Мақолалар

Хожа Аҳрор Валий Чоғаниёнда
Ўзбекистоннинг жанубий ҳудуди ҳисобланган Сурхондарё жаҳон цивилизациясига қўшган ўзининг муносиб ҳиссаси, буюк алломалар, адиблари билан жаҳонга танилган. Уларнинг номларини абадийлаштириш, абадий қўним топган жойларни обод қилиш ва зиёратгоҳга айлантириш келажак авлоднинг муқаддас бурчи саналади.

Мамлакатимиз тарихшунослигида мукаммал ўрганилган олим-шоирлар, давлат ва дин арбоблари Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Суфи Оллоёр ва бошқа забардаст ижодкорлар қаторида Хўжа Аҳрор Валий ҳаёти ва фаолияти ҳам тарихий манбаларда акс этган.  

Хожа Аҳрор ҳаётининг 1480-1490 йиллардаги фаолияти ҳақида унинг энг яқин сафдоши Муҳаммад Қози Шошийнинг аллома ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Силсилат ул орифин ва тазкират ус сиддиқин” асарида келтирилишича, у 806 ҳижрий йилнинг рамазон ойида, яъни 1404 милодий йилнинг март ойида Шош (ҳозирги Тошкент) шаҳрида дунёга келган. Унинг бобокалони Муҳаммад Боғдодий Х асрда Абубакр Қаффол Шошийнинг шуҳратини эшитиб, Боғдоддан шошга келиб, шу ерда турғун бўлиб қолган. Хожа Аҳрор она томонидан Муҳаммад пайғамбар авлодларига бориб тақалади. Унинг она томонидан бобоси Шайх Хованди Тоҳур (Шайхонтоҳур)дир. Муҳаммад Қозининг юқоридаги асарида ва тарихчи олим Бўрибой Аҳмедовнинг “Амир Темур” номли тарихий романида таъкидланишича, Шайх Хованди Тоҳур насаби жиҳатидан асли Термиз саййидларидан бўлиб, “Хованд” сўзи Термиз саййидларининг насли унвони “Худованд” сўзининг қисқартирилган шаклидир. Хожа Аҳрорнинг онаси 1359 йилда Тошкентда вафот этган Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғли-Хўжа Довутнинг қизидир.  

Хожа Аҳрор дастлаб Тошкентда, сўнгра эса тоғаси Ҳожи Иброҳим билан Самарқандга келиб, бу ердаги мадрасада бирмунча вақт таҳсил олди. Аммо ўқишини давом эттиришга соғлиги имкон бермай, мустақил таҳсил олишга ўтиб, Тошкентга қайтди.  

Хожа Аҳрорнинг она томонидан катта бобоси шайх Умар Боғистони улуғ авлиё, аллома Баҳовуддин Нақшбанднинг ҳурмат эҳтиромига сазовор бўлганди. У ўғли, Шайх Хованди Тоҳурга “Тоҳур, мулла бўлма, шайх бўлма, сўфи бўлма, мусулмон бўл!”деган экан. Хўш, бунда қандай ҳикмат бор? Мулло, сўфи, шайх мусулмон эмасми? Унда мусулмон ким? Хожа Убайдуллога ана шу муаммонинг ечими тинчлик бермайди. У бу ҳикмат мағизини чақиш, ўзига маънавий раҳнамо-пирни топиш умидида 1428 йилда Ҳиротга йўл олди. Бу ерда 5 йил бўлиб етук шахслар Баҳовуддин Умар ва Зайниддин Хавофий суҳбатларида қатнашади. Улардан шайх Баҳовуддин Умарга кўпроқ мурожаат қиларди. Чунки шайх ўзининг камтарлиги, халқ билан самимий мулоқоти билан ажралиб турарди.  

1432 йилда у Чоғаниёнга келди. Чунки, ХIV аср охири ва ХV асрда Чағониён Нақшбандия тариқатининг марказларидан бири бўлиб, у ерда Баҳоуддин Нақшбанд вафот этгандан кейин унинг биринчи халифаси Алоуддин Аттор Деновга кўчиб келиб, фаолият кўрсатаётган эди. У Чоғаниёнда Нақшбандия тариқатини тарғиб қилди. Нақшбандия таълимоти хусусидаги бир қанча китоблар Алоуддин Аттор раҳнамолигида ёзилди. Жумладан, Баҳоуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси Хожа Муҳаммад Порсо (1348-1420) “Мақомати шайх Алоуддин Аттор” рисоласини ёзди. У “Рисолаи Қудсия” номли асарда бу китобни ҳам бевосита Хожа Алоуддин Аттор таклифи билан ёзишга киришганини айтди.  

Хожа Алоуддин Атторнинг фарзандлари Ҳасан ибн Алоуддин Аттор ҳам оталари каби кучли жазб қувватига эга бўлган. Ҳасан Аттор Ҳиротга борганида, Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ шайхни шахсан кутиб олиб, бедов от совға қилади, улар отга минаётганда, от жиловини ўзи тутиб турди. Алишер Навоий ташаббуси билан Нақшбандия тариқати улуғларининг мактубларидан тузилган “Мажмуаи мурсолот” (“Хатлар мажмуи”)да Хожа Аҳрор Валининг мактублари билан бир қаторда Алоуддин Атторнинг набираси-Хожа Муҳаммад ибн Ҳасаннинг ҳам 3 хати киритилганлиги диққатга сазовор.  

Хожа Убайдулло Чағониёнга келиб, Ёқуб Чархидан Нақшбандия тариқати асосларини ўрганди. Шайхнинг “Махтасар дарбаёнисилсилаи нақшбандия” номли асарини мутолаа қилди. Хожа Аҳрор мавлоно Ёқуб Чархи сиймосида ўзи интилган маънавий пирини кўриб, уни муршид сифатида тан олди. Таъкидлаш жоизки, кейинроқ, яъни, 1451-1452 йилларда Самарқандга бутунлай кўчиб келган Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаёт дастури ана шу таълимот асосида тузилди. У буни қуйидагича ифодалаган эди: “Агар биз шайхликни бўйнимизга олсак эди, унда биронта шайх мурид топа олмасди. Аммо бизга бошқа масъулият, яъни мусулмонларни золимлар зулмидан ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган. Ана шуни амалга ошириш ва мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида подшоҳлар билан мулоқотда бўлиб туриш, уларнинг ишончини қозониш лозим. Агар машойихлар ўз вақтларини аяб, бу ишга эътибор қилмаган бўлсалар, биз фуқаро учун вақтимизни аямаймиз”.  

Демак, Хожа Аҳрор Нақшбандия тарафдорларининг, одамларга ижтимоий жиҳатдан фойдали инсон бўлиши ҳақиқий мусулмончилик ва гўзал ахлоқдир, деган ақидаларни ўз ҳаётининг асосий мазмуни, деб билади.  

Тоштемир Турдиев,
Республика маънавият ва маърифат маркази
Денов туман бўлими раҳбари

Read 1260 times

Мақолалар

Top