Мақолалар

Салом берилмайдиган ва алик олинмайдиган ҳолатларни биласизми?

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга бавл (пешоб) қилаётганларида салом берди. У зот алик олмадилар” (Имом Термизий ривояти).

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳожат ушатаётган пайтлари зикр ўрни бўлмагани учун алик олмадилар. Зеро, алик ҳам зикр, ҳам муборак каломдир. Салом орқали тинчлик, саломатлик, сакинат, раҳмат ва Аллоҳнинг баракаси сўралади. Салом бераётган кишимизга ана шуларни тилаётган бўламиз. Лекин шундай ўринлар борки, бу ўринларда салом бериш, ноўрин ёки беҳуда ёхуд Аллоҳ хушламайдиган ишларни қилаётганларга Аллоҳнинг саломи, раҳмати сўралаётган, гуноҳ иш устида турганга мувофиқдек бўлиб қолинади.

Ибн Обидийн “Роддул мухтор” китобларида салом бериб бўлмайдиган ўринларни санаб ўтганлар:

– Қандай кўринишдан қатъий назар Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган инсонга;
– Ҳадис илми билан шуғулланаётган одамга;
– Фиқҳ такрор қилаётганга;
– Дарс бериб турган мударрисга;
– Устози ҳузурида фиқҳ топшираётган кишига;
– Ҳожатга ўтирган одамга;
– Ваъз-насиҳат қилаётган кишининг суҳбатига одамлар қулоқ солиб турган пайтда маърузачига;
– Бегона ёш қизларга;
– Аврати очиқ кимсага;
– Қимор ўйнаб ўтирган кимсага;
– Маст қилувчи ичимликлар ичаётганга;
– Одамларни ғийбат қилиб турган ғийбатчига;
– Кабутарвозга кабутар учираётганда;
– Қўшиқ куйлаб турганга;
– Шариатда қораланган ва маън қилинган барча ишлар асносида;
– Аҳлига яқин ҳолатда ва унга киришиш асносида бўлган одамга;
Кофирга (агар кофирда мусулмоннинг иши, ҳожати бўлса майли)

Шайх Ар-Роҳматий қўшимча қилиб айтадилар: “Салом зиндиқ (кофир), аскиябоз, беҳуда гаплар гапирадиган, ёлғончи қарияга, бозорларда ёш қизларга атайин қараб турган кишига, имом ва аҳли илмларни сўкадиган, ҳақоратлайдиган кимсага, масжидда намозни кутиб ўтирган ҳам тасбиҳ қилаётган одамга ҳам салом берилмайди”.

Қуйидаги ўринларда саломга алик олиш ҳам шарт бўлмайди:

– Намоз ўқиётган;
– Нарса еб-ичаётган;
– Қуръон тиловат қилиб турган;
– Дуо;
– Зикр;
– Хутба қилаётган;
– Талбия айтаётган;
– Азон ва иқома айтаётган;
– Ҳукм қилишга ўтирган;
– Ҳаммомда;
– Қазои ҳожатда бўлган;
– Яқинлик пайтида бўлганлар – алик олишлари вожиб эмас;
– Ёш қизлар, фитна бўлишидан қўрқилган аёлларнинг саломига;
– Маст одамнинг саломига;
– Фосиқнинг саломига;
– Уйқуда, мудроқда салом берганга алик олиш ҳам шарт эмас.

Динимиз таниган ва танимаганга салом беришга ва унга алик олишга чақирган, лекин юқорида санаган баъзи ҳолатларимиз салом бериш ва унга алик олишга номуносиб ўринлар бўлгани учун ҳам шарт қилинмаган.

Бу билан ҳалиги одамга қўполлик қилиш, қаршимиздаги инсонни беҳурматлаш; кимнидир яхши-ёмонга чиқариш эмас, аксинча, қилаётган иши яхши эмаслиги эътиборидандир, албатта!

Саломга нолойиқ кимса бўлиб қолишдан Аллоҳ сақласин! 

Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Н.Саидакбарова

Read 1373 times

Мақолалар

Top