Мақолалар

Халққа хизмат – буюк шараф

Халқимизнинг беқиёс фазилатлари кўп. Айниқса, бир-биримизнинг коримизга яраб, тўйда ҳам, азада ҳам елкадош бўлишимиз қандай ажойиб! Маҳаллада нуроний отахону онахонлардан хабар олиб, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзамиз. Ёшлар тарбиясида ҳамма бирдек жон куйдиради. Бирор оилада нотинчлик бўлса, ўша оила аъзоларини муросага келтириш учун маҳалла фаоллари ҳам ҳаракат қиладилар. Маҳаллада иссиқ нони-ю бир коса овқатини қўшнисига илинмаган хонадон йўқ. Бу фазилатлар юртимизда, ҳар бир оилада одатга айланиб кетган. Чунки бу мерос ота-боболаримиздан қолган қадриятлардир.

Ана шу танти хислатларимиз бу сафарги йил номида ҳам акс этгани қувонарли. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинганидан юртдошларимиз беҳад мамнун бўлди.

Инсонларга манфаат етказиш нафақат жамиятда эҳтиромга сазовор қилади, балки кўпдан-кўп савобларга ҳам ноил этади. Инсонпарвар ва эзгулик дини – ислом таълимотида атрофдагиларга яхшилик қилиш, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзишга чорланади. Бу ҳақда оят ва ҳадисларда тавсиялар келган. Жумладан, Бақара сурасининг 148-оятида Аллоҳ таоло: “Бас, хайрли ишларда узиб кетингиз!”, дея марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифларида эса: "Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп нафи тегувчи инсондир", дея марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти). Инсонларга яхшилик қилиш шу даражада улуғ эканки, унинг даражаси Аллоҳга суюкли бўлиш экан.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида бугун инсонларнинг дардини тинглаб, муаммолари бартараф этилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу эса юртимизда инсон қадри улуғлигидан даракдир. Таъкидлаш жоизки, ана шу жараёнда ташкилот бўладими ёки корхона – ҳар бир инсон ўз вазифасини сидқидилдан, юракдан адо этиш ҳам фазилатдир. Зотан, юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга ҳар биримиз жонкуярлик билан ҳисса қўшмоғимиз ҳам  фазилатдир.

Оллоёр ЮСУПОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

Read 4446 times

Мақолалар

Top