқандийнинг

“Бўстонул орифин” асаридан

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

таржимаси

Read 1246 times

Мақолалар

Top