Мақолалар

Имтиҳоннинг зўри

“...Кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар(Нур сураси, 37-оят).

Бойлик ва камбағаллик дунё дарсхонасида бўладиган имтиҳонларнинг энг қийини. Айниқса, бойлик эгаси бўлиш қаттиқ синов. Зеро пулни мақсадли ишлата олиш ҳам маънавий юксалган инсоннинг қўлидан келади. Кўп инсонлар бойлигимни ундоқ ишлатдим, бундоқ сарфладим дейишади. Аслида эса бойлик уларнинг асл қимматли нарсаларини – вақтларини, соғликларини “олиб қўяди”.

Бугун моддий бойлик жамиятнинг ҳар бир аъзосига таъсир ўтказмоқда. Аслида шу сабабли ҳам инсон пулнинг, бойликнинг маҳкуми эмас, соҳиби бўлиши лозим. Бу мартабага ҳам ҳар нарсанинг энг чиройли даъвосини топгувчи зот Аллоҳнинг амрига бўйин эгиш орқали эришиш мумкин.

Бунинг энг гўзал намунасини пайғамбарлар, авлиёлар, асҳоби киромлар ҳаётидан топамиз. Улар молу дунёни Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги бир восита сифатида кўрардилар. Сулаймон алайҳиссаломдан бойроқ бир инсон дунёга келмаган. Фақат у зот ҳеч бир замон қалбига дунё молига муҳаббатни киргизмади.

Бунинг акси бўлган ҳоллар – қалбни дунё ҳирсининг забт этиши инсоннинг оқибатини йўққа чиқаради.

Мўмин банда дунё билан машғул бўлиши эмас, уни Аллоҳга бандалик қилишда парда қилиши керак. Бу йўлдаги хато эса, бир восита бўлиши лозим бўлган дунёни ҳаётнинг асосий ғояси ҳолига келтириб олишидир.

Динимизда инсоннинг бой бўлишига асло таъқиқи йўқ. Зеро, Исломда иймонининг дунёдаги беш асосидаги ҳаж ва закот арконлари ҳам айнан бой инсонларга тааллуқли. Яна бу барча бандаларга ҳалол йўл билан бойлик орттиришга бир рағбатдир.

Мўминнинг мол-дунёдан зуҳд қилиши, унинг энг гўзал хулқидан дарак. Унга хирс қўймаслиги эса ҳар кишининг  муҳим вазифасидир.

Атира РАҲМОНОВА,

Марҳамат тумани

Read 1116 times

Мақолалар

Top