Мақолалар

Ҳаёт – кураш майдони

Аждодларимиз инсон хулқида юксак фазилатлар шаклланишига ундовчи ички бир туртки, маънавий интилиш бўлмас экан, у асло камолотга эриша олмайди деб билганлар. Шундай зотлардан бири Абдурауф Фитрат фарзандни тўлақонли камол топтириш масаласида кенг билим соҳиби бўлган. Ҳар жиҳатдан баркамол инсоннинг учта фазилати бўлади: Улар: жисмоний соғлиқ, ақлий етуклик ва маънавий баркамоллик. Агар инсонда шу сифатлардан бирортаси бўлмаса, у том маънода баркамол шахс бўлолмайди. Фитрат тарбияни уч қисмга бўлган:

бадан тарбияси;

ақл тарбияси;

ахлоқий тарбия.

У умуман, авлод тарбияси хусусида қалам тебратар экан, ҳаётни кураш майдонига ўхшатиб, “Бу жанггоҳда ўзида тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқни мужассамлаштирган инсонлар ғолибликка эришади”, дейди. Унинг фикрича, фарзандининг бахтли бўлишини истаган ота-она уни мустақил ҳаётга тайёрлашда учта аслаҳа билан қуроллантириб қўйиши керак.

Фитрат бадан соғлиги билан ақлнинг такомиллашуви ўртасида узвий боғлиқлик бор деб ҳисоблайди. Зеро, соғлом ва ақли расо инсон, шубҳасиз касалманд ва ақли ноқис одамга нисбатан ўз юрти тараққиётига кўпроқ ҳисса қўшади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фитрат баркамол авлодни етиштиришда онанинг ўрни беқиёслигини шундай изоҳлайди: “Аёл – эрнинг завжаси, уй идорачиси ва болалар тарбиячиси бўлиб, фарзандни меҳр билан ўстириш мажбуриятининг бир қисми унинг бўйнига тушади. Бола тўққиз ой она қорнида тарбия топади, бинобарин, онага теккан ҳар хил беморликларга у ҳам ҳиссаманд бўлади. Ҳомила дунёга келгач, гўдак парвариши уларнинг сутлари орқали бўлади, шунинг учун улар соғлиқларини авайлаб, турли касалликлардан узоқда бўлиб юрсинларки, токи ўша касалликларнинг уруғи сут орқали маъсум гўдакларга ўтиб, уларнинг соғлигига ҳам хатар солмасин...”

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида Фитратнинг баркамол авлод хусусидаги фикрларини давом эттириб шундай деган эди: “Бизнинг улуғ аждодларимиз ўз даврида комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанликларини эслаш ўринли”. Машойихлар  “Кўнгил боғининг меваси фарзанд эрур”, деганлар. Бу мева қанчалар бенуқсон бўлса, кўнгил шунчалар хотиржам. Бу хотиржамлик эса инсонни улуғ мақсадлар, эзгу амаллар сари етаклайди.

Нуринисо НОРҚЎЗИЕВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

 

Read 4851 times

Мақолалар

Top