Мақолалар

Разолатга етакловчи иллат

Ёмонликдан қайтариш

Ислом дини таълимотида нимаики яхши, деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаики ёмон, деб қайтарилган бўлса, ўша нарса ёмондир. Зотан, шариатимизда инсонга зарар етказувчи ҳамма нарса ман этилган. Шулардан бири гиёҳвандлик балосидир.

Аъроф сураси 157-оятда: “...У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир”.

Гиёҳвандликка ружу қўйишлик, аслида, Аллоҳ ва Унинг Расули амрига бўйинсунмасликдан келиб чиқади. Шу маънода, руҳий тарбия ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Оила, маҳалла ҳамда таълим масканларида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зеро, фарзанд тарбияси ниҳол кабидирки, қандай ўсса, шундай бўй кўрсатади.

Инсоннинг ақлини кетказувчи, баданни бўшаштирувчи, сусайтирувчи ҳамма нарса динимизда ҳаром қилинган. Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсалар (истеъмол қилиш)дан қайтардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).

Афсуски, бугунги кунда айрим ёшлар “Трамадол”, “Лирика” каби психотроп дори воситалари истеъмолига ружу қўйишмоқда. Бу дори воситалари гиёҳванд моддалари каби маст қилиш, ақлини йўқотиш сингари хусусиятларга эга. Зотан, динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган.

Бундан ташқари, баъзи ўсмирлар чилим чекишни ҳам ўзларига одат қилишмоқда. Чилим инсон саломатлигига зарар келтириши тиббиётда исботланган.

Аллома ибн Ҳожар Маккийнинг “Фатавои кабир” китобида: “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.

Шунинг билан бирга бу каби зарарли иллатлар инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди.

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ҳамда фарзандларимизни асраб-авайлаш барчамизнинг инсонийлик бурчимиз.

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани Имом Султон жоме масжиди имом-хатиби

Read 1054 times

Мақолалар

Top