Мақолалар

Уйга киришда бажариладиган суннатлар
  1. “Бисмиллоҳ” ни айтиш.
  1. Аллоҳни зикр қилиш.
  1. Салом бериш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қачонки киши уйига кирса, киришида ҳам, таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар кирганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойларингизни топдингиз», дейди. Таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди» (Имом Бухорий ривояти).

  1. Кириш дуосини айтиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Киши уйига кирганда: “Аллоҳумма! Иннии ас-алука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи. Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъалаллоҳи роббинаа таваккалнаа” (Аллоҳим! Мен сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик), десин ва аҳлига салом берсин» (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу дуо бандага киришидаю чиқишида Аллоҳга таваккал қилишни, доимо Аллоҳга боғланиб туришни эслатади.

Уйга киришда салом беришга Аллоҳ таоло амр қилган: “Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)(Нур сураси, 61-оят).

  1. Оғизни мисвок билан тозалаш.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок тутар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1187 times

Мақолалар

Top